Туркистон

Туркистон
141 views
10 March 2020 - 18:09
ТУРКИСТОН
ТУРКИСТОН — Марказий Осиёнинг ўрта аср тарихийгеографик адабиётларда учрайдиган номи. Манбаларда Турон ва Туркистон атамалари ўрнида қайд этилган. 639 й. Турфонда тузилган суғд ҳужжатида Ўрта Осиё минтақасининг номи сифатида ишлатилган.
«Туркистон» атамаси «Ўрта Осиё» ва «Мовароуннаҳр» номларидан фарқли равишда нафақат географик, балки этногеографик тушунчани англатиб, шунингдек, сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга ҳам эга бўлган. Араблар истилосидан сўнг «Туркистон» топоними ўзининг сиёсий-ҳуқуқий маъносини йўқотмаган. Унинг сиёсий сарҳадлари Узоқ шим. ва шарққа, Араб халифалиги, Қарлуқ ва Уйғур хоқонликлари билан чегарадош бўлган ерларгача ёйилган. Айни мана шу давлатлар эндиликда Туркистон номи билан араб тарихчи-географлари асарларида (8—10а. лар) қайд этилган. Марказий Осиёнинг марказий ва жан. вилоятлари (Амударё ва Сирдарё оралиғи) Мовароуннаҳр деб атала бошлаган.
Қорахонийлар давлати барпо этилиши билан «Туркистон» топонимининг аҳамияти яна қайта ўзининг собиқ ҳудудлари доирасида деярли тикланади, унинг жан. сарҳадлари Амударё билан белгиланади. «Мовароуннаҳр» атамаси эса, Туркистоннинг бир қисми сифатида, яъни Қорахонийлар, сўнгра Хоразмшоҳлар, Чиғатоийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар давлатининг бир қисми сифатида қарала бошлаган. Маҳмуд ибн Валининг ёзишича, «Туркистон — бу кенг ва кўнгилли юртдир.., бу юртнинг узунлиги Сайҳун дарёсининг қирғоғидан Қорамурун дарёси қирғоғигача бўлиб, бу ерни Мўғулистон номи билан атаганлар».
Муаллиф Туркистоннинг яна бир номи — бу Турон ва унинг аҳолиси турклар деб ёзади. Шу даврдаги Мўғулистон Шарқий Туркистон, Еттисув ва Олтойни қамраб олган. 19-а. ўрталарида Туркистон худуди (3 млн. кв. км дан ортиқ) ғарбда Урал тоғлари этаги ва Каспий денгизи, шаркда Олтой тоғлари ва Хитой, жан. да Эрон ва Афғонистон, шим. да Томск ва Тобольск губернялари билан чегарадош бўлган.
Туркистон шартли равишда Ғарбий (Қозоғистоннинг жан. қисми, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ҳудудлари), Шарқий (Синьцзян-Уйғур мухтор райони) ва Афғон Туркистони (Афғонистоннинг шим. қисми)га бўлинган. Россия империяси босиб олган Ғарбий Туркистон ҳудудида 1867 й. Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилинган. 1886 йилдан расман Туркистон ўлкаси деб атала бошлаган.
Октябрь тўнтаришидан сўнг, 1918 йил апрелда Ғарбий Туркистон ҳудудида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (ТуркАССР) тузилган. Шўро ҳокимияти ягона ва мустақил Туркистонни қайта тиклаш ғояси туғилишидан хавфсираб 1924—25 й. ларда шошилинч суратда «Туркистон халқларининг миллий-давлат чегараланиши» деб аталмиш тадбирни ўтказган. Натижада, ўша пайтда сиёсий аҳамият касб этган «Туркистон» атамаси сунъий равишда истеъмолдан чиқарилиб, ўрнига расман «Ўрта Осиё» географик термини жорий қилинган.
Ад: Бартольд В. В., История Туркестана, Сочинения, Туркистон 11(1), М., 1963; Сагдуллаев А. С., Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда, Туркистон, 1996.
Шамсиддин Камолиддин
facebook.com