Навбатдаги чўпчаклар муборак бўлсин халқим

Навбатдаги чўпчаклар муборак бўлсин халқим
42 views
29 April 2020 - 14:18

Энди бисмиллоҳ деб 86 нафар депутатни танқид қилишни бошлаймиз.

Ҳолбуки ЕОИИга 86 нафар депутат эмас, 86% депутат қарши чиққан тақдирда ҳам Мирзиёев ҳукумати барибир ӯз билганидан қолмас эди. Аниқроғи, бу масала кеча эмас, анча илгарироқ ҳал бӯлган эди.

Иттифоққа кузатувчи сифатида аъзо бӯлишга қарши чиққан 34 нафар депутатларнинг ҳаракати, албатта таҳсинга лойиқ. Улардан, албатта, миннатдормиз. Аммо, шу билан бирга, биз овозлар ҳукуматнинг казо-казолари томонидан тақсимланган бӯлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, деган фикримиздан ҳам қайта олмаймиз.

Бизнингча, бу рақамлар Ӯзбекистонни кузатиб турган дунё ҳамжамиятининг, шунингдек, амалдорлар тили билан айтганда, “шовқин-сурон қилаётган ӯзбек афкор оммаси”нинг фикрини чалғитиш учун ӯйлаб топилган рақамлар бӯлиши ҳам мумкин. Ҳукумат тақдим қилаётган бу рақамлар, мабодо халқаро ҳамжамият олдида (асло ӯзбек халқи орасида эмас) норози томонлар кучайиб кетгудек бӯлса, “биз ЕОИИга депутатлар овози асосида кузатувчи бӯлиб қӯшилдик”, деб ҳисобот бериши учунгина керак.

Демак, биз 86 нафар боёқуш депутатни эмас, Парламент сайловини адолатли ӯтказа олмаган ҳукуматнинг, ЕОИИга тааллуқли шахсан Мирзиёевнинг сиёсий позициясини айблашимиз мақсадга мувофиқ.

Ҳукуматнинг бу сиёсий тутуми, навбатдаги чӯпчаги кимларнидир тегирмондан чиройли қилиб омон олиб чиқишга хизмат қилди, холос, халқнинг кӯз ӯнгида эса бечора 86 нафар депутат сотқину хоин сифатида намоён бӯлди.

Ӯзбек ҳукуматининг Русия йӯриғига юриш нияти йӯқ бӯлганида эди, у ҳолда бу каби жиддий масалани – ЕОИИга кузатувчи сифатида қӯшилиш масаласини референдум орқали ӯтказган бӯларди. (Ахир буни ӯзбек халқи ҳам бир неча марта талаб қилди). Бизда эса, халқ бу масала бӯйича йиғилиш бӯлиб ӯтганини депутатлар овози расман эълон қилингандан кейингина билишди.

Навбатдаги чӯпчаклар муборак бӯлсин халқим!

Рўзибой Азимий

facebook.com