ХОРАЗМШОҲЛАР ДАВЛАТИНИНГ ҚЎШИНИ

ХОРАЗМШОҲЛАР ДАВЛАТИНИНГ ҚЎШИНИ
62 views
30 December 2019 - 10:15

Хоразмшоҳлар (1097 – 1231) ўз даврининг қудратли қўшинига эга эди. Улар учун қўшинларнинг жанговар шайлиги, бутланганлиги энг муҳим вазифа сирасига кирарди. Қўшин яхши ўқитилган, қуролланган, жангларда бир неча бор жасурлик ва мардликни намоён қилган лашкарбоши ва аскарлардан иборат эди. Бунга буюк ватандошимиз, жасур саркарда Жалолиддин Мангубердининг мўғуллар зулмига қарши олиб борган мардонавор жанглари яққол мисол бўла олади.

Манбаларга кўра, Хоразмшоҳлар давлатида аҳолини умумий мажбурий ҳарбий ўқитиш тизими жорий қилинган. Давлат қўшинларининг таркиби Хоразмшоҳлар юришларининг кўламига боғлиқ равишда ўзгарган. 1195 йилда хоразмшоҳ Такаш (1172 – 1200)нинг девони дафтарида 170 минг отлиқнинг номи рўйхатга олинган. Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад (1200 – 1220) ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларида бир неча кун давомида 70 мингтагача отлиқ майдонга ташланган. У 1217 йилнинг кузида Бағдодга юриш қилишга қарор қилганида, олдинга шундай миқдордаги қўшинларни юборадики, чўл ва саҳролар кенг бўлишига қарамай улар билан тўлиб-тошган. 1218 йилда ўтказилган қўшинларнинг умумий текширувида 150 минг отлиқ қўшин ва 100 минг пиёда қўшин қатнашган.

Доимий қисмлардан ташқари, қўшин таркибида мамлуклар, яъни қул-аскарлардан иборат шахсий гвардия (харас) ҳам мавжуд эди. Бундай гвардияни биринчи бўлиб хоразмшоҳ Аловуддин Такаш ташкил қилган эди. Хоразмшоҳ ва унинг оиласини қўриқлашдан ташқари харас (гвардия) турли экспедициялар, савдо карвонларига ҳамроҳлик қилган.

Давлатда ҳарбий бошқарувнинг олий органи девон ал-ард (ёки девон ал-жайш), мазкур девоннинг бошлиғи соҳиб девон ал-ард (ёки соҳиб девон ал-жайш ёхуд арид ал-жайш) деб аталган.

Девон ал-ард ҳарбий иқта, барча унвондаги ҳарбийларга ҳамма турдаги маош ва тўловлар тўлаш, қўшинларни назорат қилиш ва рўйхатга олиш, уларнинг қурол-аслаҳаларига жавобгар бўлган.

Қўшинда ўз аҳамиятига кўра иккинчи лавозим ҳарбий нозир (нозир ал-жайш) ҳисобланиб, у қўшин девони назоратида фаолият юритган. Хоразмшоҳлар қўшини қўмондони қоъид ёки муқаддам унвонига эга бўлган. Бу лавозимга улуғ ва қобилиятли амирлардан бири сайланган. Хусусан, хоразмшоҳ Эл Арслон (1156 – 1172) қўшинларга қарлуқ амирларидан бири Шамсулмулк ибн Ҳусайн Айёрбекни қўмондон этиб тайинлаб, унга синглисини никоҳлаб беради. Аловуддин Муҳаммад ҳукмронлиги даврида Рай вилоятининг биринчи ҳокими ва қўмондони этиб унинг ўғли Абулфатҳ Юсуф тайинланган. У амир-сипоҳсолор ҳарбий унвонига эга бўлган.

Янги ҳудудлар ва вилоятлар босиб олинганида Хоразмшоҳлар ўз амирларига олинган ерларни иқта сифатида тарқатган ва маҳаллий амирлар орасидан нисбатан буюкларини қолганлари устидан бошлиқ қилиб тайинлаган ва уларга амирул умаро (амирлар амири) унвонини берган. Малик ҳарбий унвонига эга бўлганлар 10 минг отлиқ қўшинга қўмондонлик қилган. Баъзи ҳолларда ҳарбий унвонлар қуйи табақалар вакилларига ҳам берилган.

Хоразмшоҳлар қўшинида хабарчилар човуш унвонига эга бўлганлар, уларга катта човушлар бошчилик қилган. Шунингдек, разведкачи-хабарчилар (жосуслар)нинг махсус бўлинмалари ҳам бўлган. Жосуслар душманнинг ҳолатини, уларнинг ҳаракатларини ўрганган. Шу билан бирга, Хоразмшоҳлар қўшинининг ўз маънавий раҳнамоси, яъни қўшин қозиси ҳам бўлган.

Хоразмшоҳлар қўшини ўз даврининг ноёб қурол-аслаҳаларига эга эди. Оддий қуроллар – қилич, камон, найза, гурзилардан ташқари Хоразмшоҳлар қўшинлари қурол-аслаҳалари орасида катапульталар (манжаниқ, яъни тош отиш қуроли), муҳосара, яъни қуршов машиналари, тошбақалар, яъни ҳаракатланадиган гумбазлар, учли ёғоч қуроллар ва ҳужум зинапоялари мавжуд эди.

Чунончи, Хоразмшоҳлар қалъалар ва қўрғонларни қуриш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берганлар. Қалъалар гарнизонларига мустаҳфизлар қўмондонлик қилган, миршаб ва жазолаш вазифаларини шихналар бажарган. Одатда, шихна лавозимига турк лашкарбошилари – амирлар тайинланган. Шихна ҳокимият учун хавф туғдирган барча ишларни назоратга олиб, ким аҳолини тузумга қарши бошламоқчи бўлса, улар устидан назорат ўрнатган. Шихналар босиб олинган барча вилоятлар, шаҳарлар ва аҳоли пунктларига тайинланган. 1165 йилда хоразмшоҳ Эл Арслон қўшинлари Диҳистонни босиб олганида, 1193 йилда хоразмшоҳ Такаш ўз оғаси ва рақиби Султоншоҳ вафотини билгач, Сарахс ва Марв шаҳарларини эгаллаб, у ерларга ўз шихналарини масъул қилиб қўяди. Султон Жалолиддин Мангуберди Хуросон шихналигига амир Қулихонни, кейинроқ амир Ёған Сункурни, Исфаҳон шихналигига Нусратиддин Муҳаммадни, Озарбайжон шихналигига амир Бадриддин Тутакни, Ҳамадон шихналигига амир Сарир Маликни тайинлаган.

Жанговар ҳаракатлар вақтида ҳужум ва мудофаадаги қўшинлар тузилиши қуйидагича бўлган: авангард – ўнг қанот; марказ – чап қанот; арьергард ва пистирма. Ҳар бир 10 минг кишилик отряд кетидан аскарлар оилалари ҳаракат қилган, жангларда жанговар кийимларда аёллар ҳам қатнашган. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиши олдидан ёки уруш эълон қилинишидан аввал Хоразмшоҳлар бўлажак операцияларни муҳокама қилиш учун ҳарбий кенгаш чақирганлар, унга йирик лашкарбошилар, уламолар, фақиҳлар ва мунажжимлар таклиф қилинган. Бироқ бу ҳарбий кенгашлар ҳар доим шоҳнинг шахсий қарори билан тугалланган.

Манба: facebook.com