Муҳаммад Солиҳ 70 йиллигига тўйхат

Муҳаммад Солиҳ 70 йиллигига тўйхат
97 views
09 December 2019 - 14:01

(Шундай сарлавҳалар бўлар эди…)

Раҳматли дадамнинг кутубхонасидан 90- йиллар Тошкентда босилган “Кўзи тийран дард” номли китобингизни топиб олдим.

“Мирзо Улуғбекчи?

У ҳозир юлдузлардан чарчаб, ўз бармоқларини кузатяпти. Бизнинг тепамизда, юксак-юксакларда чордана қуриб, бармоқларидан ва шунга ўхшаш бизни қизиқтирмай қўйган мўжизалардан ҳайратга тушиб ўтирибди.”

10 ойлик набирамнинг бешикда бармоқчаларини тамошо қилишига қараб туриб, ёзганларингизни қайта ўқийман, жилмаяман. ” Улуғбек ўз расадхонасидан юлдузни қандай ҳаяжонда кузатган бўлса, бола ҳам бешикда ётиб ўз бармоқларини шундай ҳайратда кузатади.”

Мана шу китобнинг муқовасидаёқ айтиб қўйибсиз “Инсондаги энг олий туйғу – ўзгалар мақтовига муҳтож бўлмаган ички ибодир.” Кимнидир сизга нимадир ёзишидан эҳтиёжингиз йўқ, мен эса ўжар ўшлик шу замонда шох Бобурни излайман. 15 йил узлуксиз шоир, олим, мард, мазлум мусофир, ҳақсўз хукумдор Бобурни севиб тадқиқ этган олима сифатида Бобурни яқин атрофдан излайман. Ва Бобур хислатларидан қай бирини кимда топсам ўша ҳақида ёзмоқ истайман. Бобурдек мусофир мазлум виқорли шоир Муҳаммад Солиҳ, бир эътиқодда, бир принципда бир умр қолиш ҳар кимга ҳам эмас.

Шеърларингизда катта бўлдик, шеърларингизни севдим, ичимда доим такрорлаб юрдим:”Шундай ватанинг бўла туриб, қўрқасан ўлимдан”.

Ўзингизни кўрганда бақувват иймонингизга хавасим келди, қушчадек раҳматли Ойдин опам эса алоҳида тарих…

Ҳозир ҳам қофиябозлардан зериккан менга Муҳаммад Солиҳнинг қофиясиз шеърлари маъно қочган дунёйимга озуқа беради.

Ўлдириб бўлмайди,
Ўлдириб бўлмас
Оллоҳга сиғиниб ўтирган қулни.

Хосият Бекмирза