Журналистларга нисбатан таҳдид ва босимлар ҳамон давом этмоқда

Журналистларга нисбатан таҳдид ва босимлар ҳамон давом этмоқда
180 views
23 April 2020 - 5:00

Фарғоналик таниқли журналист Шарифахон Мадраҳимованинг Human.uz сайтига берган интервьюсини эшитиб, Ӯзбекистонда журналистларга нисбатан таҳдид ва босимлар ҳамон тӯхтамаётганига яна бир карра иқрор бӯлдик.

Учкӯприк туман ҳокимлиги томонидан коронавирус пандемияси пайтида аҳоли учун туман марказидаги бозорда арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилмоқда, деган хабарларни холис ӯрганишга чоғланган журналистга Учкӯприк туман ҳокимлиги котиби Шоҳижаҳон Мӯйдинов ошкора тарзда ҳужум қилган.

Хӯш, бу нимани англатади?

Туман ҳокими котибининг журналист Шарифахон Мадраҳимовага қарши ҳужуми;

журналистнинг туман марказида уюштирилган савдо ярмаркасини тасвирга олишига қаршилик кӯрсатиб, уни қӯлидан қайриган ҳолда уяли телефон аппаратини тортиб олишга уриниши;

туман ҳокимлиги мутасаддиси журналистни туман ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бӯлими ходими Акмалжон Мадраҳимов билан бирга мажбурий равишда ички ишлар бӯлимига олиб бориши;

органда икки соатга яқин ушлаб туриши;

ҳар хил босимлар ӯтказиши;

журналистга жиноятчи сифатида қараши;

журналистнинг телефонини тегишли органларнинг ҳеч қандай қарорисиз тортиб олиши ва рухсатсиз шахсий ёзишмаларини текшириши, телефонда олинган тасвирларини ӯчириб ташлаши;

журналистнинг шахсини аниқлагандан кейин унга рухсат бериш учун туман ҳокимининг буйруғини кутиши каби ҳаракатлар Ӯзбекистонда “тӯртинчи ҳокимият” вакилларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ҳали шаклланмаганидан, ҳукумат вакиллари “жамият табиби” дея эътироф этилган журналистларни амалда менсимаслигидан, уларга паст назар билан қарашда давом этаётганидан, шунингдек, соҳа мутахассислари амалиётга тадбиқ этилган қонунлардан бехабарлиги, савиясизлигидан яққол далолатдир.

Журналист Шарифахон Мадраҳимова билан кечган ушбу воқеаларга нафақат туман ҳокимлиги, прокуратураси, балки вилоят ҳокимлиги ҳамда Ӯзбекистон Республикаси прокуратураси ва журналистлар билан шуғулланадиган барча мутасадди ташкилотлар холис баҳо бериши керак. Акс ҳолда журналистларга ҳар хил босимлар бундан кейин ҳам кучайишда давом этаверади.

Рўзибой Азимий

facebook.com