Кўкрак чўнтагимдаги дарахт

Кўкрак чўнтагимдаги дарахт
30 views
20 December 2019 - 8:32

КЎКРАК ЧЎНТАГИМДАГИ ДАРАХТ

Шоир Муҳаммад Солиҳга конвертсиз хат

Салом Устоз!

Менинг бугунги аҳволим урушда қон кечаётган одамнинг гул ҳидлашига ўхшайди: гул жуда муаттар, бу ёқда эса ҳаёт-мамот жангги давом этмоқда. Гул ва қон учрашуви…

Гулнинг ифори бир лаҳза бўлсин, душманнинг димоғига етиб боришини истайман, уни маст этса дейман, ёвузлик ҳақидаги фикрларидан воз кечсайди шояд деган соддадил ўйларга бериламан…

Сиз ҳақингизда ўйласам айнан ана ўша ҳолатни бошдан кечираман. Ўзим истаб урушдан бош олиб чиқиб кетолмайман, димоғимда қўрқув ва мардлик таҳликасида турган гул ифорини юлиб ташлолмайман.

Адабиётнинг пешонасига оқсочлик ёзилмаган. Қалб туйғулар воситасида ўзини ўзи тозалайди, ўзига ўзи хизмат қилади. Оқсочлик эмас, қалбга ҳоқонлик шоир бадалидаги юмушдир. Юмушларнинг олмосидир у!

Сизнинг асарларингизни ўқиганимда жуда ёш қизалоқ эдим: ойга стулдан туриб қарардим, осмонни томоша қилиш учун нарвонга, юлдузларни ушлаб кўриш учун эса томга чиқардим. “Нилуфар – сувдаги ойнинг қўшниси” эканлигини фаҳмлаш мақсадида юрагимни нилуфар ифорига ғарқ қилардим ҳар кеча. Сув остида қолиб кетарди юрагим: бир юрак – сув ва бир юрак нилуфар барқ урарди шууримда. Нилуфарлар гуллаб ётар, юрагим нилуфарлари осмоннинг аксига томир отадиган мамлакатга эврилар эди.

Сизнинг асарларингизни ўқиганимда бўйим ҳеч нега етмасди. Ўзи яшаётган ерни кавласа, Хитойнинг устидан чиқиши ҳақидаги афсоналарга ишонган ёзувчи қаҳрамонлари каби, юрагимни қазисам қайсидир аср устида пайдо бўлишимга инонардим. Сизнинг асарларингиз бу вируслари урчиган оламга қарши эмлаш воситаси эди! Ҳақсизликка, Адолатсизликка, Эрксизликка қарши буюк эмланма эди китобларингиз. Менда Ҳақсўзга, Адолатга, Эркка иммун тизими кучая борди ана шу тахлит.

Сизнинг асарларингиз уруш кўрган асарлардир. Машъум фашизм балоси ёприлган паллада уйма-уй яҳудийлар қидирилгани каби юракма-юриб Сизнинг асарларингиз ахтарилган паллани ҳам яшаб ўтдик. Яширмайман, Москвага Олий Адабиёт курсига ўқишга отланар эканман, китобингизнинг муқовасини юлиб қолдириб кетганман. Юрагимнинг муҳташам бир саҳифасини юлгандек сезганман ўзимни. Исмингизни кўтариб юриб бўлмасди бу Ватанда. Китобингизни кўтариб чиқиб бўлмасди бу Ватандан. Муттасил қирғинбарот қилишди Сизли юракларни…

Кўзлар сотқин бўлади. Мабодо улар гуллаб қўйгудек бўлса, юракнинг қаърида асарларингизнинг ҳатто ҳиди анқиса борми, қуёш тушмайдиган қилиб қўйишарди у юракларни. Қуёшни олиб чиқиб кетишади бу уйдан. Қуёшни бадарға қилишади. Тонгнинг қўлига кишан уришади. Баҳорнинг нафасини сапчадай узиб ташлашади. Юракларда парча-парча бўлиб сақланиб қолди асарларингиз. Ўқлар, пулемётлар тешиб ўтган бу китоб варақларини жажжигина бир қиз бағрига боса – боса улғайишга куч топди. У қиз кечалари шу китоб парчаларини ўқиб, тундан эсон-омон чиқиб оларди. Қизнинг важоҳатли хаёллари жуда кўп, китоб эса бир дона эди. Китобни йўқотиб қўйишдан, ҳарфларининг ўчиб кетишидан, титилиб кетишидан қўрқарди у қиз. Охири у китобни титилиб, йиртилиб, ўғирланиб кетишидан пана бир жойни топди. Бу ердан шоирни ҳам, китобни-да энди ҳеч ким ўмара олмаслигига у қаттиқ ишонарди. Юрагини узиб ташлаш керак эди бу учун! Чунончи, бу юрак “Орзу фуқароси” билан лиммо-лим эди.

Ойна юзида бахтсизликнинг сувратини томоша қилганмисиз ҳеч! Қайғунинг, Дарднинг, Изтиробнинг сувратини-чи… Мен жуда кўп бор томоша қилганман. Бу сувратларга тикилаверганимдан сут тишларим эрта тўкилиб, ақл тишим ҳам барвақт чиққан эди менинг.

Тунлари соат бемор Онамнинг иҳраши монанд чиқиллар эди. Болалигимдан “Тез ёрдам машинаси”нинг овози келади. Тунлари чинқириблар уйимизга қатнаган “Тез ёрдам машинаси”нинг аянчли овози катта бўлгач руҳимга кўчиб ўтди. Неча йилдирки томирларимдан “Тез ёрдам машинаси”нинг овози эшитилади. Яна ўша китоб сабаб, агар у бўлмаганда қанчадан-қанча соғлом туйғулар касалга чалиниб норасида кетиши аниқ эди.

Уруш кўрган болалар каби ҳаммага ҳадик билан қарарди қизча. Эртага қуёшнинг уйига кирмай қўйишидан, Тунда юлдузларни осмонга чиқмаслигидан, уни тинглашдан ҳеч вақт чарчамаган зот билан ораларида гап қочиб қолишидан ҳайиқарди. Юраги товуқ эти бўлар даражада жунжикарди қиз ўз хаёлларидан. Бироқ хаёлларига пиллапоя қўйиб уни кўкка олиб чиққан китобнинг ҳар бир парчасини томирлари билан шундай чангаллаб олгандики, унга ҳеч бир зўровоннинг кучи етмасди.

Мен одамлар боласи китоб ўқигандан кўра кетмон чопса, ҳаётга нафи кўпроқ тегади, деган қарашлар ҳукмрон бўлган бир гунг қишлоқда катта бўлганман. Уйимга илк бор почта орқали бандероль бўлиб кириб келган китоб “Орзу фуқароси”дир. Ичимдаги Африкага зилол сув келтирди шу қирмиз қитоб! “Мен бандеролларда китоблар кириб келмаган хонадонлардан ёзувчилар чиқишига ишонмайман”- дейди Дорис Лессинг ўзининг “Африкада китоб қаҳатчилиги” номли Нобель маърузасида. Йўқ, мен ичкаримда Лессингнинг фикрларини тасдиқлаб ҳузур туйиш учун эмас, тақдир шундай йўналтиргани учун суйинганман. Чунончи, айни ўша паллада мен ҳар куни ўз жонига қасд қилишдай шайтоний бир найранг оғушида ўз ўсмирлигимнинг қонини сўрардим. Юрагимнинг сув чиқмас чўққиларини Фарҳод тешасидай ёриб, сув олиб кирди бу китоб. Мени енгилмасликка ўргатган биринчи китоб эди бу! Ҳа, ўлимнинг кўзларига кўзимни лўқ этиб тикканча уни мағлуб этгандим ўшанда.

Ичимда синган туйғуларни тунбўйи чегалаб чиқарди бу китоб! Ҳақсизликка бўйсунмаслик иқтидорини туҳфа этганди у! Севиб яшаш ҳиссини тарбия этди. Ҳислар юрагимда буғдой бошоғидек бошоқлай бошлади. Ахир “Одамни мажбурлаб севдириб бўлмайди, бироқ унга севиш ҳиссини юқтириш мумкин” деганида Шоир ҳақ эди. Ахир муҳаббатни юқтириб олганлар озмунчами?!

Шеърларингиз Сиз яшаган асрнинг башоратидир. У Ватаннинг, тупроқнинг, шу заминнинг башоратидир. Аслида чинакам Шоирнинг ҳар бир нафаси башоратдир.

Гоҳо қувонч кирар юракка:
Менда ахир имкон бор ҳали
Шеьр – севги деб алдамасликка
Озодликни севган инсонни!
Бисотимда имкон бор,ахир
Қаламни синдириш имкони!

дегансиз! Бу эса тасаввурнинг қуюқ бир тақдимномасидир. Юрагига меҳр дарахтининг уруғини қадаган, Муҳаббат дарахтининг ниҳолини ўтқизган минглаб тасаввурлар бу таҳликадан руҳланажаклар.

Ватан деб ватангадо бўлган, эрк дея она тупроқ эркидан бебаҳра, озодлик дея бедодлик кўриб яшаган ўғлингни чақирмайсанми, Ватан! “Озодлик” сен шу қадар қўрқинчлимисан, сиртмоқ соласанми ОЗОД руҳларга!Сен шу қадар қўрқинчлимисан ҳуррият, талпинганнинг томирини кесасанми, айт?! У менинг ШОИРим!

Мен ундан ватан лақиллайдиган тилда эмас, дилда бўлишини ўргандим!
Мен ундан севишни, сени қон тўла мешкобга ғарқ қилсалар-да севишни ўргандим!
Мен ундан бетаъма меҳрни, меҳрга меҳр қарз бўлмасликни ўргандим!
Мен ундан адолатни, садоқатни, маҳоратни, фаросатни, назокатни, салобатни ўргандим!
Оламимга эзгулик гулини эккан Сизнинг китобингиз! Эҳтимол, Сизнинг шеърларингизни ўқиш учун-да бу миллатга руҳий таҳорат керак бўлар, қалб таҳорати керакдир балки!

Ўзимча Сизни Озодлик ҳимоячиларига қиёслаб кўраман зоҳиран. Гарсиа Лоркага ўхшарсиз балки, лўлилар қўшиқларини бутун бир миллатнинг мадҳиясидек жаранглатган, Гарсия Лоркага! “Деразадан қарасам, оч-яланғоч Ҳиндистонни кўраман” деган Робиндранат Тҳакурга, “Фронт саҳна эмас, унда ёғоч пичоқлар бўлмайди” – дея кўзларга оғритмайгина қараётган Хемингуэйга, на ҳаётнинг, на юрагининг жиловини тополмаган Франц Кафкага ўхшарсиз, эҳтимол! “Йўқ, сиз ҳеч кимга ўхшамайсиз”, десам баландпарвоз гапни айтаётган бўламан. Агар “Йўқ, Сиз қайсидир тарихий даҳонинг такрорисиз”, десам унда ўзимнинг юрагимга, тушунчаларимга шапалоқ тортаётган бўламан. Хуллас, Сиз Озодликнинг ўзисиз мен учун!

Авлодлар ҳақида гапиришади. Сиз тенгилар Сизга авлодлик қилганига ишонгим келмайди. Сизни Ватанга қайтариш баҳонасида имзо йиғилар экан, Сизга ўзини авлод билиб кўкрак ва қалам кериб юргичлар биринчилардан бўлиб, ортга қараб югуришни бошлашди. Ортига қараб югураётган авлод… Мутлақ Каттанинг эмас, каттанинг жаҳлини қўзғашдан ҳайиқди улар! Сизга ўзини биздан ҳам яқин санаган Ёзувчининг сўзига қандай ишонай, айтинг! Фақат кетаркан Сизнинг ушбу сўзларингизни унинг тутқич бермас нигоҳларига Сизнинг қиёфангизда пичирладим: “Қўрқувдан қутулишнинг йўли битта: яратганга инонмоқ, ватанни севмак ва ҳар иккисига хизмат этмоқ. Бу хизмат билан машғул инсоннинг қўрқувга фурсати қолмайди.”

“Яхши одам бўлиш яхшими, ёки яхши шоир бўлиш яхшими?” деб савол берган эди устоз Матназар Абдулҳаким. Бунинг жавоби дунёнинг тўрт унсуридай ҳақиқат бўлса-да, яхши шеър ёзиб шахсини булғаётганларга исён бор эди бу саволда. Ғийбатдан, ҳасаддан, туҳматдан бўш турмаган юракнинг таҳоратсиз уришига, қаламнинг қағ-қағлашига нафрат бор эди бу сўровларда…

Рус шоири айтганидек кўкрак чўнтагимда дарахт илдиз отди.Мен ҳар куни бу дарахтга юрагимнинг қайноқ ҳовури билан сув қуяман.

У “Озодлик – хаёлларнинг энг гўзалидир” дея ҳайқиради. Мен унга жавобан “Сизнинг китобларингизни ўқиб ўсдим, бу Ватан-да ушбу китоб ила улағайсин!” дейман. “Ҳақдан сўролмайман мен Ҳақсиз одам” деган шоира монанд, сизни ҳаққингиз Осмон қадар, Ер қадар улуғ бўлган тупроққа чорлайман: “Ўз ватанини дераза ортидан кузатиш адолатсизликларнинг энг улуғидир! Мен юрагидан кўтарилаётган тутун ҳовурида, гар ўзингда йўқ экан адолатсизликни эмас, Адолатни импорт қилмоқ керак, дея қайғули ўй сураяпман Шоирим!”
Сизга меҳр билан

Гўзал БЕГИМ.
23 июль 2019 йил.
Тошкент шаҳри, Самарқанд дарвоза даҳаси

***

Декабрь

Устоз Муҳаммад Солиҳга

Йўллар сирпанади олисда
Менинг оёғимни кўрмасдан.
Тамакидай қуёш лабимда
Тутаб ётар нурга дўнмасдан.

Кафтларимни очиб кўраман
Бекитаман қайтадан маҳкам.
Униб чиқар қароқларимда
Декабрда эриган шабнам.

Кипригимда совуқ гул очар
Муз гулларни ҳидлайман, оғриқ –
Умидимнинг баланд томидан
Йиқилгиси келмаган тортиқ.

На совуққа, на қаҳратонга
Бош эгмайди, ўжар қувончим.
Қўлим баланд кўтарилмасдан
Декабрь, мен сенга ишондим.

Сирпанади йўллар олисда
Ўхшаб кетар силкинган қизга.
Қиё қараб ўтяпман, жимман,
Томиримда чатнаган изга.

Гўзал БЕГИМ

facebook.com