Журналист ва блогер судда ўзини ҳимоя қила оладими?

Журналист ва блогер судда ўзини ҳимоя қила оладими?
59 views
04 March 2020 - 0:20

Мустақил “Газета.уз” нашри Давлат Тест Маркази устидан судда ютиб чиққан.

ДТМ “Газета”ни шаъни ва қадр-қимматини тўкканликда айблаб, 200 млн сўм товон пули талаб қилганди.

Маҳкама даъвосига Сирдарёда ўқитувчиларга берилган тест саволлари ҳақидаги мақола сабаб бўлган.

“Газета.уз” мухбири ДТМ га тегишли экани айтилган тест саволларининг чалкашлигига эътибор қаратган.

ДТМ бу саволлар ўз базасида мавжуд эмаслигини айтиб, журналистга қарши даъво аризаси киритган.

“Мақола Давлат тест маркази раҳбарияти ва ходимларига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг меҳнат унумдорлигининг камайишига, асабийлашишига олиб келди. Шу сабабли Давлат тест маркази „Газета.uz” электрон оммавий ахборо воситаси ва Комил Жалилов томонидан етказилган маънавий зарар миқдорини 200 млн сўм деб баҳолайди”, дея даъво аризасидан иқтибос келтирган “Газета.uz” нашри.

Журналист ОТМларга кириш имтиҳонларидан фойдаланилувчи топшириқлар базасидан олганликларини айтган Халқ таълими вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган,холос.

Биринчи маҳкама

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди 28 феврал куни эълон қилган қарор Президент Шавкат Мирзиёев матбуотга эркинлик беришни бошлаган 2017 йилдан буён маҳаллий ОАВнинг давлат идораси устидан илк ғалабаси бўлган.

Янги ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов қарорни олқишлаган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондиАлламжонов ва Мирзиёеванинг Масс-медиа фонди “Газета.уз”ни ҳимоя қилган

“Журналистлар ишлари судда кўрилиши жуда яхши ҳолат ҳисобланади. Матбуот билан боғлиқ ҳар қандай низо фақат суд орқали кўриб чиқилиши керак. “Маски шоу”лар даври ўтди. Сўз эркинлиги, очиқликми демак, унда юзага келган низолар ҳам фақат очиқчасига ва адолатли кўриб чиқилиши керак. Газета.узни ўзини ҳимоя қила олгани билан табриклайман”, – деб ёзган у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Президентнинг собиқ матбуот котиби Алламжонов ҳамда унинг тўнғич қизи Саида Мирзиёвалар январ ойи охирида таъсис этган фонд директори Хушнуд Худойбердиев судда “Газета.уз”ни ҳимоя қилган.

“Фондимизнинг позицияси шунақа эдики, Давлат Тест Маркази томонидан берилган даъвода на мантиқий, на ҳуқуқий асос бор эди. Биз айнан мана шуни исботлашга ҳаракат қилдик”, – деб айтди Хушнуд Худойбердиев Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг фикрича, авваллари давлат идоралари ёки мулозимлар ўзларини танқид қилган журналистга телефонда ёки куч тизимлари орқали босим ўтказишга ҳаракат қилган.

Ҳозирда бу муносабатларнинг ҳуқуқий майдонга кўчаётгани ижобий ҳодиса, дейди у.

Сўз ва матбуот эркинлиги Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён қўлга киритилган эркинликларнинг энг кўзга кўринадигани.

Ғарблик дипломатлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги доирасининг кенгайганини эътироф этишади.

“Бу ерга келганимдан буён одамлардан энг кўп эшитган гапларимдан бири айнан сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар ҳақида бўлди. Мунозараларни ташкил этиш, жамият орасида баҳс-музокараларга сабаб бўладиган мавзуларни ёритишда журналистларнинг фаоллашуви ҳамда ўрни келганда ҳукуматни ҳам танқид қила билиши бу соҳадаги ислоҳотлар натижаси, деб ўйлайман”, деган Британиянинг Тошкентдаги элчиси Тим Торлот ўтган ҳафта Kun.uz нашрига берган интервьюсида.

Ўз-ўзини цензура қилиш

Айни пайтда БМТ экспертларига кўра, ҳукуматнинг ОАВ устидан назорати сақланиб қолмоқда.

“Биз ҳукумат ҳайъати ахборот олиш эркинлигининг чекланаётгани ва интернетдаги мустақил ахборот ресурсларини блоклаш давом этаётгани юзасидан изоҳ беришини истар эдик”, деб айтган 20 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистонга бағишланган сессиясида иштирок этган ғарблик экспертлардан бири.

Сессия арафасида Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Eltuz.com мустақил нашри ҳамда Озодлик радиоси вебсайтларига ҳануз тўсиқ қўйилаётганини танқид қилган.

Ташкилотга кўра, ўзбек матбуотида ўз-ўзини цензура қилиш ҳануз кенг тарқалган.

Тақиқланган мавзулар

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, Ўзбекистондаги сўз эркинлигини Каримов даври билан қиёслаб бўлмайди.

“У пайтлар оддий милиция ходимини ҳам танқид қилиб бўлмасди. Ҳозир нафақат журналист ёки блогер, балки оддий одам қўрқмасдан танқид қилиши мумкин”.

Фақат унинг сўзларига кўра, жойлардаги ижтимоий муаммоларни кўтариб чиққан блогерлар коррупциялашган маҳаллий ҳокимият ва куч тизимлари қаршисида ёлғиз қолмоқда.

“Уларнинг орқасида ҳеч қандай сиёсий куч йўқ. Сайловларда биронта ҳам партия сўз эркинлигини қўллаб чиққани йўқ”, дейди журналист.

Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, матбуотда норасмий тақиқ қўйилган мавзулар сақланиб қолмоқда.

“Булар – президент оиласи, сиёсий мухолифат ва оммавий норозилик чиқишлари. Бу мавзуларга қўл урган журналистлар таъқибга учрамоқда”. дейди журналист ва собиқ сиёсий маҳбус.

Ўтган йил охирида Хоразмдаги норозилик юришини ёритгани ортидан ҳибсга олинган ва руҳий шифохонага ётқизилган Шабнам Оллошукурова ҳамда мустақил журналист ва фаол Малоҳат Эшонқуловалар мамлакатни тарк этишган.

Ҳюман Райтс Уотчнинг айтишича, ўзбек матбуотида очиқлик ва рақобат кузатилаётгани ҳолда, сиёсий ҳассос деб кўрилган мавзуларни ёритгани учун қасосдан қўрқув журналистларни ўз-ўзини цензура қилишга мажбурламоқда.

“Мирзиёев бошқаруви остида сўз эркинлиги яхшиланди, аммо чекланганича қолмоқда”, деб айтган ташкилот БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси сессиясига тақдим этган ҳисоботида.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек