Чекаётган қиз

Чекаётган қиз
130 views
05 January 2020 - 13:35

 

ЧЕКАЁТГАН ҚИЗ

Аёз парчалайди қўшиқларимни,
Овозимни бўғар қишнинг ҳовури.
Исён осилади мисраларимга,
Шафқатсиз мавзулар шеърнинг оғири.

Кўз ёшим музлайди яшил ҳижрондан,
Сирпаниб учади дафтаримда куз.
Ушоқ лабларига тамаки тутиб,
Бурқситиб чекади ёмғирда бир қиз.

Бугуннинг эгнига ташланар шов-шув,
Кеча таниш гаплар урганди акса.
Эртага тақилар қизнинг сочига,
Тонгда “инга”лаган янги сафсата.

Ҳадик аралашган руҳим ориқлар,
Қахвага ёнбошлар қоғознинг учи.
Буғланар, кўлланар, яланғочланар
Босинқи ғовурнинг шиддатли кучи.

Лашкар тортилади янги гапларга,
Дарз кетган сукунат боладек ҳўнграр.
Ҳиқиллаб, ҳиқиллаб ўтаверар кун,
Фақат чекаётган қизгина инграр.

Кўз ёшим музлайди яшил ҳижрондан,
Сирпаниб учади дафтаримда куз.
Ушоқ лабларига тамаки тутиб,
Бурқситиб чекади ёмғирда бир қиз.

Умида Нурмуҳаммад