Тарихи жаҳоннамойи (2-қисм)

Тарихи жаҳоннамойи (2-қисм)
124 views
28 November 2019 - 18:37

ЎРУС КОФИРЛАРГА ҚАРШИ ИККИНЧИ ЮРИШГА СОҲИБҚИРОННИНГ ФАРМОН (БЕРИШИ) ВА ИҚОН МАВЗЕИГА КЕЛИБ КУФФОР БИЛАН ҚИЛҒОН УРУШИ ҲАҚИДА

Жаноб соҳибқирон (Султон Саид хон) давлати азмга (Хўқандга) қайтдилар. Шум кофирлар маҳзул ва марҳум бўлиб Авлиёотага келдилар. Бир неча кун осотишталик билан ҳарб олт-асбобини янгитдан тахлаб, вақтни ғанимат билиб яна Чимкент иродасини қилиб, Чимкент қалъасига яқинлашиб қолдилар.

Кофирларнинг дабдабали тарзда келаётгани ҳақида хабар Мирзо Аҳмад қушбегига маълум бўлди. Мирзо Аҳмад — зоғ каклик рафторига тақлид қилиб, эртаси беҳисоб лашкар ила кофирларнинг йўлини Садди Искандардек олиш учун Чимкент қалъасидан хиромон чиқди… (Улар) тез кофирларнинг маконига келиб, рақибга қарши муқобил сафландилар. Кофирлар бундан хабар топди, аммо улар шуни биладиларки, нобакор Мирзо Аҳмад қушбеги курашига бел боғлаган бўлса ҳам аслида у хўроз эмас, макиёнидир. Кофирларнинг ғайрати қайнаб, хавфли ва хатарли аҳволда ўзларини йўқотмасдан тўпу туфанглари ила урушга киришдилар.

Икки томон ҳам саъйи ҳаракат ила камоли паҳлавонлик кўрсатиб, сабту қарор қадамини босиб, бир-бирлари билан жанг қилдилар. Оқибатда худа амри ила кофирларнинг қўли баланд келди ва мусулмонлар орқага чекинишга мажбур бўлиб, Чимкент сари йўл олдилар.

Мирзо Аҳмад шу ернинг сипоҳсолари бўлатуриб, журъатсизлик ва қўрқоқлик қилди. Чимкент қалъасида паноҳ топмай, Тошкандга қайтди.

Пиёда ислом аскарлари имкон қадар кофирларга қарши курашиб, муросизликдан тушкунликка тушган ҳолда нобакорлар ўқидан ҳалок бўлавердилар. Улар (ўруслар) 1281 йил жимод ул-аввал ойининг учинчисида, сешанба куни Чимкент қалъасига кириб, беҳисоб бедодлик ва ёвузликни мусулмон аҳлига раво кўрдиларким, бу ишларга ақл бовар қилмайди.

Баъзи шоҳидларнинг гувоҳлигига қараганда, ўруслар урушдан сўнг шаҳид бўлган мусулмонларнинг жасадларини санаб чиққан эканлар. Айтишларича, каттаю кичик, эркак ва аёллардан 1376 киши мақтул бўлган. Сипоҳнинг ҳамма асбоб-аслаҳаси, бир қанча ғалла тўла омбор кофирлар қўлига ўтди. Яна улар вақтни бой бермай, қочоқларни таъқиб этиб, Тошканд вилоятига етиб келиб, Тошканд қалъасини қамал қилишди. Бир неча кун дам олишгандан сўнг шаҳарга яқинлашиб, шундай ёвуз босқинчилик қилишдики, одамзод ақли кофирларнинг бундай журъатига ҳайрон қолди.
Баъзи қўрқоқлар қочиб қолдилар, шижоатли кишилар эса ҳозиру нозир бўлиб, кофирларнинг бошига тўпу туфанглардан жаладек ўқ ёғдирдилар ва аскар кофирларни ер билан яксон қилиб, минг азобу машаққат ила ўз қўшларига қайтдилар.

Шу воқеалар ичида жаноби соҳибқироннинг келиш хабари маълум бўлди. Кофирлар (ўз жойларига) қайтиб кетишди. Тошкандликлар бу фатҳу зафарни эшитиб, жаноби соҳибқиронга беҳисоб лашкар билан бир неча кофирнинг бошини ҳадя ва совға сифатида жўнатдилар. 19-жумодул-аввал, чаҳоршанба кунида бу башоратли хабар ул хосиятсиз бошлар билан бирга Хўқанди латифга келди.

Кабиру сағир, фуқаролар бир неча кун хурсандчилик қилдилар. Кетма-кет келаётган совуқ хабарларни эшитиб тоқати тоқ бўлган соҳибқирон вилоятнинг ҳар томонига мағруб номалар юбориб, ўзи бир неча киши билан ўн тўртинчи жумод-ул-аввал куни тезда Тошкандга етиб келди. Кофирларнинг кетганини билиб, Тошкандни ўзига маскан қилди. Қўшин аҳли ҳам бирма-бир соҳибқирон ҳузурига келиб қўшилдилар. Кофирлар соҳибқирондан қўрқиб, Чимкент қалъасига кириб яшириндилар.

Шундай қилиб, қиш ҳам кирди. Кундан кунга ҳаво совиб, қору ёмғир ёғиб, ер яхлаб, қорнинг баландлиги оту туянинг кўкрагига тегадиган бўлди. “Туф десангиз музлайдиган” ҳавода жаноб соҳибқироннинг ғайрати тушиб, лашкар сафидан 12 минг ёш йигитни танлаб, уларга Мулла Алимқулни сардор қилди ва ражаб ойининг ўн тўртинчиси, душанба кунида Туркистонга кофирларга қарши жангга боришларини буюрди.

Шу вақт ҳавонинг совуқлигидан ҳис ва ҳаракат руҳи бадандан соқит бўлиб, нафас танадан худди пўст ташлайдиган илонга ўхшаб зўрға чиқарди. Айниқса, Тошканддан чиқиб Қайрағоч мавзеига етиб келган кун тунда шундай шамол кўтарилдики, Од қавмини йўқ қиладиган тўфинга ўхшарди… (Мусулмонлар)дан бир неча нафарининг оёқ-қўлини совуқ урди, баъзиларни юзлари, кўзлари музлади, баъзи кишилар эса ақлдан озиб сафдан чиқдилар. Бир ғаройиб аҳвол юз берди. Лашкар тез суръатлар билан ҳаракат қилиб Чулек мавзеига келди. Одамлар манзил қилган шу жойда кофирлар ҳам кичик қўрғон бино этиб, бир даста сарбозларини ҳимоя учун қолдирган эканлар. Шу қавмдан қарийб 50 кишини ўлдириб, хотирларни тоза ва мусаффо қилиб, Иқон қалъаси олдида қўш урдилар. Чун зим-зиё тун қоп-қора мағрибга ғарқ бўлди ва зарнигор офтоб малики жаббор амри ила машриқдан чиқди, қалъада ғафлат уйқусида қолган одамлар деворлардан қараб, истироҳат қилаётган бир олам нусратасар аскарларни кўрдилар. Улар вазият қанчалик оғирлигини билиб, душманни ушлашдан бошқа чора йўқлигини фаҳмладилар. Қалъадагилар бир неча хиёнаткорни боғлаб, узур сўратиш учун жаноби султон Саид хон хизматига (ҳузурига) олиб келдилар. Уларнинг ҳар бири ўз қилмишларига яраша хоқон марҳаматига сазовор бўлди. Жаноби олий фармойишлар ила бандиларнинг аксариятини асфоли жаҳаннамга жўнатиб, шу куни дам олмоққа азм этти…

Намози аср ва шом вақти орасида кетма-кет шундай хабар келдиким, бир неча юз ўрус кофирлари дабдаба билан яқинлашиб келмоқдалар. Бу хабарни эшитиб, соҳибқироннинг ғафлат уйқуси бошидан учди. Мардлик ғайрати унинг ҳамма паю суякларида ҳаракатга келиб, аҳли лашкарини қуроллантириб, кофирлар йўлини тўсиш учун жўнатди. Сарбозлар душман йўлини ҳар томонлама босиб олдилар. Қору муз отларнинг кўкрагига тегар, ҳаво совуқлиги эса ифрот ҳаддига етарди. Шу кечани сарбозлар от устида ўтказдилар, уларнинг кўпчилигини совуқ урди. Кофирлар эса ўзлари ковлаган хандақларга кириб, юз минг ранжу азоб ила кечани кундуз қилдилар.

Қуёш малики фарҳанг амри ила машриқдан бош чиқариб, қоронғу зулматни ёрутди. Ислом лашкарининг ғозийлари тўрт томондан кофирларга қарата ўқ ёмғирини ёғдирдилар. Ёш паҳлавон йигитлар отларга миниб, ҳар тарафга чопиб кетдилар, кофирлар эса ваҳимага тушиб, уларни ўзларига яқин йўлатмасдилар, шундай қилиб кечгача жанг қилсалар-да, ҳеч бир натижага эришолмадилар. Кофирлар тоғдек мустаҳкам эдилар. Ақлли одамлар ўз расму ойинларига қараб, маслаҳат қилиб, ҳийла йўлини туттилар. Улар бир кеча-кундуздан кейин ҳар хил нарсалар — намат, дарахт шохлари, қору муздан қорабуйра ясаб, уни олдиларига қўйиб, юмалатиб кофирлар мавзеига яқинлашдилар. Уларнинг орқасидан паналап келган навкарлар тўсатдан душманга ҳужум қилиб, кофирларни паришон ҳолида нобуд этдилар…

Баттоллардан ўттиз-қирқ киши от ва туяларга миниб, Туркистон сари қочишга тушди. Мард сарбозлар бундан хабардор бўлиб, уларга етиб олиб, ақлсиз кофирларни милтиқ билан отиб ўлдиришди. Минг хил ҳийла ва найранг билан шу қавмдан 3-4 нафари қутулиб, Туркистон қалъасига етиб бордилар. Соҳибқирон (Султон Саид хон)нинг келиши ул разил қавмга маълум ва ошкор бўлди. Туркистон қалъасининг дарвозасини уч кун очмасдан улар кечаю кундуз ҳозир ва нозир турдилар.

Жаноби соҳибқирон фатҳу зафардан кейин Туркистон қалъасига назар ташламасдан, ўлжага тушган қанча нарса, тўпу туфангни олиб, мол, оту туяларни ҳайдаб келиб, саодатмандлик билан подшоҳлик тахтига ўлтириб, қарор ва осойиш топти. Агар у Туркистон қалъасига (яна юриш қилиб) борса эди, куффор ва ислом диёрининг ўртасида яна қирғин ва вайронагарчилик юз берарди.

Қарийб олти ой пойтахтда туриб, вилоятнинг ҳар чеккасидан нодир монийсират ҳунарманд усталарни чиқариб, кечаю кундуз найзаю тиғ ва бошқа уруш аслаҳалари ясалди. Тез орада 70-80 тўпи жангий муҳайё қилинди, бир неча минг саккиз — ўн қарич келадиган султоний милтиқ ҳам ясалди. Қурол-яроғларнинг адади аҳли ҳисобга ҳам маълум бўлмади. Шундай куч-қудрат билан душманга қарши боришга қарор қилинди. Ниҳоят,ўн иккикчи зу-л-ҳижжа ойида кофирларнинг Ниёзбек қалъасини олганлиги тўғрисида хабари ҳамма жойга тарқалди. Бу воқеанинг баёни шундай. Шанба куни тунда (ўруслар) ўғридек қалъа деворларидан чиқиб, тўпу туфангларидан созу наво чиқариб, ғафлатда ётганлатни уйғотдилар. Тун зим-зиё бўлгани учун кулфазада кишилар бу даҳшатли воқеадан хабар топиб, баъзилари ўзларини дарёга, баъзилари қалъа деворидан пастга ташладилар, кўплари кофирларга аср тушдилар.

Эртасига ранго-ранг қуёш Оллоҳ амри ила осмон даричасидан чиқариб, атрофни соф ва нуроний қилди. Ҳар тарафга паришон аҳволда тарқалган сарбозлар 19-зу-л-ҳижжа, якшанба куни бу хабарни Хўқандга етказдилар.

Замона умаролари ва фуқаронинг катта-кичиги бу даҳшатли воқеадан хотиралари паришон бўлди. Мазкур ойининг йигирманчисида жаноби Султон Саид хон суръат ила Тошкандга йўл олишга фармон берди. (Хўқандликлар) чаҳоршанба кунида Тўйтепага етиб келдилар ва бир шу ерда дам олиб, орқадан келаётган лашкарни кутдилар. Жума куни лашкар ила Фарак, ҳозир Чирчиқ номи билан машҳур, дарёсидан ўтиб, ўйламасдан душман сари йўл олдилар…

Аҳли куффор мусулмонларнинг ҳиммат ва ғайрат билан келаёнганини эшитди, исломнинг шукуҳи кофирлар қалбини босди. Улар ўз жойларидан кўчиб, бир манзил орқага Шўртепа мавзеига келиб, ўзларига қароргиҳ қурдилар.

Жаноби хон амирлашкари билан бирга келиб, Мингўрик манзилида нузул қилди. Кечани истироҳатда ўтказиб, эртаси шанба куни Ховари аъзам (қуёш) малики фарҳанг амири ила машриқдан урушни ният қилиб бош чиқарганиданоқ жаноби шоҳ нусратпаноҳ лашкари билан дабдаба-ю шавкат ила Шўртепага яқин келдилар. Улар узоққа отадиган тўпу тўпхона, саккиз-ўн қарич келадиган қора қўндоқли милтиқларни олиб, шарҳи йўқ салтанат ила султоний кўсларни чалиб, кофирлар томон йўлга тушдилар…

Мулла Алимқул амир лашкар Султон Саид хон фотиҳасини олиб, душман ёқасини маҳкам тутиб жангга киришди. Филни йиқитадиган шергир диловарлар душманга қарши баҳри Хазарга ўхшаб мавж уруб, фитна ва ошўбга азм қилдилар. Эртадан кечгача ул номсизлар билан урушиб, дарё мавжидек ғалаён кўтардилар. Кеч кирди ва кофирлар қайтиш учун ноғора чалиб, бахллар қабридан ҳам тор бўлган бир чуқур жойга (окопларга — Ш. В.) қайтдилар. Ислом лашкари кечани ухламасдан ўтқазиб, малъунлар манзилини ҳалқадек босиб олиб, субҳи содиққача барқарор турдилар.
Давлат арконлари беодоблик ила арз қилдиларким, “аскарлар ҳаммаси ташна бўлиб оч қолдилар, ўз қўшларига қайтиб дам олишлари зарур, эртаси яна бу жамоанинг бошига етиб кела оламиз”. Мулла Алимқул амирлашкар бу насиҳатларга қулоқ солмади ва ўз сўзида тоғдек маҳкам турди.
Байт (мазмуни):
Насиҳатга қулоқ солгил, жоним, жондан ҳам яхши кўрар
Саодатманд ёшлар доно пирларнинг ўгитини.
Эртаси якшанба куни қуёш машриқдан жанг толиби бўлиб, ғалаён қилиб,бошини гардун чашасоридан чиқарганда аҳли ислом кофир лашкарига ҳимматини қаратиб, тўпу тўфангни ишга солиб жанг бошладилар. Кофирлар бу ҳужумга тоқат қилолмасдан саросимага тушиб, тор хандақларидан чиқиб, минг ҳийлаю найранг билан ўзларини тепаликларга олдилар…

Шу пайт Оллоҳ амри ила 1281 йил, зу-л-ҳижжанинг 26-кунида кофирлар сафидан бир ўқ отилди ва у Мулла Алимқул амир лашкарга тегиб, уни ярадор қилди ва у отдан йиқилиб тушди. Шул сабаб лашкари ислом парокандаликка тушиб, ҳамма ўз жонини ўйлаб паришонлика берилди. Сарбозлар жаноби амрлашкарани отга миндириб, ҳамма асбобу яроғ, тўпу тўфангларни олиб Тошканд қалъасига етиб келдилар. Алимқул амирлашкар ҳушдан кетиб ётган эди. Ҳозиқ табиблар ва жарроҳларни топиб келдилар. Улар амирлашкарнинг жароҳатини кўруб, муложага ожуз эдилар. унинг аҳволи ҳар дам оғирлашарди. Инсоннинг тадбиркорлиги тақдир олдида заиф эди ва ҳар соатда ўлим аломати унинг юзида зоҳир бўларди. Буни ҳамма кўриб турарди. Назм (мазмуни):
Агарда бирон подшоҳнинг ажали келмаса,
Худо бўлишга ҳам даъво қиларди.
Ҳеч ким абадий яшаёлмайди,
Фақат худодир оламда абадий,
Бу жаҳон ҳеч кимга вафо қилган эмас,
Оламни яратган фақат худо қолар, бас.

Бу уқубатсиз ҳол аҳли давлатга ва каттаю кичикка маълум бўлди. Қиргиз ва қипчоқлар вақтни ғанимат билиб, жангални мардлик шеридан холи деб, бузмачиликни ўзларига пеша қилиб, Қурама томон йўл олдилар. Тилов манзилгоҳига етиб келиб отдан тушдилар. Ақлу тамиз уларнинг мияларида йўқлиги учун (кейинроқ) кўз очиб, ҳушларини йиғиб кўрсаларки, ажаб бир қабоҳатли ишни бошлаган эканлар. (Мисраъ) “нечук оқил қилур шундай ишким, яна пушаймонликка сабаб бўлса”.

Шу жойда қўюниб, кечаю кундуз ўзаро маслаҳат қилдилар, аммо бир қарорга келолмадилар. Охири орқага қайтиб Тўйтепага етиб келиб, Султон Саид Муҳаммад хон номига бир узрнома ёзиб, Тошкандга юбордилар. Уларнинг қосиди (элчиси) анча йўл босиб, Тошкандга келди, номани Султон Саид Муҳаммад хонга топширди. Аркони давлат ва аъёни салтанат ул одамларнинг сўзларидан қаноатланмадилар ва қосидни муродсизлик ила қайтардилар. Байт (мазмуни):
Мазлумларнинг жазосини бериб, марҳумлар мақсудин чиқар,
Дину доду ҳуш ила обод қилгил дунёни.
Ул номурод қосид (элчи) ўз лашкарига қайтиб, ҳамма кўрган-кечирганини шул тоифанинг сардори ва мингбошиси баҳодир қипчоқ Бек Муҳаммад ибни Хол Муҳаммад ибни Муҳаммад Назар Кўрўғли ибни Санжарга айтиб берди. Қипчоқ ва қирғиз улусининг ҳаммаси маҳзун ва хафа бўлиб, бошқа чора топмасдан бу манзилдан кўчдилар. Ҳар бир янги жойдан кўчганларида ўзаро маслаҳатлашардилар, аммо ҳаммаси натижасиз эди. Улар бир-бирлари билан можаро қилиб Сайҳун дарёсининг бўйига етдилар. Ундан ўтиб, Турк ва Сарой қишлоғида тўхтадилар.

Энди Султон Саид хон ибни Малла Баҳодурхон ҳақида озгина эшитинг.

Қирғиз ва қипчоқлар вафосизлик қилиб, Хўқонди латифга кетган кунларида сартия аҳолиси замон хонига вафодорлик кўрсатиб, амирлашкар билан қолдилар. (Қипчоқ ва қирғизлар) хиёнати амирлашкарга ҳам маъқул бўлди. Бундан дард чекиб (Алимқулнинг) касаллиги яна оғирлашди ва пешиндан кейин унинг руҳ қушчаси тананинг тор қафасидан халос бўлиб, жаннат оламининг фазосига учиб кетди, жонни жон ато қилганга бериб, шаҳодат даражасига етди…

Амирлашкарнинг фарзандлари, хотунлари ва тобеълари бу аҳволни мушоҳада қилиб, мажруҳ қалблари яна маҳзун бўлди. Сабру қарор жиловини қўлидан бериб, ғам ва қайғу тариқасига ўтдилар. Аркони давлат, аъёни шавкат сартия мамлакатининг акобиру ашрофлари, Тошканднинг каттаю кичиги, тожику турк ҳамма қайғуга тушуб йиғладилар. Уларнинг кўзларидаги ёшлар дурга ўхшаб оқарди…

Алқисса, ул жамоатнинг нолаю фарёди фойда қилмади ва бу дарди бедавога илож ҳам топилмади. Ниҳоят, фоҳира дунёнинг орият либосини амирлашкар танидан эчиб охират либосини кийинтирдилар. Аркони давлат ва аъёни мамлакат қайси маконга Мулла Алимқулхон жасадини қўяйлик деб машрават қилиб, бир қарорга келолмадилар. Шу маҳал амирлашкарнинг бир неча ишончли кишиси ўзаро маслаҳат қилиб, иттифоқликда жасадни фозиллар қуёши ҳазрати Шайх Хованд Таҳур мозорида дафн қилдилар…

Шундан кейин Мулла Алимқул арвоҳига фотиҳа ўқидилар. Мулла Алимқул лашкарнинг таржимаи ҳоли. У Ҳусанбой ўтарчи, яъни байторнинг ўғлидир. Андижон тобеъларидан бўлган қирғиз қипчоқ қабиласидандур. Ёшлигида отаси уни илм таҳсили учун Андижонга муҳтасибга шогирдликка берди. 3-4 йилдан кейин шу шаҳарнинг муҳтасиби Мулла Алимқулни “гиранда” (олувчи) лавозимига қўйди. Худоёрхон ўзининг акаси Маллахонни авф этиб, Бухородан Хўқондга олиб келтириб, умаролар қаторида унга вазифа ва маош тайинлагандан сўнг Мулла Алимқул Маллахонга мулозим бўлуб хизматга кирди. Маллахон иккинчи марта ўз укаси Худоёрхонга муҳолифат қилиб, Андижонга қочиб кетганда Мулла Алимқул Маллахонни Пўлодбий қирғиз олдига борди. Пўлодбий қирғиз савсамир қабиласининг мўтабир раиси эди. Фитна ва фасод раъиясига эга бўлган Пўлодбий Маллахон қадамини муборак деб, ўз қабиласи ила унинг хизматига бел боғлади-да, Қорасувга борди. Бу ер Мулла Алимқул ва унингқавми учун ватан эди. Шу атрофдаги Алимқулнинг қавми-уруғлари ҳам Маллахон Хизматига ўтди. Маллахон Алимқулни элчилик учун кўп жойларга юбориб, одамларни ўзига тобеъ бўлишга ундади. Алимқул бу ишда кўп саъй ва ҳаракат қилиб, Қорасув ва унинг атрофидаги қабилаларни Маллахонга ёрдам беришга чорлади ва унинг олдига олиб келди. Маллахон Фарғонанинг ҳукмронлик тахти ва фармондорлик аврангига ўтурганидан сўнг Алимқул хизматларини эътиборга олиб, унга эшикоғаси ҳамда мири понсонд унвонини берди. Шундан кейин у Чимён навоҳисининг ҳокими бўлди. Ўратепани фатҳ қилган пайтда ҳам Алимқул жасорат кўрсатган эди. Маллахон хукмдорлигининг охирларида Марғилонда вали (ҳоким) бўлди. Султон Саид хон ўз ҳукмронлиги даврида унга Фарғона сипоҳсолори ва лашкарбошилик мансабини берди.

Алқисса, сознинг қисқаси шуки, жаноби Султон Саид хон салтанат шавкатига яраша зеб-зийнат бериб, сартия умароси ёрдамида мамлакатни ҳимоя қилиб яшар эди.

Кундан-кунга кофирлар нинг қўли баланд келиб, ҳеч қаердан умид (ва ёрдам) дараги бўлмади. Қирғиз ва қипчоқлар эса мурувватсизлик ва ёвлик тупроғини ўз бошларига сепиб, қочиб кетдилар.

…Элчиларнинг унинг (амир Музаффарнинг) олдига тез-тез бориб турардилар. Ҳар дафъа, Тошканд вилоятининг уламо ва оқсоқоллари Бухорога келиб бизни дуо қилсун, деган сўзни айтарди. Унинг сўзини қабул қилиб, вилоят улуғларини ул маломатзадайи фалокат олдига жўнатган эдилар.
Улар етиб боргандан кейин изма-из бошқа руқъалар етиб келди. “Унда Султон Саид Муҳаммад хон ҳам келсун” деб ёзилган эди. Бу амрни ижро этиш Султон Саид хон одалари учун жуда оғир эди. Умаро ва фуқаро ўзаро маслаҳат ва машварат қилди, аммо ҳеч наф бўлмади. Боришдан ўзга чора қолмаган эди. Ниҳоят, (Султон Саид хон) сафар асбобларини йиғиб ҳозирлашга буюрди, мулкни худога топшуруб, Бухоро сари йўл олди. Қанча юриб ул икки аёлманд ҳезпешаларнинг олдига этиб боришди. Уни (Султон Саид хонни) ҳам ушлаб, қайтишга ижозат бермадилар. Тошканд мамлакати беҳоким ва эгасиз қолди…

Алқисса, мусулмонлар бесаранжом бўлуб, бошсиз қолдилар. Ҳар бир фирқа ўз ҳолича эди. Бунга қўшимча яна Тошканд фуқароси навбат билан илғор учун қолдиришган бир неча минг хўқндлик сарбозларни боқардилар. Сафар ойининг 4-сешанба куни ўрус кофирларнинг лашкари субҳу содиқда Камолон дарвазасини босиб олиб, шаҳарга кирдилар. Хўқанд сартияларининг 6-7 илғор дасталари қалъа ёриқларидан чиқиб, ҳар хил йўллар билан қочиб кетди. Баъзилар Чирчиқ дарёсига чўкиб ўлдилар. Тошканд фуқароси эса икки кечаю икки кундуз кофирлар билан урушиб, уларни Масжиди баланд хонақоҳига қамадилар. Бир кеча кундуз аҳли ислом уларни муҳосара қилиб, хонақоҳ атрофини ёқмоқчи бўлдилар. Кофирлар бундан хабар топиб, эски ўрдага ўтдилар ва йўлда бир неча маҳаллани ёндириб юбордилар. Шаҳарга шўру ғавға тушди, унинг ҳар томонидан одамлар Бухоро подшосининг олдига, бепарво қипчоқлар ҳузурига жўнашиб, улардан ёрдам сўрадилар, аммо барчаси фойдасиз эди. Охири куффор билан сулҳ тузуб уланинг ҳамма шарт-шароитларига риоя қилишга мажбур бўлдилар.

Жунайд Мулла Аваз Мухаммад ибн Мулла Рўзи Мухаммад Суфий Аттор
Манба: facebook.com