Иқрор

Иқрор
30 views
14 March 2020 - 18:08

 

ИҚРОР

Халқим камбағалмас,
халқим жуда бой.
Фақат қароқчиси – бордир бир тўда.
Қани, қаерларда?
шаффоф деган жой,
Мен каззоблардан – безибман жуда.

Бойлигинг кўп асли, эй она юртим.
Чўнтагинг – ўмарар кўп киссабурлар.
Қуруқ сўзлар билан роса аврайди –
Қачон одам бўлур –
инсоф қилгурлар?

Эскини ёмонлаб, янгини мақтаб,
Бўлмаган дек ўзи – ўша замонда.
“Ҳаммаси яхши дер”
виждонин хўрлаб,
Мансаб ва жонини, сақлар омонда.

Шоирлари “зўрдир” менинг юртимнинг,
Машҳурликка ташна – хушвақт юради.
Ёзарлари “эпчил” менинг юртимнинг,
Оч халқнинг кўзидан – юзин буради.

Жўмардлар саноқли,
Баҳодирлар кам.
Сотқинлар кўпайди, хижолат дорлар,
Қўғирчоқ театри – этмоқда давом,
Саҳнада маддоҳлар – лаганбардорлар.

Телевизорида-ку, дарди йўқ нидо,
Мантиқсиз нолалар мудом жаранглар.
Менинг ёзганларим эмас – муаммо,
Қачон зафар қучар?
шарафсиз жанглар…

Кимдир икки қўлдан садо чиқарар,
Ноҳақ чалинади – аёвсиз қарсак:
Оламон “ёлғон”дан юзин бурган кун,
Ғалаба куни деб – қувонсам керак.

Менинг халқим бойдир, камбағал эмас,
Сабри улкан унинг, шудир бойлиги.
Лекин – ҳақиқатга ишонги келмас,
Тугамас, халқимнинг ҳотамтойлиги…

Февраль 2020
© Муаллиф Абдувоҳид Сувонов.