Номи қора иттифоқ

Номи қора иттифоқ
118 views
29 April 2020 - 14:23

Куни кеча Тошкентни босиб олишда ҳалок бўлган бутхона ва тил мавзусини муҳокама қилган ўзбекистонликлар яна Россия таъсири билан боғлиқ бошқа масала устида мунозара қилмоқда.

28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги бўйича якуний қарор олган.

Депутатлар Ўзбекистоннинг Иттифоқ таркибида кузатувчи давлат мақомида бўлишини қўллаб-қувватлаганлар.

Аксар блогерлар ва фаоллар таъкидига кўра, бу Ўзбекистоннинг замонавий тарихидаги энг муҳим қарорлардан биридир.

Ҳатто, 28 апрель Ўзбекистон тарихида машъум кун сифатида қолади, дегувчилар ҳам кўплаб топилади.

Хўш, ўзбекистонликлар нега Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи масаласи бўйича жунбушга келмоқда?

Номи қора иттифоқ

Аввало бу иттифоқ атрофида шаклланган оммавий тасаввур билан боғлиқ.

Кўплаб кузатувчилар ва таҳлилчилар иттифоқни Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклаш йўлидаги уринишлари инъикоси ўлароқ кўради.

Аммо иккинчи томон, хусусан, россиялик сиёсатчилар иттифоқ заминида ҳеч қандай сиёсий мақсад ётмаслиги, у пост-совет давлатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ошириш йўлидагина ташкил этилганини таъкидлайди.

Бугунги кунда Евроосиё Иқтисодий иттифоқига собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо ҳисобланади.

Молдова эса кузатувчи давлат мақомини олган.

Иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудида ягона божхона назорати ўрнатилган.

Бундан ташқари аъзо давлатларнинг фуқаролари меҳнат мухожири сифатида ишлаётган мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишга мажбур эмас.

Иттифоқ дебочаси

Аслида, пост-совет ҳудудида иқтисодий иттифоқ ташкил этиш ғояси 1994 йилда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев томонидан ўртага ташланган эди.

Ўз вақтида қозоқ раҳбари пост-совет давлатларининг бештаси – Россия, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ва Тожикистон иттифоқнинг доимий аъзолари, дея эътироф этиш фикрини қатъий ҳимоя қилган эди.

Шунингдек, Назарбоев, кейинчалик Украина, Озарбайжон, Арманистон ва, ҳаттоки, Грузия таркибидаги автоном республикалар – Жанубий Осетия ҳамда Абхазия Иттифоқнинг тўлақонли аъзолари бўлишлари мумкинлигини айтган.

Бироқ ўша пайтда Россиянинг Ғарб билан нисбатан илиқ муносабати, улкан иқтисодий қийинчиликлар, устига устак марҳум Борис Елциннинг МДҲ билан муносабатларга ҳафсаласизлик билан қарагани Назарбоев таклифининг воқеликка айланишига имкон бермаган ва йиллар давомида бу лойиҳа бошқа масалалар соясида қолиб кетган.

2011 йилда эса ўша пайтларда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин бу масалани 2012 йилда ўтиши режалаштирилган президентлик сайлови олдидан яна кун тартибига қўяди.

Ўшанда Путин 2000 йилда ташкил этилган Евроосиё Иқтисодий Жамияти ва Россия, Қозоғистон ҳамда Белорус ўртасида 2010 йилда ташкил қилинган Божхона Иттифоқи тажрибаларига таянган ҳолда бўлажак иттифоққа аъзо бўладиган давлатларда мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш бўлишини башорат қилади.

Бироқ ўша йиллардаёқ ғарблик сиёсатшунослар ва таҳлилчилар Путиннинг бу ташаббуси Россиянинг собиқ иттифоқ давлатлари устидан назоратни кучайтириш йўлидаги сиёсий қадам эканидан огоҳлантириб чиққанлар.

Мустақилликдан айрилиш қўрқуви

Ўзбекистонда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш эҳтимоли юзасидан тарқалган хабарлар 2019 йилнинг кузида шов-шувга айланиб, кенг норозиликларга сабаб бўлди.

Норозилик кайфияти юқори эканига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг март ойида Евроосиё Иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомида иштирок этишни маъқуллаб, бу борадаги таклифни парламентга юборган.

Ундан аввалроқ Президент Мирзиёев Евроосиё блокига қўшилишнинг Ўзбекистон учун фойда ва зарарлари ўрганилаётганини айтганди.

Февраль ойида Бош вазир Абдулла Арипов агар Ўзбекистон иттифоққа аъзо бўлса, Россияда меҳнат қилаётган икки миллиондан зиёд ўзбекистонликнинг патент юкидан халос бўлиши ва бу мамлакат иқтисодиёти учун фойда эканига билвосита ишора қилган ҳамда бу масалани парламент кўриб чиқиши лозимлигини билдирган.

Эндиликда, парламент кўплаб ўзбекистонликлар машъум, дея ҳисоблаётган қарорни қабул қилди.

Ҳатто, кузатувчи бўлишни ёқлаб овоз берган 86 депутатни Ўзбекистон мустақиллигини хатарга қўйишда айблаётганлар ҳам йўқ эмас.

Йиғилишда иштирок этган жами 132 нафар депутатдан 86 нафари Ўзбекистонни иттифоқда кузатувчи бўлишини ёқлагани, 32 депутат бунга қарши овоз бергани ва 14 нафар депутат эса бетараф қолгани хабар қилинган.

Аммо депутатлар қарорини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Уларнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожи Россия билан чамбарчас боғлиқ ва карантин чекловлари туфайли миллий иқтисодиёт оғир кунларни бошдан кечираётган бир пайтда “минтақадаги энг қудратли давлат билан ўчакишиб бўлмайди”.

Парламентни қўллаб-қувватлаётганлар “кузатувчи давлат” мақомида бўлиш бугунги кунда Ўзбекистон учун сиёсий жиҳатдан энг хатарсиз йўл эканини айтади.

Бироқ қуйи палатанинг қарори Ўзбекистон иттифоққа кузатувчи мақомида аниқ киришини англатмайди.

Тартибга кўра, эндиликда Сенат бу қарорни тасдиқлаши лозим.

Айрим фаоллар Сенатнинг депутатлар қарорини тасдиқламаслигидан умид қилаётганини айтмоқда.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек