ҚОРИНДАН АВВАЛ КЎЗ ТЎҚ БЎЛСИН

ҚОРИНДАН АВВАЛ КЎЗ ТЎҚ БЎЛСИН
64 views
29 November 2019 - 9:11

Буюк ипак йўли бекатидан таксига чиқдим. Тўлишини кутиб ўтирибман. Ташқарида кимдир туркчалаб “эллик минг етадими?” деганини, яна кимдир ўзбекча ҳа, деганини эшитдим. Сезилди. Орқа ўриндиққа юз-кўзидан турклиги сезилиб турган бир йигит ўтирди, тенгдошим экан. Бироз тургач, гап бошладим:
– Оғам, туркмисан?
– Ҳа, туркча биласанми?
– Бунинг аҳамияти йўқ. Қаерга кетяпсан ҳозир?
– Эндокринологияга, бир ўзбек дўстим касал экан, кўриб келмоқчиман.
– Шафёр билан қанчага келишдинг?
– Эллик минг.
– Ростданми?
– Ҳа, олтмиш минг деганди, қарасам, қайтишга пулим қолмас экан. Аллоҳ меҳрибон, шукрки, арзонга тушди.
– Ё оғам, сен борадиган жойга тўрт минг сўмга обориб қўяди. Алдабди сени.
– Йўғе?
– Ҳа, эллик минг билан бутун шаҳарни айланиб чиқасан.
– Мен ўйлабманки…
Тушдик. Жанжални ёқтирмайман, шунчаки шафёрга бориб бу турк менинг меҳмоним, бошқа жойга борадиган бўлдик, деб пулини қайтиб олдим-да, бошқа такси тўхтатиб кетдик.
Йўл бўйи ҳалиги туркка дўстим, ўзбеклар бундай ёмон халқ, деб ўйлама. Ҳамма халқдаям бор шунақалар деб тушунтирдим. Агар шафёрлар уни анчадан бери шундай алдаб келаётган бўлса, демак турк гапимга ишонмагани тайин. Шу жойида бир озарбайжонлик сиёсатчининг гапи эсимга тушди:
Агар халқингга чинакам ёруғ келажак туҳфа қилмоқчи бўлсанг, унинг қорнидан аввал кўзини тўйдир. Бўлмаса, ёруғ келажак тугул, мамлакатингни жаннат қилиб юборсанг ҳам ҳеч йўқ қўшни давлатлар олдида ҳурматинг бир тийин. Кўзи оч халқнинг обрўси бўлмайди.

Мирзохид Музаффар
Манба: facebook.com