Парчаланган Ватан Марсияси

Парчаланган Ватан Марсияси
164 views
26 April 2020 - 19:19

“Чин деворига қонли битиклар” туркумидан

Парчаланган Ватан Марсияси

Бу зулмат кечалар кечмазми энди?
Кўк қаро тўнини ечмазми энди?
Миллат Ҳақ йўлини сечмазми* энди?
Беш бармоқ мушт бўлмаз,
Ватан тирилмазми?

Сен мушки Хўтандан баҳс этма шоир,
Ҳар сўзинг ғанимга қулликка доир,
Ватан элдан кетса кимга керак йир**?
Виждонлар уйғонмаз?
Ватан тирилмазми?

Бағри қон Турфонни кўрмаз қароқлар,
Фурқатлар фурқатда чекадир оҳлар,
Пайтавага дўнган энди байроқлар,
Йиқилган қалқмазми?
Ватан тирилмазми?

Қашқарда нима гап, Чинда не хабар?
Измирнинг иши йўқ, Боку бехабар,
Ал-амон, ал-мадад, йо Ҳу, ал-ҳазар!
Бу эл эл бўлмазми?
Ватан тирилмазми?

Бухоро уйқуда, Самарқанд сармаст,
Хўжандда садо йўқ, Ишқободда сас,
Наҳотки кечмишдан ололмадик дарс,
Замон кечмазми?
Ватан тирилмазми?

Бир куни жон таслим этар Остона,
Пишпекдан қолмагач асло нишона,
Наҳот Тошкент омон қолса, девона,
Турон тура олмаз,
Ватан тирилмазми?

Аждарҳо пойига номусни ота,
Нафсга қул бўлиб, ўзни йўқота,
Бору йўғимизни арзонга сота,
Тугаб бормакдамиз,
Ватан тирилмазми?

Юртда сотилмаган нимамиз қолди?
Отамиздан қолган энамиз қолди,
Ҳа, яна бир тешик кемамиз қолди,
Денгиз тўлғонмазми?
Ватан тирилмазми?

Бу зулмат кечалар кечмазми энди?
Кўк қаро тўнини ечмазми энди?
Миллат Ҳақ йўлини сечмазми энди?
Беш бармоқ мушт бўлмаз,
Ватан тирилмазми?

Санкт-Петербург, 2012 йил.

*сечмак (ўғуз лаҳжаси) – танламак.
**йир – (қипчоқ лаҳжаси) – шеър.

Зариф Султони