Ўзбекистонда “Троллар фабрикаси” қонунийлаштирилади

Ўзбекистонда “Троллар фабрикаси” қонунийлаштирилади
49 views
14 April 2020 - 13:46

Ўзбекистон ҳукумати “Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Ҳужжатда “вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш самарадорлигини ошириш бўйича” концепция ва йўл харитаси жой олган. Унда ИИВда ёшлар билан ишлаш янги бошқармасини тузиш, Олий таълим муассасаларида вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозимини жорий этиш кўзланган. Йўл харитасининг 9 бандида эса “Ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳи” тузиш режалаштирилган.

«Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида ватанпарвар блогерлар виртуал гуруҳини ташкил этиш, улар ёрдамида ижтимоий тармоқлардаги салбий фикрларни аниқлаш ҳамда тармоқ фойдаланувчиларини уларнинг таъсир доирасига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида билдирилаётган салбий фикрларга муросасизлик муҳитини яратиш» ҳақида айтилади Йўл харитасида.

Жамоатчилик фикрини сунъий йўл билан ўзгартиришга қаратилган бу сингари “тролл фабрика”ларини яратиш ҳаракатлари авторитар мамлакатларда мавжуд. Аммо, иш ҳақи эвазига ижтимоий тармоқларга ёзиладиган изоҳлар, ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қандай ёрдам бериши мумкин?

Манба: Eltuz.com