Хитой уйғурларни қатағон қилишнинг янги босқичини бошлади: Энди улар қулликка мажбурланмоқда

Хитой уйғурларни қатағон қилишнинг янги босқичини бошлади: Энди улар қулликка мажбурланмоқда
83 views
02 March 2020 - 16:18

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Хитой минглаб Уйғур ва бошқа мусулмонларни меҳнат фабрикаларига ташлаган.

Янги текширувларга кўра, мусулмонлар ҳатто дунёдаги машҳур брендларнинг Хитойдаги корхоналарида ҳам ишлатилмоқда.

Австралия Стратегик сиёсат институтига кўра, бу – уйғурларни қайта ўқитиш борасида Хитой бошлаган сиёсатнинг навбатдаги босқичи.

Хитой аллақачон камида бир миллион мусулмонни қамоқсимон жамлоқларга ташлаган ва уларнинг миясини ювишни бошлаб юборган.

Хитой расмийларига кўра, ушбу жамлоқлар экстремизмга қарши кураш учун муҳим.

Ўтган декабрь ойида эса юқори мартабали Хитой мулозими жамлоқлардаги одамлар “таълим олишни” тугатгани ҳақида айтганди.

Жамлоқдан кейин қул меҳнатими?

Австралия Стратегик Сиёсат Институти текширувларига мувофиқ, 2017-2019 йиллари 80 мингдан зиёд уйғур Шинжондан олиб чиқилган ва Хитой бўйлаб турли фабрикаларга ташланган.

Баъзи мусулмонлар қамоқсимон жамлоқдан олиниб, тўғри Хитойнинг бошқа ҳудудларидаги корхоналарга жўнатилган.

Хитой марказий ҳукумати бошлаган Шиндон Ёрдами сиёсатига биноан, уйғурлар меҳнат лагерлари ўртасида у ёқдан бу ёққа кўчирилмоқда.

Австралия институти тадқиқотларидан маълум бўлишича, мусулмонлар дунёга машҳур 83та таниқли бренд учун маҳсулот етказиб берувчи корхоналарда ҳам ишлатилмоқда.

Булар орасида Nike, Apple ва Dell каби йирик ширкатлар бор.

Ҳисоботда қайд этилишича, уйғурлар мажбурий меҳнатдан бўйин товлаш ёки қочиб кетиш имконига деярли эга эмаслар.

Чунки бошлари узра терговсиз ва маҳкамасиз тутқунликка ташланиш хавфи туради.

Текширувлардан аниқланишича, Хитой ҳукумати меҳнатга мажбурланган ҳар бир мусулмоннинг боши учун маҳаллий ҳокимият ва хусусий воситачиларга пул тўлайди.

Австралия Стратегик Сиёсат Институти айни ҳолатни уйғурларга қарши давом этаётган қатағоннинг янги босқичи, деб атади.

“Биз халқаро маҳсулот таъминотида илгари кузатилмаган яширин ифлос амални кўриб турибмиз” – деб айтди Австралия Стратегик сиёсат институти ҳисоботини тайёрлаган муллифлардан бири Натан Рюзер.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур бўлгасида кўплаб қамоқсимон лагерлар очилгани ҳақидаги илк хабарлар 2018 йили чиққан эди.

Хитой уларни касб-ҳунар марказлари дейди ва ҳамма ўз ихтиёри билан келганини айтади.

Пекин, шунингдек, бу марказлар экстремизмга қарши кураш учун муҳим, деб айтади.

Бироқ далилларга қаралса, кўп мусулмонлар шунчаки намоз ўқигани, ҳижоб ўрагани ёки Туркия каби давлатларга бориб келгани учун ҳам қамоқсимон жамлоқларга ташланган.

Хитой мазкур лагерлар масаласида халқаро босим остига тушмоқда.

Хитой раддияси

Пекин вакиллари шинжонлик фуқаролар тижорий мақсадда мажбурий меҳнатга ундалганини рад этишади.

Аммо Австралия Стратегик Сиёсат Институти ўз текширувлари давомида, 2017 йилдан бери Хитойнинг 9 вилоятидаги 27та фабрикага уйғурлар мажбуран олиб бориб ташланганини аниқлади.

Уйғурлар ажратилган ётоқхоналарда яшашга мажбурланган, ишдан кейин Мандарин (Хитой) тили ва мафкуравий дарслар ўтишган.

Улар мунтазам кузатув остида ва диний амалларини бажаришлари тақиқланган.

Ҳисоботга кўра, Хитойдаги ширкатлар ҳам “балки билмасдан” инсон ҳуқуқларини топташга ҳисса қўшишмоқда.

The Washington Post нашри ҳисоботда кўрсатилган бир корхонага борган: у ерда Nike учун кроссовкалар ишлаб чиқарилган.

Нашрга кўра, Nike ширкатанинг Хитойдаги бу корхонаси амоқхонага ўхшайди.

Корхона атрофи симтўрлар билан ўралган, ҳар тарафда кузатув миноралари, камералар ва полиция маскани.

“Биз бу атрофда юришимиз мумкин, аммо Шинжонга боролмаймиз” – деб айтган корхона дарвозаси олдида журналист гаплашган бир уйғур аёл.

Nike ширкати “Дунёнинг қаерида бўлса ҳам халқаро меҳнат мезонларига риоя қилишларини” айтди.

Айни пайтда Nike ширкатига кўра, уларга маҳсулот етказиб берувчи корхоналар қамоқ ва мажбурий меҳнат усулларидан фойдаланишлари кескин тақиқланишини ҳам урғулади.

Apple ширкати эса ўзларига маҳсулот етказиб берувчи корхоналардаги ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга интилишларини таъкидлади.

Dell ширкати эса ҳисоботда қайд этилган ҳолатларни ўрганишини билдирди.

ЎХҲ ахборот бўлими