Хоразм маликаси Хонзода

Хоразм маликаси Хонзода
119 views
30 April 2020 - 5:15

Ганжи Қорабоғдан галдим қошингга.

1372 йилда соҳибқирон Амир Темур Хоразмга юриш чоғида сўфилар сулоласининг ҳукмдори Юсуф сўфи мағлуб бўлади. Сулҳ тузиш жараёни бошланади. Хонзода номи билан машҳур, Юсуф сўфининг жияни Севинбекнинг гўзаллиги Амир Темур қулоғигача етиб борганди. У катта ўғли Жаҳонгир мирзога қизнинг қўлини сўрайди. Юсуф сўфи бунга рози бўлади, аммо қизнинг ҳали сепи тайёр эмаслигини баҳона қилиб, вақтни чўзади. 1373 йил феврал ойида соҳибқирон иккинчи марта Хоразмга юришга отланади, чунки Юсуф сўфи сулҳни бузиб, қизни жўнатмай, Кат шаҳрини талайди. Вазиятни ўнглаш учун, сўфи тезда элчилар жўнатади. Юриш бўлмайди.

Олтин Ўрда бекларидан Нангудайнинг ўғли Оқ сўфи Ўзбекхоннинг қизи Шакарбекга уйланганди. Шунинг учун, уларнинг қизи Севинбек, нафақат чиройда, балки насабда ҳам танҳо эди. Тўй тараддуди ҳам шунга яраша бўлган. Амир Темур Хоразмга келинни олиб келишга чингизий беклардан: Ёдгор барлос, Довудбек ва Ўлжатойбекларни жўнатади. Улар тақдим қилган совғалар орасидақимматбаҳо мато, олтин иплар билан тикилган парча, хитой ипаки, қул, отлар бор эди. Хоразмда бошланган тўй Самарқандда давом этди.

Амир Темур Хонзоданинг кутиб олиш учун, шаҳар дарвозасига барча уламо, шайх, чингизий маликаларни юборади. Шаҳар тўлиқ безатилади. Олтин тангалардан иборат сочқилар йўл бўйлаб махсус тикилган оқ уйгача сочилади. Хонзоданинг устидан тинимсиз сочқилардан, унинг бўй-басти тилларга кўмилади. Келин-куёв учун тикилган махсус оқ уйнинг (чодир, ўтов) ичи гавҳару дурлар билан безатилганди. Куй-мусиқа авжида эди. Бу “Зафарнома”даги тарих.

1374 йилда нишонланган тўйнинг оғзаки тарихи ҳам сақланиб қолган. Хоразмлик машҳур қўшиқчи Сафо муғанний Жаҳонгир мирзо номидан айтилган қўшиқ сўзларини Тамарахонумга 1934 йилда ўргатган эди. Аммо Тамархонум коммунизм сиёсати туфайли, қўшиқни халқ сўзи деб ижро айтган. Айнан шу репертуар учун Тамарахонум 1935 йилда Лондонда бўлган халқаро фестивалда олтин медални қўлга киритган. Олтин сочқилар билан бошланган тўйнинг қўшиғи олтин медал билан 561 йил ўтиб Лондонда тақдирланган. Сафо муғанний томонидан ёзилган қўшиқ матни қўйидагича:

Ганжи Қорабоғдан галдим қошингга,
Санга жоним фидо қилмасам бўлмас,
Қўшармисан бошинг менинг бошима?
Йўлингда жоним фидо қилмасам бўлмас.

Юзинг ўхшар ўн тўрт гежали ойга,
Оқ юзингга сочинг зулфлари соя,
Базм айлаб ўтирган Тилло саройга
Очиб жавоб барсанг гирмасам бўлмас

Рўзи қилса ғам шаърини балоси,
Уларга кирмаса, оҳим садоси,
Ўлтурган парилар дардим давоси,
Саройдин соллониб чиқмасам бўлмас.

Саройинг баландда қирқ зинапоя,
Юзингни ўхшатдим шамси ва ойя(ойга).
Сарога тушма бўлиб сан зоя,
Насиб бўлса сани ёшласам бўлмас,

Узоқдан қарасам манглайинг ёзиқ,
Кийганинг хулладир, беллари нозик,
Билакга ярашар тилло билозик,
Қўлларинг бўйнима солмасам бўлмас.

Ошиқ сангга ойтиб тонгни оттирдим
Ок сийнамни аёзларда қотирдим.
Ой юзингни кўриб ақлим шощирдим.
Тилагим бир бўса бармасанг бўлмас!

P.S. Ушбу қўшиқ тарихини топишга яқиндан ёрдам берган ажойиб инсон, ҳақиқий Хоразм фарзанд-тарихчилари Анвара Отамуродова, Латофат Абдураимовага ва Тамарахонум уй-музейи ходими Муҳиддин Тошоваровга миннатдорчилик билдираман.
каналга уланиш учун

Манба: facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди