“Булар ҳам шу юрт фарзандлари, ахир”

“Булар ҳам шу юрт фарзандлари, ахир”
150 views
16 April 2020 - 16:15

“БУЛАР ҲАМ ШУ ЮРТ ФАРЗАНДЛАРИ, АХИР”

Эврилиш

Муқаддима

Камина 1989 йилда КГБ биносига кириб ўттизинчи йилларда репрессия қ ан зиёлиларимизнинг “дело-қилмишлари” билан танишиб ўтириб, чорак асрдан кейин ҳам улуғларимизнинг аянчли тақдирига оид маълумотларни тирноқлаб тўплайман деб хаёлимга келтирмасдим.

2013 йилнинг сентябр ойи охирларида устоз Эркин Аъзам Ёзувчиларнинг Дўрмон Ижод боғи ёнидаги дала-ҳовлисини астойдил таъмирлашга киришди.

Таъмир жараёнида эски журнал-газеталардан воз кечишга мажбурият сезади: “Невараларим бемалол ўйнаб-кулиб ўтирадиган битта хона ажратиб қўймасам бўлмас экан!” дейди.

Ертўлада омборхона вазифасини ўтаб турган хонани бўшатади; маънан эскирган китобларни, боя айтганимдек, эски-туски журнал-опросы истории” (Москва, ойлик журнал) журналининг 1989 йилда чоп этилган ўн иккита сонини саралаб олдим. Унда бир йил давомида А.В.Антонов-Овсенконинг “СТАЛИН И ЕГО ВРЕМЯ” (“Сталин ва унинг даври”) номли ҳужжатли тадқиқоти эълон қилинади. Журналнинг 10-сонида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилган бўлимда мана бундай парча бор:

“1937 йил. Москва шаҳридаги Красногвардия тумани партия конференциясида райкомнинг биринчи котиби П.Т.Комаров билан шаҳар партия қўмитасининг котибаси О.Г.Шатуновская раёсатда ёнма-ён ўтириб қолишади. Кузда улар қамоққа олинади, 1937-38 йилларда туман ва шаҳар партия қўмиталарининг барча раҳбарлари ҳибс этилади. Шатуновская туман партия конференциясида қатнашиб, раёсатда ўтирган партия ходимларини қандайдир троцкийчилар марказига аъзо этиб ёллаган эмиш. Тергов жараёнида унга бўҳтон қилинади ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилади. 1954 йилда Шатуновская биринчилар қаторида оқланади. Ўша йили июл ойида мамлакатнинг янги раҳбари Н.С.Хрушчёвга хат ёзиб юборади. Хрушчёв Москва шаҳар партия қўмитасида ўттизинчи йилларда бирга ишлаган аёлни яхши эсларди, дарҳол уни Москвага чақиртириб олади. Лекин Шатуновская Москвага келиб Хрушчёвнинг ҳузурига киришга шошилмайди, чунки Бокуда онаси қолган эди. 17 йилдан буён қизининг йўлларга тикилиб ўтирган онаизор ҳузурига шошилади. Онаси билан кўришгач, СССРнинг Бош ҳарбий прокурори Китаев қабулига киради: “Дўстларимнинг тақдири хусусида бор ҳақиқатни билмоқчиман”, дейди. Беш-олти кишининг фамилиясини айтади. “Улар қандай жазоларга ҳукм этилган?” деб сўрайди прокурор.

“Уларнинг ҳаммаси хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ўн йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган” (“по 10 лет лагерей без права переписки”), дейди. Китаев сукут сақлайди. Охири оғир тин олиб: “Ўртоқ Шатуновская, афсуски, ҳафсалангизни пир қилишимга тўғри келади. “Хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди” деган ифода “отувга ҳукм қилинди” деган маънони англатади”, дейди (“Вопросы истории” журнали, 1989 й, 10-сон, 91-92 бетлар).

Эсимда, “қайта қуриш” йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида махсус ташаббус гуруҳи тузилиб, улар Кемерова шаҳрига бориб Омон Тулеев деган вилоят раҳбарининг азиз меҳмони бўлади. Сўнг уруш йиллари Магадандан бу ёққа келтирилган ўзбек шоири Усмон Носир тутқунликда сақланган лагер харобаларини кўрсатишади. Гўё Усмон Носир оғир касалликдан кейин вафот этгач, шу ердаги қабристонга дафн этилган эмиш.

Профессор Бегали Қосимов КГБдан СНБга мерос бўлиб қолган архив ҳужжатларини ўрганиб, муросасиз жадид Ҳожи Муин “аксилинқилобий тарғибот билан шуғулланган учун” ўн йил муддат билан озодликдан маҳрум этилганини, хат ёзиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинганини эътироф этади. Ҳужжатда қайд этилишича, Ҳожи Муин 1942 йилнинг 21 июл куни Перм вилоятининг Соликамск шаҳрида вафот этган эмиш. Немислар собиқ иттифоқнинг ғарбий ҳудудларини аллақачон ишғол қилиб, Москва ва Ленинград шаҳарларини замбаракдан тўпга тутаётган кезларда “халқ душманлари” Пермда тутқунликда сақланиши мумкинми? Қамоқда сақланаётган маҳбуслар шошилинч равишда жисмонан маҳв этилиши “мақсадга мувофиқ” бўлмасмиди?..

Бундан ташқари, камина шахсан танишган “жиноий ишлар” орасида шоир Элбек ҳам “хат ёзиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ўн йил муддатга озодликдан мосуво” қилинган. Демак, Элбек ҳам КГБнинг ертўласида 1938 йили Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Боту сафида отиб ўлдирилган.

Москвада қотиллар 1954-56 йилларда махсус ҳайъат томонидан сўроқ қилинади ва ўттиз еттинчи йиллар тўғрисида батафсил маълумот тўпланади. Тошкентда эса қотиллар безовта қилинмайди, чақимчилар эса, “виждоним буюрганини шу шеърда ёза олсам виждондек дуруст бўлур!” деб айюҳаннос солади…

Н.Б.

1.ВАТАН МАСЪУЛИЯТИ

Яқинда бир анжуманда қатнашгани Туркияга борган ҳамкасб биродаримиз таниқли муҳожир ватандошимиз билан учрашибди. Анжуманда сўзга чиққан у зот минбарни маҳкам эгаллаб олиб, мажлис аҳлининг норози ҳайқириқларига ҳам парво этмай, роса ваъзхонлик қилибди.

Унинг асосий даъвоси – Ўзбекистонни собиқ коммунистлар бошқараётган эмиш.

Собиқ коммунистлар… Хўш, улар ким? Ойдан тушганми? Ёки коммунистлик пешонасига босилган умрбодий тавқилаънат тамғасими?

Ахир, улар ҳам шу юртнинг фарзандлари, кечаги тузум даврида, эҳтимол, уларнинг ҳам кўнглида сизу биздагидек истибдоддан норозилик туйғулари жўш ургандир?

Бундай эмаслигини сиз – умри хорижда кул титиб ўтган, нафси жон қайғусида ҳар кўчага кириб, гумашталикни касб этган одам қаёқдан билақолдингиз?

У кишининг номини Ўзбекистонда кўпчилик билади. Унга сажда этувчилар ҳам бор. Ҳатто бир-икки йил илгари баъзилар уни “доҳий” деб атамоққача борди.

Бу одам фашизмга қарши жангда ўз ихтиёри билан душман тарафга ўтган, Ватан озодлиги йўлида ўзгача (аксари ночорликдан) курашган. Ҳолбуки, у ихтиёрий асир тушган ўша кезларда СССР таркибида чинакам Ватанимиз Ўзбекистон ҳам бор эди. Нима дердик, худо хайрини берсин, бир оёғи гўрга етиб қолганида инсоф ато этсин!

Унинг умумий ғояси Туркистонни озод кўрмоқ экан, шу йўлда курашибди, раҳмат! (Гарчи бу курашларда хориждаги у сингари жонкуярларимиз қанчалик риёзат чекдию чеккан риёзатлари бизга нима наф келтирди – бехабармиз.)

Майли, бугун энди гина-кудуратга ҳожат йўқ.

Мана, сиз орзу қилган ҳуррият замони етди. Ватан сиз нафрат билан лаънатлаган тузумдан халос бўлди. Келинг, кўринг, сиз ҳам шу Ватан даъвосида юрган экансиз, елкадош бўлинг!

Беайб парвардигор, ҳали юртда камчилик етарли, машаққат, мураккабликлар бисёр. Кўп асрлик парокандалик, истибдоддан сўнг илк бор дунёвий жамият, эгамен давлат қурилмоқчи, тажрибамиз шунга яраша – маслаҳат беринг, қўлингиздан келса. Йўқ, аминмизки, у зотнинг кўнглидагини тополмаймиз.

У каби “ватанпарварлар” айни ўзлари истагандек сиёсат юргизилганда ҳам, барибир, қилдан қийиқ топиб, сояларига қарши бўлсин, курашаверадилар. Тарки одат – амри маҳол.

“У ёшлигидан диссидент бўлишни орза қиларди” – агар улар ҳақида мақтов мақола ёзилса, бундан маъқулроқ бош жумлани топиб бўлмас, нима дедингиз?

Ватанни суймоқ – касб эмас, кўнгил иши, эътиқод. Ватан ҳайқириб, жар солиб суйилмайди. Ватанга муҳаббат эвазига ҳеч нарса таъма қилинмайди. Ота-онани танлаб бўлмагани каби Ватанни ҳам танлаб бўлмайди. Бекорга “Она Ватан”, “Ота Юрт” демаймиз. Худо – бир, ота-она – тақдири азал. Ватан – ягона.

Ота-онасини чиқиб, қўшнига ёмонлаган фарзандни ноқобил, кўрнамак, дейдилар. Бирор баҳонада Ватанни тарк этиб, аксарият ғаним давлатлар ҳайбаракачилигида унга тош отганни ким деб аташ мумкин? Ватанфурушми? Нонкўрми? Иймонсизми?

Келинг, ортиқча жиззакиликка берилмайлик, бу амални қўллаётганларга жўр бўлмоқ бизга ярашмайди. Лекин, кўнгилдаги иштибоҳлар зўр келаётир. Наҳотки, Ватан синов ва синоқлар гирдобида қад ростлаётган бир замонда хориждан эрк тиланиш ватанпарварлик бўлса? Наҳотки, етти ёт бегоналар қўлида тайёр қуролга айланиб, ўшаларнинг гиж-гижлаши билан “овоз”лар тарқатиш эркинлик саналса? Наҳотки, ўша етти ёт бегоналар дўст бўлиб, киндик қонингиз тўкилган Ватан, унда қолган хеш-ақраболарингиз, халқингиз сизга душман бўлса?! Четдан туриб Ватанга қарши курашган одамни ким деб аташ мумкин?

Бу ёғини шоирларга етказиб айтмоққа ожизлик қиламиз:

Менга бегона юрт ичра
Насиб гар ўлса юз роҳат,
Чекай бағрингда минг озар,
Санингдурман,
Санингдурман,
Санингдурман.

(Э. Врҳидов)

Эркин АЪЗАМ

(“Ватан” газетаси, 1994 йил 9 – 16 феврал, 3-сон. Бу мақола муқаддам “Ўзбекистон овози” газетасида 1993 йил 26 декабр сонида эълон қилинган.)

Устоз Эркин Аъзам ижодий салоҳиятини намоён этган мақолани шарҳлаб ўтирмоқ, муаллиф наздида, куфр бўлса керак. Фақат икки-учта изоҳ бериб қўймасак, валлоҳи аълам, чорак аср муқаддам ёзилған мақола ёш авлодға андак мубҳамроқ кўриниши мумкин.

1.”Ўзбекистонни собиқ коммунистлар бошқараётган эмиш” деган гап остида “барака топкур” иборасини ўрни бўлса-бўлмаса ишлатаверадиган президент И. А. Каримов назарда тутилади.

Мақола ҳам айнан И. А. Каримов жорий этаётган диктатурани астойдил ҳимоя қилиб, юртменбошининг назарига тушмоқ илинжида ёзилган эди. Эркин Аъзам тўхтовсиз ИАК назарига тушади ва унга дарҳол диктатуранинг мафкуравий карнайи бўлмиш “Тафаккур” журнали очиб берилади; устоз чорак асрлик садоқатли хизматлари эвазига дастлаб, Лола Исломовна ишончини қозонади, Лола хоним падари бузруквори И. А. Каримовға далолат қилгач, ниҳоят, юртбоши “кетар жафоси”га имзолаган фармон бўйича Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан сарафроз этилади.

2.”Бу одам фашизмга қарши жангда ўз ихтиёри билан душман тарафига ўтган… У ихтиёрий асир тушган ўша кезларда…” деб ғойибона ёмонотлиқ қилинаётган шахс атоқли тарихчи олим Боймирза Ҳайит бўлиб, унинг ихтиёрий асир тушгани тўғрисидаги бўҳтон кейинчалик КГБ идорасида тўқиб чиқарилиб тарқатилади. Бу жойда Эркин Аъзам КГБ омборида сақланаётган пахтавон ўқ билан ғоявий қуроли – қаламини ўқлаб жангга ташланганини беихтиёр фош этиб қўяди. Аслида, Боймирза Ҳайит каби миллионлаб совет солдатлари жангда енгилиб асир тушади. Қизил империянинг яккаҳокими Иосиф Сталин: “Душман қўлида бизнинг асирларимиз йўқ, фақат сотқинлар асирликда бўлиши мумкин”, деб ошкора эълон қилгач, иложсиз қолган бенаво асирлар ўзларидан юз ўгирган Қизил армияга қарши ҳаёт-мамот курашига отланади.

3.”У ёшлигидан диссидент бўлишни орзу қиларди” – агар улар ҳақида мақтов мақола ёзилса, бундан маъқулроқ бош жумлани топиб бўлмас, нима дедингиз?”

Мақола муаллифи “диссидент” атамасини бекорга тиркамаяпти; ўша йили олти-етти ой муқаддам мухолифат раҳбарларидан бири бўлмиш Муҳаммад Солиҳ ихтиёрий-мажбурий равишда ҳижратга кетади. Эркин Аъзам эса айнан олампаноҳнинг назарига тушмоқ илинжида қалам тебратаётгани боис Юртменбошининг душманига тош отиб қўйишни ҳам эсидан чиқармайди.

Устоз Эркин Аъзамнинг “Ватан масъулияти” мақоласи зиёлиНусха қаламкашлар онгида ЭВРИЛИШ бошланганини кўрсатадиган ачқимтир намунадир. Бу мақола “Қиёсий журналистика” предмети бўйича талабаларга маъруза ўқийдиган муаллимлар учун дастуруламал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

2.НАВОИЙ ҲИЛОСНИ КЎРГАНМИ?

Хоразмлик фидокор шоир Матназар Абдулҳаким бир неча йиллардан бери мумтоз Шарқ шеъриятининг пирлари зиёрати билан машғул бўлиптурлар. Ва Абдулқодир Бедил, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби султонлар салтанатига ихтиёрий равишда ўзларини асиру банди этмишлар…

Кейин Туркистон туфроғида саккиз юз йил мобайнида маънавият ва виждоният отаси бўлмиш зот Нажмиддин Кубро ҳазратлари тўғрисида зикр эттилар. Бизнинг кўнглимизда Кўҳна Урганчга Кубро ҳазратларининг хилхонасини зиёрат этмоқ орзуси туғилди. Ва бу орзумизни оқликка тугиб, кўнглимизнинг қатига яшириб қўйдик.

Матназар оға бўлса, Кубро ҳазрат асос солган эътиқод ислом нури билан йўғрилгани боис Чингиз босқини зўравонлиги даврида аҳли Турон қалб қалъасидан паноҳ топганини беташбеҳ сўйлаб бердилар:

–Биз қўшни тоғнинг улуғлигини билмаслигимиз мумкин. Лекин жаҳоний тафаккур қудратига қодир инсонлар ҳаргиз ул ёки бул тоғнинг улуғ ёки пучмоқ эканини биладилар.

Хусусан, Навоий ҳазратлари Хоразм диёридан осмонўпар – ойдан-да баланд бир тоғ униб чиққанини билганлар.

Яъни, Кубро бобомизга чин ихлос қўйганлар. Навоийнинг ихлоси умрлик ихлос эди; ҳатто ул зот муҳрдор бўлиб, сарой хизматини, салтанат ғавғосини зиммаларига олганларидан кейин ҳам Кубровия эътиқодида собит трганлар. Бу собитлик шу қадар метин бўлганки, камина талабалик йилларида Алишербек Хоразмга ташриф буюрган бўлса керак ва йўл-йўлакай арши аълодан бир тола нур ёғилиб турган ҲИЛОС исмли ватанпарвар инсон билан учрашган, деб ўзимча тахмин қиламан. Ҳилос ким эди?

Ул элпарвар фидокорлардан бўлиб, ҳақсизликка зид боргувчи эди, етимларнинг ҳаққини ҳимоя қиларди, бечораларнинг ярасига малҳам қўярди. Шу боис осмондан бир тола нур тушиб, унинг сиймосини ёритиб турарди.

Қадим манбаларда, эҳтимол, навқирон Алишербек тарихий шахс ҲИЛОС билан учрашгани қайд этилмагандир. Эҳтимол, ўшанда Алишербек келажак билан учрашгандир, деб турли фаразлар илгари сурилади. Балки шундайдир. Боз устига, яна бошқа манбаларда Алишербек учратган нажоткорнинг асил исми ҲИЛОС эмас, балки ЙАЛАС эди, деб эътироф этилади.

Ҳилос “халоскор” маъносини англатса керак, дейилади баъзан.

Менимча, бу сўзларнинг том маъноси “тўғри, тартибли” демакдир. Бу гапнинг ишончли эканини 1993 йили “ФАН” нашриётида чоп этилган “Навоий асарлари учун луғат” китоби ҳам тасдиқлаб турибди. Луғатдаги изоҳ нуфузли олимлар томонидан тузилгани инобатга олинса, “халоскор” бўлиш учун, аввало, “тўғри, тартибли” бўлиш лозимдир. Бундан ташқари, туркий манбаларда “Ҳилос” сўзи аслида, боя айтганимиздек, “ЙАЛАС” шаклида пайдо бўлган, деб таъкидланади. “Йалас” сўзи ёзма манбаларда кўпинча “АЙЛАС” кўринишида ҳам ёзилади ва “текислаш, силлиқлаш, юмшатиш” маъноларини англатади.

Хулласи калом, дўстлар, Алишербек ёшлигида ўзининг келажаги билан, яъни паҳлавон ҲИЛОС билан учрашган эди.

Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Биз адабиёт ва ватаниёт ихлосмандлари Матназар оғанинг фикр-мулоҳазаларидан чандон қониқиш ҳосил қилган бўлсак-да, аммо қадимий манбаларни ёзиб қолдирган мирза ёки хаттот андак бадхатроқ бўлган ёхуд саводи бир оз поёнига етмаган бўлса, Алишербек оғзаки эътироф этган зотнининг муборак исмини чалкашроқ, нотўғрироқ, тескарироқ, пойма-пой ёзган бўлиши ҳам мумкин. Қайдам. Илм ва айниқса, ҳақиқат баҳс-мунозараларда ойдинлашади. Иншооллоҳ, бизнин мунозара яна тарихга ойдинлик киритар деган умидда бедормиз.

Демак, Алишер Навоий ёшлик йилларида ёки йигитлик чоғида ҳазрат Нажмиддин Кубро хонакоҳини зиёрат қилмоқ ниятида Кўҳна Урганч сафарига отланган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Манбашунос олимларимиз бу ҳақда нима дейишар экан?

Жавобларингизни кутамиз, азиз зуккою зийрак муштарийлар!

Баноқ СУМЗЎРБАН

(“Ватан” газетаси, 1994 йил 17 – 23 феврал, 4-сон.)

***

Бу чистон-мақола юзасидан ҳам айрим изоҳ лозим кўринади.

1.”ҲИЛОС” ихтиёрий-мажбурий ҳижратга юз бургач, орадан ўн ой ўтар-ўтмас шоир Усмон Азим раислигида ташкил этилган “чўнтак партия”нинг фикр тарқатувчиси “Ватан” газетасида эълон қилинган мақола, аслида, гўё ҳазрат Навоий таваллудининг 553 йиллик санасига бағишланган эди. Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур: “Билмон, не жарима била Султон Абусаид мирзо (Алишербекни) Ҳирийдин ихрож қилди”, деб ёзади хотира китобида. Навоий ўз асарларида Бобур мирзонинг бобоси бўлмиш Абусаид мирзо ҳақида салбий фикр билдирмайди, айни чоғда “Мажолис ун нафоис”да ҳам унга махсус тўхталмайди. Давр қоидалари бўйича темурий шаҳзодалар тўғрисида ёмон гап айтиш гўё СССР даврида Москвага бориб Ленин мақбарасида “Лазги”га рақсга тушишдек бир нарса ҳисобланарди.

Қиссадан ҳисса шуки, 25 яшар Алишербек Самарқандда талабалик чоғлари Бухоро – Ҳазорасп – Хонқа – Янгибозор – Тошовуз – Кўҳна Урганч йўналиши бўйлаб саёҳат қилган бўлиши мумкин.

Аммо Қорақум, Қизилқум саҳроларида “қозоқлик қилиб юрган” Ҳусайн Бойқаро билан зимдан кўришиб, Абусаид мирзога қарши фитна ҳозирлаяпти деган туҳматдан қўрқиб, Кўҳна Урганч саёҳати тўғрисида лом-мим демайди.

Эҳтимол, 483 йилдан сўнг Янгибозорнинг Беклар ўрамида қайсар бир шоир дунёга келажагини тусмол қилгандир.

Бу ҳақда “Навоий Ҳилосни кўрганми?” мақоласида ҳақиқатга ёвуқроқ фараз илгари сурилади.

ҲИЛОС тескари ўқилса ва ёзилса СОЛИҲ пайдо бўлади. Маҳаллий Диктатор ИАКнинг №1 рақиби мартабасини олган шахс номини тескари айтиш ва ёзиш ясоқ бўлган даврда ул нобакор номини салкам 10.000 нусхада чоп этиладиган “Ватан” газетаси саҳифаларида эълон қилиниши, мусулмонлар, ўтакетган шаккокликдан бошқа нарса эмас эди.

2. 1994 йил 17 феврал куни эрталаб соат 10. 30 да Президентнинг давлат маслаҳатчиси Усмон Азим “Ватан” газетасининг бош муҳаррири Ёқубжон Хўжамбердига телефон қилиб: “Яқубжан, нима қилиб қўйдинғиз!” деб заҳрини сочади. “Нима қиппан, Усмонжан?” деб титраб-қақшайди газета бошлиғи. “Нима қилғанингизни телепонда айтиб бўлмайди. Тез ҳузуримға келинг! Йўқ, келманг ҳузуримға! Ленин жандармдан яшириниб яшаб юрган чайлада учрашамиз!” деб пишқиради маслаҳатчи-шоир.

Ёқубжон аканинг роса боши қотади: “Ленин яшаган чайла қайда эди?” деб таниш-билишларига бир-бир телефон қилиб чиқади. Ҳеч кимдан тайинли жавоб ололмайди, аммо зийрак котиба Севарахон “Ёшлик” журналининг 1984 йил №9 сонини хўжайин столиға келтириб ташлайди. Ўзи қандай қовун туширганини аниқ билмасдан хуноб бўлиб ўтирған Ёқубжон Хўжамбердининг фиғони фалакка чиқиб, 10 йил олдин чиққан эски журнални дераза томонга улоқтириб юбормоқчи бўладию беихтиёр ички саҳифасига кўзи тушиб жилмаяди:

–Ия, жонажон партиямиз раиси Усмон Азимнинг Ленин бобоға бағишланган ҚАСИДАси чоп этилган экан-ку! – деб қичқиради.

Дарҳол сигарет тутатиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг XVI Пленумига бағишланган қасидани ифодали ўқишга киришади:

Мадҳиялар битиб ўрганмаганман
(Ерда қолгани йўқ
Шоирнинг байти) –
Замон,
сенга боқиб
ҳис қилдим бирдан –
қасида ёзмоқнинг
етишди пайти…
Партия,
аниқ
ўлчадинг
замоннинг бўйи-бастини,
мен кўриб турибман,
юрагинг –
ёниқ,
мен кўриб турибман
ҳалол дастингни.
мен ҳам
мудом
ёниб юрган инсонман,
шиддатингдан
яна
минг марта ёндим.
Ва, бутун
қадоққўл Ўзбекистондай
Ленин
тирик экан –
ишондим!

Ажабки, Ёқубжон ака Қасидани бир ўқишда ёдлаб олади ва кўнгли ёришиб, сигарет қолдиғини кулдонга эзғилаб ўчирадию беихтиёр собиқ Ленин музейига бориб, эски доҳийнинг чайласини кўздан панароқ жойдан топади. Бирпас каловланиб туради ва Девонга йўл олади. Энди кўнгли хийла равшан тортган эди: партия раисини кўрган заҳоти Қасиданинг икки мисрасини ёдаки ўқиб юборса, муаллиф эриб кетиши турган гап!

Орадан 20 дақиқа ўтар-ўтмас Девоннинг учинчи қаватида Чекиш жойида учрашадилар.

–Бу нима? – дейди Усмон Азим газетани очиб, “Навоий Ҳилосни кўрганми?” мақоласига кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб.

–Навоийға бағишланған мақола, – деб кулимсирайди Ёқубжон Хўжамберди.

–Қанақа Навоий! Қанақа Навоий! – деб хуноб бўлади давлат маслаҳатчиси. – Ахир… – деб кўрсаткич бармоғини “ҲИЛОС” сўзи устига ниқтаб, тескари томонга сидириб ҳижжалаб ўқийди: – С О Л И Ҳ.

–Вой аблаҳ-ей! – деб юборади нохос Ёқубжон Хўжамберди. Пешонасидан тер чиқиб кетади, бирдан шалвираб қолади. – Вой аблаҳ-ей…

–Буни ким ёзган?

–Муаллифи уч киши.

–Асқар Маҳкамнинг ишими бу? Рустам Шоғуломов уни ишга олмағин деса ҳам, сизнинг юзингиздан ўта олмасдан рози бўлган эдим. Мана, оқибати!

–Ундай эмас, Усмонжон. Бу мақолага Асқар Маҳкамнинг алоқаси йўқ. СУМ – МУСУЛМОН, ЗЎР – РЎЗИМБОЙ, БАН – НАБИЖОН, – деб изоҳ беради бош муҳаррир. – Нима қилай, Усмонжон? – деб мўлтирайди. – Учовини ҳам КЗОТ бўйича ишдан ҳайдайми?

–Йўқ, ишдан ҳайдалса, осон қутилиб кетишади.

–Ҳайфсан эълон қилайми?

–Э-э, садқаи сар, Яқубжан! Агар Рустам ака “қулоқлари” орқали ҲИЛОС ҳақида мақола чиқиб кетганини билиб қолса, юз фоиз аниқки, газетани сразу ёптиради, аблаҳ!

–Ишқилиб, “Ватан тараққиёти” партияси ҳам ёпилиб кетмайдими, Усмонжон?

–Э-э, партия нима бўпти! Ёпилса ёпилади-да! Лекин ўзим газетада бир туркум янги шеърларимни икки саҳифада эълон қилмоқчи эдим, – деб афсусланади шоир.

–Нима қилай? Ҳар биридан алоҳида-алоҳида “Тушунтириш хати” ёздириб олайми?

–Э-э… – Жаҳл билан қўл силтайди Усмон Азим. – Ишхонага бориб ҳеч нарса бўлмагандек жимгина ўтиринг. Тсс… – Кўрсаткич бармоғини лабига босади.

Совуққина хайр-хўшлашадилар.

3. Пешиндан сўнг “Ватан” газетаси идорасига анави чистон-мақола муаллифларидан Баноқ кириб келса, ишхона ўлик чиққан даргоҳга ўхшаб музлаб ётган экан…

Чорак аср муқаддам чоп этилган “Навоий Ҳилосни кўрганми?” мақоласини шу кунларда Ўзбекистонда бирорта газета-журналда эълон қилиш мумкинми?

Мустақиллик даврида нафақт зиёлиларнинг, ҳатто аҳолининг аксарият қисми маънан эврилиш жараёнини бошидан кечиради. Чамаси, эврилиш ниҳоясига етади: палағда авлод дунёга келади.

Бу ёғи энди тўйлар муборак!

НАБИЖОН БОҚИЙ