ГУВОҲЛАР ҲИКОЯСИ ТУРКУМИДАН ЖАСЛИҚ – ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШАФҚАТСИЗ ҚАМОҚХОНАСИ

ГУВОҲЛАР ҲИКОЯСИ ТУРКУМИДАН ЖАСЛИҚ – ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШАФҚАТСИЗ ҚАМОҚХОНАСИ
62 views
17 December 2019 - 20:40

Бугун биз 1999 йилда очилган, ўзининг аёвсиз қийноқлари ва маҳбусларнинг оддий ҳуқуқларини поймол қилиши, ҳатто уларни тириклайин қайноқ сув билан куйдириб ўлдириш билан танилган Жаслиқ қамоқхонасига сафар қиламиз.

Суҳбатимиз айрим тингловчиларимизнинг кўнгилларини айнитиши мумкин.

Муҳаммад Бегжонов, Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб чиққан маҳкумлардан бири, журналист.

М.Б (Муҳаммад Бекжон): – Мен Тоштурмада ўтирганимда, турма ходимлари: “Сизларнинг ашаддийларингизни Жаслиққа юборишади, у ердан ҳеч ким тирик чиқмайди”, деб биз маҳкумларни қўрқитишарди.

Мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, HRW вакиласи Acacia Shields (Акация ШИЛДС) ўша пайтда Ўзбекистонда ишлаган. У шундай ҳикоя қилади:

– Биз ўша пайтда жуда қаттиқ қийноқлар ҳақида эшитганмиз, айниқса Жаслиқ қамоқхонасидаги қийноқлар ҳақида. Сиз бир нарсани англашингиз керак, собиқ Совет Иттифоқидаги бошқа қамоқхоналарда ҳам маҳкумларга муносабатни яхши, деб бўлмайди. Лекин, Ўзбекистондаги Жаслиқ қамоқхонаси ёмон қамоқхоналарнинг ҳам энг ёмони эди.

Люси БУРНС. ВВС мухбири: – Жаслиқ қамоқхонаси Марказий Осиёдаги катта чўлнинг ўртасида қурилган.

Акация ШИЛДС. (HRW) вакиласи: – Бу махсус колония шундай жойда қурилган-ки, зона яқинида на қишлоқ бор, на шаҳар бор. Ҳамма ёқ тап-тақир чўл, ҳатто тузукроқ йўл ҳам йўқ. У ердан маҳкумнинг қочиб кетиши мутлақо имконсиз. Маҳкумнинг Жаслиқ зонасига этап қилинди дегани, унинг у ерда изсиз йўқолиб кетиши деганидир.

Люси БУРНС: – 1991 йилгача Ўзбекистон собиқ иттифоқнинг бир бўлаги бўлган. Ўша пайтларда Муҳаммад Бегжонов янги тузилган ЭРК партиясига аъзо бўлган ва шу партиянинг нашри бўлган “Эрк” газетасида ишлай бошлаган ва сўнг ушбу газетанинг бош муҳаррири бўлиб ишлаган. У ишлаган газетанинг мақсади – ўзбек халқига ўз ҳуқуқларини танитиш, унинг онгини уйғотиш бўлган.

Ўша пайтда президентликка ўз номзодини қўйган ЭРК партияси бошлиғи Муҳаммад Солиҳ Муҳаммад Бегжоновнинг акаси бўлади. Ўша пайтда ҳукуматни бошқариб турган Ислом Каримов учун у ягона мухолиф номзод эди. Асли коммунист бўлган И.Каримов ҳокимиятни топширишни ҳечам хоҳламас эди.

М.Б.: – Акам ўзининг номзодини қўйиши биланоқ, каримовчилар бизни кузатишни бошлаб юборишди. Акамга президентлик сайловларидан ўз номзодини қайтариб олдириш учун, унга қарши босимлар кучайди. Номзодини қайтариб олмагач, бизни таъқиб қилишни кучайтирдилар.

Люси БУРНС: – Ислом Каримов ўша сайловда ютиб чиқади ва жуда қаттиқ авторитар бошлиққа айланади. ЭРК партияси ва унинг газетасига таъқиқ қўйилади. Муҳамммад Бекжон ва унинг акаси Муҳаммад Солиҳ мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишади. Муҳаммад Бекжон Украинада яшай бошлайди ва “Эрк” газетасини ўша ерда чиқариб, Ўзбекистонга яширин йўллар билан кирита бошлайди.

М.Б.: – 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин акам Муҳаммад Солиҳ менга телефон қилиб, “Ўзбекистон ҳукумати Тошкент портлашларини бизга тўнкаши мумкин. Шунинг учун сен тезда Украинадан чиқиб кетишинг керак” деди. Мен ўша пайтда газета чиқариш билан эмас, савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланаётган эдим. Шунинг учун мен ўзимни ҳеч нарсада айбдор ҳис қилмаганман ва акамга Украинадан чиқиб кетмаслигимни айтганман.

Акация ШИЛДС: – Бу портлашлар баҳонасида Ўзбекистон ҳукумати аввал ўнлаб, кейин юзлаб ва ниҳоят минглаб кишиларни давлат тўнтаришида айблаб, қамоққа ола бошлади.

Люси БУРНС: – Муҳаммад Бекжоннинг Киевдаги ижара квартирасига Украинанинг қуролланган махсус хизматлар ходимлари бостириб киришади ва уни Тошкентдаги портлашларда (терроризмда) алоқадорликда айблаб, Ўзбекистонга экстрадиция қилишади.

М.Б.: – Ўзбекистонда тергов тахминан 1 ҳафталар бўлди. Улар мени шундай уришди-ки, мен ҳатто юра олмай қолдим. Бир куни улар мени бошқа хонага олиб киришди, мен у хонада мен билан Украинадан келтирилган Юсуф Рўзимуродовнинг бошини деворга тхтовсиз равишда “тўқ-тўқ-тўқ” қилиб уриб ўтирганини кўрдим. Мени бу хонага келтирганлар, менга қарата: “Кўрдингми, укангнинг томи кетиб бўлди. Агар 2-3 кун ичида сенга қўйилган айбларни тан олмасанг, сенинг ҳам томингни кетказамиз” дейишди.

Люси БУРНС: – Муҳаммад Бекжон 1999 йил август ойида судланди ва Тошкент портлашларини уюштирганликда, ҳукуматни ағдаришга уриниш айбловлари билан 15 йилга қамалди. У аввал Тоштурма ертўласида 9 ой ўтирди, сўнг Қизилтепа зонасига этап қилинди ва у ерда ғишт заводида ишлашга мажбур қилинди. Қизилтепада 4 ой бўлиб, уни Жаслиқ зонасига этап қилишди.

М.Б.: – Жаслиққа етиб келганимизда, машинадан тушишим билан резина тўқмоқлар ёмғири устимга ёғила бошлади. Улар мендан қайси моддалар билан қамалганимни сўрашди. Мен моддаларни айтиб бўлишим заҳот, чамаси 100 метрлар узунликдаги жонли коридор ичидан (коридорнинг икки томонида дубинкалар билан қуролланган ҳарбийлар тургани учун “жонли коридор” дейилади) ўтишимни буюрдилар. Ўша жонли девор йўлакнинг охиригача, яъни иккинчи қаватга кўтарилиш зинапоясигача эди. Зинапоядан бир амаллаб иккинчи қаватга чиқдим. У ерга кўтарилишим билан олдимда стол пайдо бўлди. “Ҳайрият, жонли коридор тугади” деб қувондим ичимда. Стол ёнида икки киши ўтиришар эди. Улар ўзларининг шу муассаса врачлари эканлигини айтишди ва мендан, “бизга шикоятинг йўқми?” деб сўрашди. Мен “шикоятим йўқ” дея жавоб бердим. Врачлар: “Жуда яхши, шикоятинг йўқ бўлса, қип-яланғоч бўлиб ечин” дейишди. Ечиндим. Биз маҳкумлар учун тайёрланган камера олдигача яна жонли коридордан яланғоч ҳолда югуришимизга тўғри келганди…

Люси БУРНС: – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Акация Шилдс Жаслиқ зонасига боришга бир-неча бор ҳаракат қилиб кўрган, аммо у ҳар сафар орқага қайтариб юборилган. Унинг айтишига қараганда, Жаслиқ зонаси фақат маҳбусларни жазолаш, қўрқитиш учун эмас, балки ташқаридаги халқни ҳам қўрқитиш учун ишлатилган.

Акация ШИЛДС: – Жаслиқ зонаси ҳукумат томонидан сиёсий ва диний қарашдаги кишиларга қарши кураш қуроли сифатида ишлатилган. Каримов тузуми – халқни террор қилиш, халқни қўрқитиш ва манқурт қилиш учун атайлаб ишлаб чиқилган ва фаолият олиб борган тузум бўлган.

М.Б.: – Ҳа, Жаслиқ зонаси биз борган пайтлари жуда қўрқинчли зона эди. Биз маҳбусларни ҳар куни 3-4 марталаб сўроққа олиб чиқишар эди. Ўша сўроқлар давомида бизни тўхтовсиз калтаклашар эди. Бизнинг камерада 16 киши эдик, ҳаммамизда қандайдир тери касалликлари бор эди (қичима касаллиги), ҳаммамиз тўхтовсиз қашинар эдик. Энг ёмони, барчамизда тез-тез ич кетма (понос) касаллиги бўлиб турар эди. Камера ичидаги ҳидга чидаб бўлмас эди.

Люси БУРНС: – Жаслиқдан келган қийноқлар ҳақидаги хабарларни инсон эшитишга қийналади. Бу қийноқларнинг энг ёмони – инсонларни қайноқ сув билан куйдириб ўлдирилишидир.

Қайноқ сувда ўлдирилган маҳбуслардан бири – Музаффар Аббосов бўлган. Унинг қайноқ сувда ўлдирилиши Каримов ҳукуматининг қийноқ машинаси қай даражага етгани билан кўпчиликни лол қолдирди. Бу нарса китобларда ўқиладиган ўрта асрлардаги ваҳшийликларни эслатади. Шу билан бирга, бу қандайдир одатий ҳол эди Ўзбекистондаги “террор”га қарши курашда.

Муҳаммад Бекжон бир-неча ойдан кейин бошқа бир қамоқхонага ўтказилди. 2012 йил у озод қилинишига озгина қолганда, унинг қамоқ муддати яна 5 йил 4 ойга узайтирилади.

М.Б.: – Мен 18 йил қамоқда ўтириб, кўп нарсани йўқотдим, айниқса, соғлигимни. Яхши эшитмайман, оёғимда ҳамон қийноқ пайтида пайдо бўлган чандиқлар изи бор, ўша тинимсиз қийноқлар туфайли гапиришим ҳам яхши эмас, яъни нутқим ёмон, тутилиб-тутилиб гапирадиган бўлганман. Олти ой ёлғиз камерада ўтирган пайтим, гапиришни ҳам унутиб қўяёзган эдим.

Президент Ислом Каримов 2016 йил оламдан ўтди. Муҳаммад Бекжон бир йил ўтиб озодликка чиқарилди. У умрининг 18 йилини ноҳақ қамоқда ўтказди. Шу йилнинг ёзида янги президент Шавкат Мирзиёев Жаслиқ қамоқхонаси ёпилишини эълон қилди.

Акация ШИЛДС: – Йиллар давомида танқидлар марказида бўлган Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши яхши хушхабар бўлди. Янги ҳукумат ўзини ислоҳотлар учун очиқ эканлигини кўрсатгандек бўлди. Мен умид қиламан-ки, Мирзиёевнинг бу қадами кўзбўямачилик эмас.
Муҳаммад Бекжон ҳозир оиласи билан Америкада истиқомат қилади. У Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши ва Ўзбекистондаги ўзгаришларга шубҳа билан қарайди.

М.Б.: – Мен бўлган қамоқхоналар барчаси бир хил. Ҳукумат тепасидагилар Жаслиқни ёпиши мумкин, аммо қийноқ ва ваҳшийликлар бошқа қамоқхоналарда давом этадиган бўлса, Жаслиқда ишлаган ходимлар бошқа қамоқхоналарда ишини давом эттирадиган бўлса, нима ўзгарган бўлади?

Муҳаммад Бекжон сўзини инглизчага Ибрат Сафо таржима қилди.

Суҳбатни инглизчадан Бобур Исоев таржима қилган

Манба: bbc.com/uzbek