Месут Ўзил мусулмон давлатларни Хитойда уйғурларга бўлаётган зулмга кўз юмишда айблади

Месут Ўзил мусулмон давлатларни Хитойда уйғурларга бўлаётган зулмга кўз юмишда айблади
98 views
14 December 2019 - 18:07

Германия терма жамоаси ва Лондоннинг “Арсенал” клуби ярим ҳимоячиси Месут Ўзил Шинжондаги уйғурларни ҳимоя қилиб чиқди. Миллати турк бўлган футболчи мусулмон давлатлар ва уларнинг матбуотини ушбу фожиага кўз юмаётганликда айблади.

“Бу мавзу Ғарб матбуоти ва давлатларида ҳафта ва ойлардан бери долзарб бўлиб турган бир вақтда, мусулмон ўлкалар ва уларнинг матбуоти қаерда? Зулм бор ерда бетарафлик номуссизлик эканлигини билмайдиларми?” – дея твит ёзди Месут Ўзил.

Қуйидаги футболчининг Жума куни ёзган мурожаатини тўлиқ келтирамиз:

“Эй, Шарқий Туркистон… Умматнинг қонаган яраси… Азиятларга таянган мужоҳидлар жамоаси. Мажбурлаб Исломдан чиқараётганларга қарши якка ўзи курашаётган шонли мўминлар…

Қуръонлар ёқилмоқда… Масжидлар ёпилмоқда.. Мадрасалар тақиқланмоқда. Дин уламолари бирин кетин ўлдирилмоқда. Эркаклар мажбуран жамлоқларга ташланмоқда. Уларнинг ўрнига оилаларга хитойлик эркаклар жойлаштирилмоқда. Қизлар зўрлаб хитойликларга эрга берилмоқда.

Буларнинг ҳаммасига қарамасдан, Муҳаммад уммати жим. Овози чиқмаяпти. Мусулмонларга эга чиқмаяпти. Зулмга рози бўлиш зулм эканлигини билмайдиларми?

Ҳазрати Али қандай гўзал гапирганди:

“Зулмни қайтаролмасангиз, уни ҳаммага билдиринг!”

Бу мавзу Ғарб матбуоти ва давлатларида ҳафта ва ойлардан бери долзарб бўлиб турган бир вақтда, мусулмон ўлкалар ва матбуоти қаерда?

Зулм бор ерда бетарафлик номуссизлик эканлигини билмайдиларми?

Маълум вақтдан кейин у ердаги қардошларимиз бу азобли кунлардаги хотиралари золимларнинг қийноқлари эмас, балки биз мусулмонларнинг сассизлиги бўлишини билмайдиларми?

Ё Рабби, Шарқий Туркистондаги қардошларимизга ёрдам бер.

Шубҳасиз, Аллоҳ; тузоқ қурганларнинг энг хайрлисидир.

#ХайрлиЖумаларШарқийТуркистон”, дея мурожаатини тугатган Месут Ўзил.

Шинжонда нималар бўлмоқда?

Кўп сондаги ҳибсхоналарга оид хабарлар илк бор 2018 йилда бўй кўрсатади.

Масала Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида кўтарилади.

Худди ўша ерда Хитой “уйғур мухтор бўлгасини улкан ҳибсхонага ўхшаш нарсага айлантираётгани”нинг ишончли далиллари борлиги айтилади.

Фаоллар эса, минтақа аҳолиси устидан кузатув ўта кучайтирилаётгани далолати ортиб бораётганига диққатни тортишади.

Хитойлик масъулларга кўра, “касб-ҳунар ўргатиш марказлари”дан диний экстремизмга қарши курашда фойдаланишмоқда.

Аммо имконли бўлган далиллар аксариятнинг шунчаки ўз динига эътиқод қилгани, намоз ўқигани, ҳижобда юргани ёки Туркия каби четда яқинлари борлиги учун ҳибсга олинганини кўрсатган.

Би-би-си танишишга муваффақ бўлган қайдлар эса, Хитой мусулмон болаларни ота-оналаридан атайдан ажратаётганига ҳам далолат қилган.

Ўшанда германиялик тадқиқотчи Адриан Зенз бу ҳаракатларни “ўзлиги, диний эътиқоди ва она тилидан мосуво этиб, янги авлодни тарбиялаш уриниши”, дея талқин этган.

У “далиллар буни маданий қатлиом, деб аташга ишора қилиши”ни айтганди.

Хитойнинг Буюк Британиядаги элчиси эса, буларнинг барчасини “ёлғон”га тенглаштирганди.

Хитой ва уйғурлар: Миллионга яқин мусулмон озод этилдими?

Расмий Пекиннинг қилган ўтаётган ҳафтада қилган баёнотига таянилса, худди шундай.

Аммо уларнинг бу даъвоси ҳалича мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Мусулмон маҳбусларнинг яқинлари ҳам, “Исбот қани?”, – дейишмоқда.

Бу маҳбуслар тутиб турилган жамлоқлар дунёдаги мусулмонлар учун мўлжалланган энг йиригига қиёс берилган.

Уларда сақланаётган аксарияти уйғур мусулмонларнинг тақдири халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Би-би-си мухбири Жон Садворс Хитойнинг ана шу жамлоқларига киришга рухсат берилган саноқли ғарблик журналистлардан бири бўлади.

Хитойнинг улкан жамлоқлар тармоғи айнан Шинжон Уйғур Мухтор минтақасида барпо этилган.

Расмий Пекин бу жамлоқларни “қайта таълим бериш марказлари”, деб атайди.

Айни шу минтақа раисининг баён қилишича, ҳозир у ердаги барча озод этилган. Ўз таълимини якунлаган.

Аммо унинг даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлаш ҳалича имконсиз қолмоқда.

Фаолларга кўра, бу жамлоқлар ўта кучли қўриқланувчи қамоқхоналар бўлади.

Уларда Хитойдаги юз минглаб мусулмонлар тутиб турилади.

Кўриниб турган баланд кузатув миноралари, тиканли симларга қарамай, расмий Пекин бу жамлоқларнинг қамоқхоналар эканини рад этиб келади.

Яқинда матбуотга сизган махфий ҳужжатлар эса, у ердаги маҳбусларнинг онглари ювилаётгани ва ўзлари жазоланишаётганига далолат қилган.

Пекин нима дейди?

Шинжон Уйғур Мухтор минтақаси раиси бу каби баёнот билан шу ҳафта душанба куни чиққан.

У мухбирларга “ҳукуматнинг ёрдами билан” мазкур марказлардаги барча ўз таълимини якунлаганини айтган.

Раиснинг баён қилишича, “битирувчилар” энди ишли бўлишади. Бахтли ҳаёт кечиришади.

Унга кўра, келажакда бу каби таълим ихтиёрий бўлади.

Одамлар “марказлар”га ўз хоҳишлари билан келиб кетишади.

Мухбиримиз Жон Садворснинг ҳам алоҳида қайд этишича, расмий Пекиннинг сўнгги даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Унга кўра, журналистларнинг минтақага киришлари қатъий назорат остида.

Маҳаллий аҳоли билан алоқага чиқиш эса, хатарли. Бу – уларни ҳибс хавфи остига қўйиши мумкин.

Сўнгги ойларда олинаётган мустақил хабарлар бу жамлоқлардаги айрим маҳбусларнинг қўйиб юборилганига далолат қилган.

Аммо улардан бирлари уй қамоғига ўтказилган.

Бошқаларининг ҳаракатланишлари чекланган.

Баъзилари эса, корхонада мажбуран ишлатилган.

Бунинг ортида нима ётган бўлиши мумкин?

Сўнгги ойларда расмий Пекин кучайиб бораётган босимлар остида эди.

Четга сизган ҳужжатлар асосида “New York Times” ва Тадқиқотчи Журналистлар Консорциуми бу жамлоқлар ҳақида материаллар тайёрлаб, чоп этган.

Уларда аксарияти уйғур бир миллионга яқин мусулмон тутиб турилган “марказлар”да аслида нималар юз бераётгани ҳақида сўз борган.

Ўтган ҳафта эса, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси бу масалага эътибор қаратган.

Уйғурларнинг “ўзбошимча ҳибсга олиниши, қийноққа солиниши ва таҳқирланиши”га қарши қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Бу қонун лойиҳасида Хитой ҳукуматининг алоҳида аъзолари ва Шинжондаги Коммунистик партия котибига қарши санкциялар қўллаш ҳақида сўз борганди.

Аммо кучга кириши учун у ҳали Сенат ва Президент Дональд Трампнинг ҳам тасдиғидан ўтиши керак.

Шинжон минтақаси раиси эса, матбуот анжуманидан фойдаланиб, маҳбуслар сони “мутлақ сохталаштирилгани”ни ҳам баён қилган.

Хитой ҳукуматига бу каби марказлар диний экстремизмга қарши курашиш учун керак бўлганини яна бир бор такрорлаган.

“Шинжондаги барча миллий озчиликларнинг ҳаётлари террорчилик таҳдиди остида қолганида, АҚШ қулоғига пахта тиқиб олганди”, – деган раис.

Унинг айтишича, “Ҳозир Шинжон тараққий этиб, барча тинч-тотув яшаш ва ишлашга ўтаркан, бу АҚШга ёқмаган. Шу боис ҳам, Шинжонни ҳужумга тутиб, обрўйига доғ туширмоқда”.

Манба: bbc.com/uzbek