Ота ва ўғил

Ота ва ўғил
88 views
27 March 2020 - 18:25

 

ОТА ВА ЎҒИЛ

Озодий:
– Фош айла, сирингни, сақлама пинҳон,
Аммо-ки, сўзимдан чиқмагил, ўғлим!
Кунда юз кўй келиб, кечар бу бошга,
Кўнглимни оғритиб, йиқмагил, ўғлим!

Махдумқули:
– Уялардим, сирим фош айламасдим,
Фош этарман, изн берсанг, Озодим!
Юз кўй келиб-кечар, ҳар кун бу бошга,
Истаги бор, сафар қилсак, Озодим!

– Ўзингга жабр этма, ёлвор, Мавлога,
Инонма хонларга, бекка, султонга,
Басдир, бизга қойим бўлмоқ Тангрига,
Олдирма, кўнглингни, кетмагил, ўғлим!

– Биз кетмасмиз, олти билан беш билан,
Сайрон этиб, неча тенгу тўш билан.
Дунё иши ғамлар аро хуш билан,
Кўнглим қолар, қарор этмас, Озодим!

– Малаканг йўқ, ёшсан, кето билмассан,
Оғир-енгилларнинг таслин билмассан,
Ҳар ишга бош қўшиб, торта билмассан,
Кетмоқликни ният этмагил, ўғлим!

– Кимса сўзламаса, сири фош бўлмас,
Йўлини танлаган ортиқ ёш бўлмас,
Бу гал ҳам қўймасанг, кўнглим хуш бўлмас,
Раъйимни қайтарма, қўйвор, Озодим!

– Бизни бундоқ тарк этмагил ҳеч замон,
Бу йўл беҳудадир, даврон беомон,
Қўй, кетмагил, хаста кўнглим андармон,
Қайғу, харажатга ботмагил, ўғлим!

– Юракка кирибдир, ислом ҳаваси,
Танга билан дирҳам халқнинг таъмаси,
Дунёни танг этма, Ундан ҳаммаси,
Бир сафар, ишидир, қўйвор, Озодим!

– Қуръон ўқиб, кезгил, яхши каломдир,
Бераҳим афғондир, дини исломдир,
Қароқчидир, йўллар, қўрқув – ҳаромдир,
Ҳолинг нима кечар, кетмагил, ўғлим!

– Синайин, кўрайин бу кун иқболим,
Яхши кун, хуш соат қисматда солим,
Қасд этса, жонимга, етса ажалим,
Шу ерда ҳам бўлса, топар, Озодим!

– Билиб, туриб, ўзинг ўтга отарсан,
Қандай ишдир, буким, юксак тутарсан,
Дегил, ахир, кимлар билан кетарсан,
Дам уриб, ҳар ёна боқмагил, ўғлим!

– Болангнинг раҳбари, Язирхон пиринг,
Кўнгил қуши парвоз этар, фақирнинг,
Бу кун етти кундир, “Алҳамд” ўқирман,
Шод айла, кўнглимни, қўйвор, Озодим!

– Озодий дер, билла сафо сурайлик,
Таваккал, этайлик, синаб кўрайлик,
“Омин!” деб, тур, ўғлим, фотҳа берайлик,
Бир Тангри ёр бўлсин, майли, кет, ўғлим!

– Махдумқули, айтар: қолмишам кўпдан,
Кўнгил қуши толвос урар, йироқдан,
Ҳар ерда соғлигим, иста, ул Ҳақдан,
Дуо қилиб, Ҳаққа, ёлвор, Озодим!

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com