Камбағалга қийин экан

Камбағалга қийин экан
35 views
20 April 2020 - 9:49

Шавкат БОБОМУРОД

КАМБАҒАЛГА ҚИЙИН ЭКАН

Камбағалнинг кўз ёшлари оқар салга,
Қулоқ солинг дўстлар бугун бу ғазалга,
Кўп ишлари ошмагандан сўнг амалга,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Битта – ярим бўларкан шу замонда ҳам,
Кимларгадир ёқмаяпман туманда ҳам,
Дўстлар айтинг борми сизлар томонда ҳам,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Бўлса агар кўнглига сал қараб қўйинг,
Уям одам, корига бир яраб қўйинг,
Кўнгил учун майли кўнгил сўраб қўйинг,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Бировлар уй, бировлар тўй қилаяпти,
Ким ачиниб кимдир эса кулаяпти,
Билмай қолдим нима бўлса бўлаяпти,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Кутмагандим, камбағаллик бошга тушди,
Ўлсин пашша шу кунларда ошга тушди,
Арпа – буғдой эккан эдим тошга тушди,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Тўлдиришнинг иложи йўқ кам – кўстингни,
Учратмайсан йўлларингда ҳам дўстингни,
Калта қилиб қўйди афсус сал дастингни,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Кечалари ётиб эркин ухлолмайсан,
Қариндош – у яқинларинг йўқлолмасанг,
Ота – энанг берган нонни оқлолмасанг,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Ишлаш қийин экан танинг соғ бўлмаса,
Еган ботмас, кайфиятинг чоғ бўлмаса,
Кўкрак дема, кўкрагингни тоғ бўлмаса,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Борай деган жойингга ҳам боролмайсан,
Жўрангга ҳам дардингни бир ёролмайсан,
Хотинингнинг кўзига тик қаролмайсан,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Шомни ўйлаб бошланар тонг-азонинг ҳам,
Ойлаб сувда турар экан қозонинг ҳам,
Қоққан билан кетмайди чанг-тўзонинг ҳам,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Гоҳ бажариб, бажармайсан фарзингни ҳам,
Тинглагиси келмас дўстинг арзингни ҳам,
Минг чиранма узолмайсан қарзингни ҳам,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Ота – энанг билдирмасдан оҳ тортади,
Уйингнинг ҳам деворлари зах тортади,
Рўзғорингнинг камчилиги шох тортади,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Кийингиси келар ўғил – қизингнинг ҳам,
Қанча орзу – ҳавасинг бор ўзингнинг ҳам,
Кучи тугаб бораяпти сўзингнинг ҳам,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Йиқилсанг ҳам йиқиласан юзинг билан
Икки қўлинг овворадир кўзинг билан,
Қўлтиғингдан ўғлинг олар , қизинг билан,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Тўй-ҳашамга чиққинг келмас унчалар ҳам,
Кимлар айтар, қийналдингми шунчалар ҳам,
Янтоқ бўлиб кўринади ғунчалар ҳам,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Одам бўлиб бораяпти болаларим,
Тўй қил , дейди тушунмасдан холаларим ,
Яратганга етар бир кун нолаларим ,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Қорним тўйган кунни тўй деб қўйдим ўзим,
Овлоқларда кўз ёшимдан тўйдим ўзим,
Илож қанча ноҳақ гапдан куйдим ўзим,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Шукр бешта фарзанд берган манглайимга,
Бойлик эмас, сўз берибди танглайимга,
Биров қарар, биров қарамас раъйимга,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Насиб бўлса юртбошимдан умид катта,
Камбағаллик тугатилар мамлакатда,
Бу гап бўлди дунёда биринчи марта,
Камбағалга қийин экан, камбағалга.

Шавкат шоир дамингни ол, етар энди,
Айтаверсанг сўзнинг қадри кетар энди,
Худо дегин бу кунларинг ўтар энди,
Камбағалга қийин экан, камбағалга…

facebook.com