Ҳозирги Ўзбеклар

Ҳозирги Ўзбеклар
60 views
08 April 2020 - 14:39

Э. ОЛЛВОРТ. ҲОЗИРГИ ЎЗБЕКЛАР.

МИЛЛАТЛАРНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ (1990 йил):

Ўша вақтдаги кузатувчи “этник хусусиятларга асосланган ҳудудий чегараланиш лойиҳаси Бухоронинг ўзидан келиб тушаяпти” деб қайд этган бўлар эди. Бироқ миллий чегараланиш жараёнини гўё маҳаллий ташаббус сифатида кўрсатиш учун Бухоронинг маҳаллий раҳбарияти Москва томонидан сайланганди. Марказий Осиёни этник маъмурий бирликларга бўлиб ташлаш бўйича очиқ-ошкора ва расмий қадамлар 1924 йилнинг 25 февралида Бухоро Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг Ўрта Осиёни этник хусусиятлар асосида бўлиш вақти келганлиги ҳақидаги баёнотидан бошланди.

Ушбу Бутун Бухоро Конгресси халқларнинг турмуш тарзи ва иқтисодий ҳолатидаги фарқларга шама қилиб ва улар ўртасидаги низолардан келиб чиқиб, миллатларни белгилаб берди. Бу жадидлар ислоҳотлар ўтказаётган даврда Марказий Осиё муаммосини ҳал қилиш мақсадида руслар ва уларнинг вакиллари томонидан олиб кирилган зўравонлик эди.

Бухорода ўша вақтда коммунистлар етакчиси бўлган Файзулла Хўжаев 1924 йилда “Марказий Осиё республикаларининг мавжуд сиёсий чегаралари сунъийдир” деб таъкидлаганди. “Бу чегаралар, – дейди у, “ушбу республикаларда яшовчи ҳар бир элатни ноҳақ равишда бир-биридан ажратиб ташлайди”. У халқларнинг бундай тарзда бир-биридан ажратилишини “Марказий Осиё элатлари орасида сунъий равишда адоват қўзғатиш” дея таърифлаганди.

Коммунизм амалдорлари этник низолар қўзғатилиши билан боғлиқ айбловларга қўл силтаб, ўрта осиёликларнинг маҳаллий халқлар ўртасида мавжуд бўлган муносабатларга асосланган ва бир миллат номи билан аталмайдиган давлатларни тузиш мақсадида қилган саъй-ҳаракатларини йўққа чиқарди. Туркистондаги ва Марказий Осиёнинг бошқа туманларидаги воқеаларнинг тирик говоҳи бўлган Аҳмад Заки Волидий (Тўған) 1920 йилларнинг бошида у ва бошқалар Хоразмда миллатлараро муносабатларни уйғунликда сақлаш учун самарали иш олиб борганликларини қайд этган эди. “Бироқ руслар [Хоразмда] туркманлар ва ўзбеклар ўртасида адоват уруғини сочиш ўз манфаатларига мос келишини яхши билар эди” деб таъкидлаганди у. Аҳмад Заки Волидий 1919–1920 йилларда бошқирд инқилобий қўмитасининг раҳбари бўлган ва Марказий Осиёдаги тадбирларда ҳам иштирок этган.

Россия ва унинг Марказий Осиёдаги агентлари 1917 йилдан кейин туркманлар ва қозоқлар орасида ўзбеклар билан аввалги сиёсий-маъмурий бирликларда ҳамкорлик қилишни ва бирга ҳаёт кечиришни давом эттирмаслик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилганига шубҳа йўқ. Бу 1920 йилларнинг бошидан бошлаб Москвада ва Марказий Осиёда ғайриўзбек сиёсатчиларининг саъй-ҳаракатларида яққол кўзга ташланади. Туркистон ва Хоразмда саводсиз қозоқ ишчи ва мардикорларининг сара съездларини чақириш орқали улар халқлараро бидъатларни қўзғатиб, Марказий Осиёдаги этник ишлар билан боғлиқ йирик маданий ва сиёсий масалалар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган юзлаб ана шундай шахсларни ўзбекларга қарши гижгижлади. Бу тез орада этник низолар келиб чиқишига сабаб бўлди. Бундай сиёсат олиб бораётган ҳокимият бутун минтақа бўйлаб этник гуруҳларни бўлиб ташлаш режасини амалга ошириш мақсадида халқлараро фуқаролик ва шахсий ҳуқуқларни таъминлаш ғоясини кўтариб чиқди. Марказий Осиёнинг турли минтақаларида яшовчи этник гуруҳ аъзоларидан этник тафовутларни аниқлаш ва улар ўртасида чегараларни белгилаш зарурлиги ҳақида даъволар келиб тушди. Бундай бўшлиққа тез орада Лениннинг депутатлари етиб келди. Уларнинг миссияси асосан ўзбекларни Марказий Осиёнинг бошқа халқларидан ажратиб, уларнинг совет ҳокимияти учун хавфли бўлган фаоллигини бартараф этишдан иборат эди.

Миллий ҳудудий чегараланиш режаси билан боғлиқ энг катта низолардан бири 1924 йилнинг август-сентябрь ойларида Тошкент воҳаси ва Тошкент шаҳри устида келиб чиқди. Бу низода совет ҳокимияти вакилларидан кўра кўпроқ қозоқлар Москвага катта хизмат кўрсатиб берди. Қозоқ ва ўзбек ҳудудлари ўртасидан белгиланган янги чегара чизиқлариидан бири Тошкент шаҳрининг ёнидан ўтганди. Қозоқлар хиралик билан Тошкент шаҳрини қўлга киритишга интилди. Ушбу чегара низоси воҳада яшовчи ўзбекларда ватанпарварлик руҳини қўзғатди. Улар қозоқлар билан қаттиқ ва узоқ рақобатлашди. Қозоқлар “сартларга” Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти берилишига олиб келадиган қарор қабул қилинишига барча жабҳада кураш олиб борди.

Халқларни бир-биридан ажратишни назарда тутувчи Россиянинг талаби айрим совет тарихчилари айтганидек, жанубдаги халқларга фойда келтиришни эмас, балки ўзбекларни яккалаб қўйишни ҳамда Маркснинг миллатлар назариясини тасдиқлашни кўзлар эди. Шунингдек руслар ўзларининг этник бир хиллигини бошқалар тан олишларини хоҳлар эди. Бу, уларнинг фикрича, Шарқда ҳам ички, ҳам ташқи соҳада этник сиёсий ривожланишнинг ягона моделига айланар эди. Қуйидаги учта ҳолат этник чегараланишга кучли қаршилик кўрсатилганлигини тасдиқлайди. Бундай қаршилик кўпинча сартлар ёки ўзбеклар сифатида маълум бўлган халқ яшайдиган минтақаларда бирин-кетин кузатилди. 1923 йилнинг охирида Туркистон муҳториятининг жануби-шарқий қисмида Ўрта Осиёни бўлиш масаласига қарши фикрлар янгради. Унда турли халқлар яшайдиган Фарғона вилояти делегатлари 1924 йилнинг 1-8 январь кунлари бўлиб ўтган Туркистон муҳторияти Кенгашининг йигирманчи съездида аҳоли зич бўлган бутун Фарғона водийсини ўз ичига оладиган “автоном Фарғона вилояти”ни ташкил этишни талаб қилиб чиқди (у вақтдаги Фарғона вилояти Россия таркибидаги Туркистон АССР ҳудудида жойлашганди ва Қирғизистон ҳудудининг бир қисмини ҳам ўз ичига оларди). Улар ушбу съезддан кейин бевосита Туркистон коммунистик партиясининг раҳбариятига, шунингдек Марказий Қўмита қошидаги Ўрта Осиё бюросининг қароргоҳига мурожаат қилди. Бюро бунга қуйидаги тарзда жавоб қайтарди: “Фарғонани фарғоналик ўртоқлар таклиф этганидек ҳозирги шаклда қолдириш ва автоном вилоятга айлантириш хатодир”. Ушбу рад жавобида ўзбекларнинг минтақадаги интеграцион салоҳиятига путур етказишни кўзлаган энг муҳим сабаблар эмас, балки иккинчи даражали сиёсий сабаблар – масалан, коммунистик партиянинг кўпроқ бир миллатли республикаларни ташкил этиш сиёсати сабаб қилиб кўрсатилди.

Бундай жавоб фарғоналиклар шижоатини қайтармади. Олти ой ўтгач Қўқон газеталари Ўрта Осиёни қайта ташкил этиш бўйича янги ғояни таклиф қилди.

Россиянинг миллий ҳудудий чегараланиш режасига бўйин эгиш ўрнига қўқонликлар ўз шаҳрини миллий республиканинг пойтахти қилиб белгилашни таклиф қилди, негаки “ўзбек хонларининг пойтахти яқин-яқингача Қўқон шаҳрида жойлашган эди”. Қўқон шаҳрида Бухоро ва Тошкентдан фарқли равишда тожиклар, руслар ва бошқа туркий бўлмаган халқлар яшамас эди. Қўқон шаҳри минтақадаги мустақиллик кайфияти кучли бўлган шаҳар эди ва кўпинча (1850, 1876, 1898, 1917-1918, 1919 йилларда) рус ҳарбийлари ва кўрилган сиёсий чора-тадбирларга қаршилик кўрсатган марказ вазифасини бажарган эди. Ушбу мантиқий таклиф чиппакка чиқди, чунки Туркистон ҳудудининг бир қисмида асосан ўзбеклар яшайдиган иттифоқдош республиканинг ташкил этилиши этник жиҳатдан бир хил бўлган аҳолининг жипслашиши натижасида ушбу субъектни мустаҳкамлар эди. Москванинг нуқтаи назари бўйича, афтидан, тожиклар кўпчиликни ташкил қилган Самарқанд ёки руслар талай бўлган Тошкент янги ҳудудий бўлинмани [ўзбек республикасини] бошқариш учун мос келадиган шаҳар эди. 1924 йилнинг мартида миллий чегараланиш бўйича иккинчи ва жиддий қарама-қаршилик бу сафар Хоразмда кузатилди. Хоразм республикаси Марказий қўмитасининг Ижро этувчи бюроси мамлакатни этник белгилар бўйича бўлиб ташлаш режасидан расман бош тортди. Хоразм аввалги асрларда кузатилганидек Россия ҳамласига яна дош берди. Шундай қилиб, 1924 йилда ҳам Хоразм ғанимнинг зарбасига чап берди. Москвада Россия коммунистик партияси Марказий қўмитасининг Сиёсий бюроси 1924 йил 12 июнь куни Хоразм республикаси турли миллатлардан иборат Марказий Осиёдаги ягона субъект сифатида қолдирилишини тасдиқлади. Бироқ 1924 йилнинг 26 июль куни тозалаш ва босим ўтказилгач, Хоразм республикасининг Марказий Ижро этувчи қўмитаси ўзининг аввалги қарорини бекор қилди (бу қарор хато деб эътироф этилди) ва Москвадаги юқори турувчи органлардан [аввалги] қарорни қайта кўриб чиқишларини ўтиниб сўради. Россия Марказий Қўмитасининг Сиёсий бюроси дарҳол Хоразм республикасини “этник тенглик ва бир хиллик” принципи бўйича бўлиниши лозим бўлган субъектлар тоифасига киритди. Фарғона автоном республикасини ташкил этиш таклифи ва хоразмликларнинг қаршилиги, эҳтимол, Ўрта Осиёда муайян миллат номи билан аталмайдиган давлат тузилмасини сақлаб қолишга бўлган туркистонликларнинг сўнгги интилиши эди. Ушбу интилишларнинг йўққа чиқарилишида Бутунроссия коммунистик партиясининг Ўрта Осиё бўлинмалари бевосита иштирок этди.

Россиянинг Марказий Осиёни миллий хусусиятларга кўра бўлиш қарори юзасидан яна бир норозилик Орол денгизига яқин жойда жойлашган Чимбойда, Чимкент уездининг Амударё деьтасида кузатилди. У ерда яшовчи аҳоли миллий чегараланиш натижасида ўз маданияти хароб бўлишидан хавфсирар эди, чунки миллий чегараланиш лойиҳаси уларнинг ўзига хослиги устидан ҳукмронлик қилиш учун қозоқлар ва қорақалпоқларга юридик имконият яратиб берар эди. Коммунизм барпо этувчилар бу шахсларни миллатчиликда, синфий душманликда ва ҳоказоларда айблади, улар борасида Фарғона ва Хоразмдаги “адашган” коммунистларга нисбатан қўлланилган чоралардан ҳам қаттиқроқ чоралар кўрилди.

Миллий ҳудудий чегараланиш принципига қарши чиққан ўрта осиёликлар минтақадаги мавжуд давлатлар тарихан юзага келганини, туркий халқларнинг уйғунлиги юксакроқ даражадаги жипсликни шакллантирганини ҳамда Ислом дини аҳоли бирлигини мустаҳкамлаганини таъкидлади. Бундай даъволарни рад этиш учун Москванинг Ўрта Осиё республикаларидаги вакиллари Сталиннинг миллатлар таснифига асосланган ҳолда Европача-Марксча усулда жавоб қайтарди.

Қозонлик татар сиёсатчи Саид Султон Галиев (1880-1939) Шарқнинг, шу жумладан Марказий Осиёнинг бутун мусулмон ва/ёки туркий аҳолиси Россия ва Европа коммунистик субъектларидан айри ҳолда ягона социалистик уюшмага бирлаштирилишини қўллаб-қувватлаганида Сталин унга бутун вужуди билан қаршилик кўрсатди. Султон Галиевнинг режалари, шубҳасиз, Марказий Осиёнинг туркий мусулмон аҳолисини ҳам ўз ичига олар эди ва бош котиб Султон Галиевга у коммунистик партияда ирқий-диний гуруҳлар ҳақида бошқа нутқ сўзлай олмаслигини маълум қилди. 1923 йилда Сталин Марказий Осиёда бўйсунмас ва маданий жиҳатдан бир-бири билан боғлиқ аҳолини бирлаштирадиган федерациялар ташкил этилишига қаршилик кўрсатиб, яна бир бор ўзининг ҳийла-найрангини ишга солди.

facebook.com