Қора шим ҳикояси

Қора шим ҳикояси
132 views
10 April 2020 - 11:11

ҚОРА ШИМ ҲИКОЯСИ

Турк ёзувчиси – Алишан Қапақлиқоя ўзининг болаликдаги аянчли бир ҳикоясини шундай англатади:

Мен 1962 йилда туғилганман.

Бизнинг болалигимизда «бор» деган гап йўқ эди, «йўқ» бор эди. Нима хоҳласак «йўқ» деган жавоб эшитардик. Йўқлик замонида катта бўлдик.

Нима истасак, йўқ. Масалан отамга, «шим олиб беринг» дейман. Йўқ, дейди. Ўйинчоқ олиб беринг, дейман. «Ўзинг ясаб ол», дерди. Лойдан ўйинчоқлар ясар эдим. Отамнинг эски костюмининг чўнтагини кесиб, ичига юнг тўлдириб, кўптўк ясардим. Ўшани тўп қилиб ўйнардим. Синглим қўғирчоқларини ўзи ясарди…

Шунинг учун, бизнинг наслимизда бир нарсанинг қадрини билиш, деган нарса бор.

Бир куни отам деди:

– Сизга шим олиб келайми?

Биласизми, бу сўзни эшитиш биз учун қандай қувончли эди?

Биз уч ака-ука қўлимизни даҳанимизга тираб, хаёл сура бошладик. Зўр-а? Қишлоқ раисининг ўғли киядиган шимдан биз ҳам киямиз…

Мен учинчи синфда ўқирдим. Укам биринчида эди. Кейингиси олти ёш эди. Шундай хаёллар сура бошладикки…

Бизнинг умидимиз у автобус. Отам шу автобусда бозордан қайтиши керак эди.

Қишлоғимизда электр йўқ, телевизор йўқ. Дунёдан хабаримиз йўқ. Онам, бобомнинг гулли эски тўнини бузиб бизга шим тикиб берар эди…

Укам деди:

– Сенга қанақа рангидан олиб келаркин?

– Қора.

– Меники мовий ранг бўлса эди.

– Нега? – дедим.

– Сен гулли тўн билан мактабга боргансан-ку. Мен эса, шимда мактабга бораман.

Кейин деди:

– Отам «шаҳар пойабзали»дан ҳам олиб келармикин?

Мен:
– Қора калиш олиб келади, – дедим.

Шу пайт чангитиб автобус кўринди. Бизнинг умидимиз, бизнинг кутганимиз ўша автобус. Отам кўринди…

Пакетларни оча бошлади. Менга бир қора шим. Оқ ёқалик қора кўйлак ва бир резина калиш чиқарди. Кейинги укамга ҳам менга нима олган бўлса, шундан бир хил…

Ҳавас билан кутган кичик укам Раъфат пакетларни очди, қараса унга ҳеч нарса йўқ эди. Отамга умид билан термулди.

– Менга-чи?

– Ўғлим, сенга кейинги сафар борганимда олиб келаман.

Раъфатнинг лаблари бурилиб йиғлаб юборди. Хонадан чиқди. Отамнинг кўзларига ёш қалқди.

Кечки пайт дастурхон атрофига ўтирдик. Жим-жит. Ҳеч биримиз гапира олмаймиз. Фақат укамнинг овози келади. Ҳўрсиниб-хўрсиниб, болаларча пиқ-пиқ йиғлайди…

Мен эрталаб мактабга отландим.

– Вуй чиройлилигини. Сизга жуда ярашибди. Бир марта кийиб кўрсам майлими? – деди ҳавас билан укам.

– Йўқ. Кир қиласан, – дедим мен.

Иккинчи куни ҳам ялинди. Бермадим. Учинчи куни ҳам сўради.

– Бўлмайди.

– Сизга жуда ярашади-да. Оёқ кийимингиз билан янада кўпроқ ярашади. Менга ҳам ярашса керак.

– Сенга узун келади.

– Почасини қайириб оламан.

– Йўқ, кир қиласан.

– Гиламнинг устида кияман, – деди. – Ойнага бир қараб оламан, бўлди.

– Бўпти. Эртага жума. Мактабдан келганимда, беш дақиқа кийиб кўрасан.

Раъфат севиниб кетди.

Кечқурун тўрт ака-ука бир қатор бўлиб чўзилдик. У мени туртади.

– Ухламадингми? Мен ухлай олмаяпман. Эртага шимингни кийиб кўраман…

Эрталаб мактабга кетаётганимда у ҳам турган эди.

– Бугун эртароқ кел, ҳўпми? Мен сени эшикнинг олдида кутиб тураман, – деди.

Мен ўқишга кетдим…

Учинчи соат эди. Эшик очилиб, синфга мудир кирди. Ўқитувчининг олдига келиб, унинг қулоғига бир нарсалар деди. Ўқитувчимнинг негадир ранги оқарди.

Менга қараб:

– Алишон ўғлим, уйингга бора қоласанми? Отанг сени чақираётган экан, – деди.

Мен ўзимча: «Укам қўймай отамни кўндирган бўлса керак, шимни кийиш учун. Дарс тугашига ҳам сабри чидамабди-да,» деб ўйладим.

Нарсаларимни йиғиштириб, мактабдан чиқдим. Қишлоқ одамлари ҳам бизнинг уйимиз тарафга кетишар эди. Кўчанинг бошига келдим. Укам эшикда кутаман деганди, негадир кўринмади. Ҳовлига кирдим. Бутун қишлоқ одамлари ҳовлимизда эдилар. Ичкаридан онамнинг аянчли йиғлаган овози эшитиларди. У ўзини ерга отиб тўлғанар эди.

– Раъфатни беринг менга! Болажонимни беринг, қўзимни беринг…

Билсам, қишлоқдаги кекса бир амаки янги олган тракторида уйимиз олдидан ўтаётганида укамни кўрмай қолибди. Укам тракторнинг остида қолиб, ўша ерда жон берибди…

Ишонгим келмасди… Мен укамга шимимни бериб турадиган кун, у ўлган эди…

Отам ўзи меҳр кўрмагани учун бизга ҳам меҳр беришни билмади… Аслида бизни жуда яхши кўрарди. Аммо, бизни қучоқлаб эркаламас эди. Бағрига босолмас эди.

Биласизми ўша куни нима бўлди?

Маййит ювилиб кафанга ўралар экан, отам, уни мен оламан, деди. Укамни қучоғига олди ва йиғламсираб, шундай деди:

– Раъфат, мен сени мозорга эмас, бозорга олиб бориб шим олиб бермоқчи эдим. Ўғлим, тур борайлик…

Мен йиғлар эдим.

– Отам бу сўзларни кошки укам тириклигида айтганида эди… Биз отамнинг шундай меҳр билан гапиришларини жуда хоҳлардик. Аммо, биз ҳеч қачон эшитмаган бу сўзларни, укамга, у эшитмайдиган бир вақтда бақириб, фарёд қиларди…

* * *

Бугун болалар биздан топа олмаган нарсаларини телефонларидан қидирадилар.

Болаларимизни нопок йўлларга бошламоқ ниятида, кўчаларда пайт пойлаган инсонлар, ота-оналаридан кўра кўпроқ кулиб муомала қиладилар.

Мен ўлкамни, оиламни, аёлимни, болаларимни яхши кўраман…

Мен ҳар йили конферансларга бораман. Бу йил қизим оғир ҳаста бўлди. Энди ҳеч қаёққа бормайман. Унинг ёнидаман. Фурсат борида, уни яхши кўришимни айтаман…

Алишан Қапақлиқоя

* * * * * * *
Шоолим Шомансуров таржимаси

facebook.com