Туркистонли қардошларимизга

Туркистонли қардошларимизга
37 views
08 April 2020 - 14:30

 

Абдулҳамид Чўлпон

ТУРКИСТОНЛИ ҚАРДОШЛАРИМИЗГА

Илму маърифат ҳам ҳунардан қолди маҳрум бизни халқ,
Маърифатсизлик балосига йўлиққан бизни халқ.
Бир киши миллатпараст ўлса деюрлар даҳрий деб,
Бир киши миллатни сўкса, иззат айлар бизни халқ.

Мактаб ўрнига очилди ҳар маҳалда майхона,
Нафрат этмак нари турсин, шоду хандон бизни халқ.
Мактаба йўқ бир тийини, тўйга минг сўмлаб берар,
Чорасиз мушкул касалга мубталодир бизни халқ.

Ибрат олмайдир, бошига шунча кулфат келса ҳам,
Мисли бир калтак йўқотган кўрга ўхшар бизни халқ.
Кўр-да фарқ айлар йўли тўғри ила нотўғрини,
Тўғри йўлга бошласанг-да, эгри хоҳлар бизни халқ.

Ҳар шаҳарда ихтилофдан, жиққа муштдан сўз бўлур,
Йттифоқдан сўз очилса, мисли қуён бизни халқ.
Орзу қилмас ўғлини мактабда айлай тарбия,
Тўй қилиб, карнай чалурни орзу айлар бизни халқ.

Бошқа миллатлар солурлар ҳар маҳалда мадраса,
Онларнинг икисига солган чойхоналар бизни халқ.
Бўлдилар бой, ўсдилар пиво сотмаклик ила,
Топганига олиб ичгай, хор бўлгай бизни халқ.

Бошқалар бонка очиб, савдо қилиб, пул топса-да,
Топганини шунда бериб, оч-яланғоч бизни халқ.
Кес сўзингни, эй қалам, бас мунча фарёдинг етар,
Кўп бақирсанг оғзингга тошларни отгай бизни халқ.

Андижон, 1914 йил.