Миллат қахрамонлари унутилган юрт

Миллат қахрамонлари унутилган юрт
138 views
26 April 2020 - 13:45

МИЛЛАТ ҚАХРАМОНЛАРИ УНУТИЛГАН ЮРТ

Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Пасхага совға қилинган бутхона хақидаги хабарни ҳеч хазм қилолмаяпман. Тўғри, босқинчилар ҳам кимнингдир дилбанди, оддий аскарлар. Улар Рус империясининг босими остида юрт талашга келган. Бироқ, барча дўстларим тўғри таъкидлаётгандай қонхўр империя, тузумдан азият чеккан, ўз юртини, ўз тупроғини ҳимоя қиламан деб қурбон бўлганларга эҳтиром қани?

2018—йили тарихчи Анвар Назиров қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузурида ташкил қилинган Маданият ва туризмни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кенгашига аъзо бўлганимиз ва фалон куни мажлисга йиғилишимиз кераклигини айтди. “Тошкент ва пойтахт атрофида унутилган, хароб тарихий обидаларни қайта тиклаб, кўпроқ туристлар ташриф буюрадиган жойларга айлантиришар экан. Шунга фикр ва таклифларингиз бўлса қайд қилиб олинг, ҳокимиятда учрашамиз” деди.

Ўша кенгашда бир қанча зиёли, Ватанпарвар дўстларимиз, тарихчи олимларни кўриб жуда хурсанд бўлган эдим. Улар қуруқ келмай, ўз таклифларини ёзиб келишган эди. Бошқалар қатори мен хам сўз олиб йигирмага яқин таъмирталаб тарихий, маданий меросларимизни санаб, уларга эътибор қаратиш лозимлиги хақида таъкидладим. Ҳеч қанақа хайкал, хатто бирорта белгига лойиқ кўрилмаган миллий қаҳрамонларимиз исм- шарифларини санаб ўтдим.

Рус қўшинларини Иқонгача қувиб бориб, Черняевга қарши мардонавор курашган Оллоқулихон, Султон Саъидхонлар шарафига шаҳарга кираверишда бирор ёдгорлик ёки лавҳ ўрнатишни таклиф қилдим. Қўқон дарвозани ҳимоя қилган Қўшфармончи Қипчоқ бошчилигидаги аскарлар, Қашқар дарвозани сўнги томчи қонигача душмага бермаган Мирза Аҳмад қушбеги сарбозлари хақида ўша тарихий дарвозаларнинг ўрнида ҳозирги авлодларда Ватанпарварлик туйғуларини уйғота оладиган мемориал обидалар қад ростлаши кераклигини айтдим. Эшон Шарифхўжа Офоқхўжа ўғли, эшон Ҳожихон Солиҳҳожи юзбоши ўғли, Саъид Аҳрорхўжа Сотиболдихўжа ўғли, пичоқчи уста Содиқ Назар, ўратепалик Хидирназар заргар ва бошқа зиёли вакилларининг қахрамонликларини асло унутиш мумкун эмаслигини ҳам баён этдим.

“Черняев ким бўлганини Черняевка деган қишлоқнинг номидан бўлса ҳам биладиган болаларимизга миллий қаҳрамонларимизни танитмасак бир кун бизга лаънат айтишмайдими?

Рус империясига қарши шаҳар Мудофасига барча шаҳар аҳолиси отланиб, хатто болалар, қариялар ва йўқсил ғариблар ҳам мужоҳидлар ва ғозийларга сув ҳамда озиқ-овқат етказиб турганлигини эслатадиган муҳташам ёдгорлик шаҳарнинг тўрт томонидан кўриниб турадиган жойда қад ростлаши кераклигини айтдим.

Босқинчиларга қарши Иқон жангига кетаётиб қаҳратон совуқда оёқ-қўллари, юз-кўзлари музлаб қолган 16-18 ёш йигитларни унутиш кечириб бўлмас жиноят эканлигини эслатдим.

Лекин шунча таклиф увол бўлди, чунки бизни чақириб мажлис ўтказган амалдорлар калла лиққиллатиб ўтиришдан бошқасига ярашмади. Улар Тошкент мудофаасида қатнашган миллий қаҳрамонларимизнинг эмас, ўша вақтда шаҳарни сотган сотқинларнинг авлодидан экан!

Хуллас, Тошкент шаҳар ҳокимияти вақтимизни олиб кераксиз мажлисларига таклиф этгани қолди холос.

Энди ўша Бутхонага келсак.

Чор Россияси қўшинлари Тошкентга Камолон тепалиги ва Камолон кўчаси бўйлаб ҳужум қилган. Камолон кўчасининг ҳар икки томони 19-асрнинг 60—йиллар охирида ҳам вайрона ҳолда сақланган. Бу матонатли камолонликларнинг босқинчиларга қанчалик қаттиқ қаршилик кўрсатганидан далолат беради.

Тошкентни Тошкентликлардан ташқари Қўқонликлар, Хўжанд, Ўратепаликлар ва бошқа юртдошларимиз ҳам мардона ҳимоя қилишган. Бугун 15 кунлик рўйхат билан сийланган “бегоналар” нинг боболарини ўрис аскаричалик ҳурмати йўқми?!

Ҳурматли Ж. Ортиқхўжаев! Агар озгина ғурурингиз бўлса маҳалланинг Офтоб кўчасида энди тарихий ҳақиқатни акс эттиргувчи мажмуа бунёд этинг. Черняев даврида қурилган бутхонани рўпарасига Тошкентни тиш-тирноғи билан ҳимоя қилган Ватандошларимизга ҳам махобатли ёдгорлик қурдиринг ва каттакон лавҳга босқинчилик тарихи хақида рўйи-рост ёздириб қўйинг, акс ҳолда сиз шаҳар ҳокими эмас, миллат хоини сифатида тарихда қоласиз.

Муаззам Иброҳимова

facebook.com