Шуҳрат ака, сизга гап йўқ, Шавкат ака, сизга ҳам!!!

Шуҳрат ака, сизга гап йўқ, Шавкат ака, сизга ҳам!!!
47 views
16 December 2019 - 16:22

Телевизордан туриб “қўрқманг, танқид қилинг”, дейишади. Қандай қилиб қўрқмаслик мумкин? ОАВ ва блогерлар ҳимояда эканлигини айтишади. Инсон меҳрни, самимиятни яхши ҳис қилгани каби, ҳимояни ҳам ҳис қилиши керак.

Сўз эркинлиги, янги Ўзбекистон… Бу чиройли гаплар. Қулоққа ёқади, албатта. Аммо реаллик ҳам шундайми? Туман ҳокими ўринбосарини танқид қилинг, пожалуйста. МИБ ходимини танқид қилинг, пожалуйста. Маҳалла раисини ҳам ёнбошлаб олиб, танқид қилишингиз мумкин. Аммо “қанот остидагиларга” дахл қилманг! “Клан”га дахл қилсангиз – “шессекунд”да йўқ бўлиб кетасиз. “Клан”га тил теккизсангиз – йўқ бўлиб қоласиз. “Клан”га дахл қилсангиз – жанозангиз ўқилади.

Зоир Мирзаев деган каттакон фермерларни сувга туширди. “Клан”га ўгай бўлгани учун уни ишдан вақтинча олиб, мансабини пасайтиришди. Кейин яна қайта тиклашган бўлса-да, ҳар ҳолда халқ оғзи вақтинчалик юмилди. Ортиқҳўжаев ўгай эмас. У билан ишлашда эҳтиёт бўлишга, ОАВ ва ҳокимликни бир-бири билан келишиб ишлашга чақиришди.

Шуҳрат ака… энди умуман бошқа мавзу. У киши кланнинг содиқ аъзоси. Халқ нафратига қайта ва қайта сазовор бўлсалар ҳам, ҳамон “юқорининг” эътиборидалар.

Бизнинг айбимиз шуки, кимни танқид қилиш кераклигини ва кимга аксинча, дахл қилмаслик керак эканлигини билмаймиз. Биз чиройли гаплар, чиройли сўзларга ишониб, исталган мансабдорни “нишонга олиб” ўтирибмиз. Катталарни айби эса – бизга бир “списка” қилиб бермаётганлигида. Чиройли қилиб рўйхат тузишсин. Кимни танқид қилиш мумкин эмас эканини аниқ қилиб ёзиб беришсин. Биз шунга қараб тадбиримизни олайлик. “Шессекунд”да йўқ бўлиб қолмайлик. Бевақт юқоридан фармон келмасидан аввал жанозамиз ўқилмасин.

Шундай қилинса, бизга ҳам, ўзларига ҳам осон бўлар эди. Ҳар гал амалдорлар “парот” қилиб қўйганида халқ дод солмас, ОАВлар ортиқча хайп қилмас, жаҳон ҳамжамияти олдида ҳам шарманда бўлмас эдик. Ҳар гал “қовун тушганида” прокуратура, матбуот котиблари, “троллар” ва ҳоказолар бекорга кетини креслодан кўтаришга мажбур бўлишяпти. Шунча техника овора.

“Мен ва оилам, шунингдек, оиламнинг оиласи, оиламнинг қудалари, қудаларининг қудалари, куёвларим, куёвларимнинг ака-укалари, куёвларимнинг синфдошлари, Эшмат, Тошмат, Мамараимлар танқид қилинмасин. Улар халққа хизмат қилиши, халқни рози қилиши шарт эмас”, деб очиқчасига айтилсин. Биз рози.

Биз уларни ҳар қанақасига ишдан бўшатмаслигингизни билиб бўлдик. Энди шунчаки битта рўйхат талаб қиламиз. Шунда сиз ҳам, биз ҳам тинч яшаймиз. Алданмаймиз. Чиройли сўзларга ишониб, бошимиз балога қолмайди. Кундага тушмайди. “Фалончи қаерда?” деб қидиришга ҳам ҳожат қолмас эди.

Шуҳрат ака, сизга гап йўқ. Сизни дахлсизлик хуқуқингизни билмаган биз аҳмоқларда ҳамма айб. Сиздан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўраймиз!

Манба: Fayzbog.uz