Дунё 2012 йилга хавотир билан қарамоқда…

Диктаторлар кетди, лекин майдонлар негадир бўшамади. Халқ хайқириғи ва чақириқлари ўрнига яна сиёсат келди.

Дунё 2012 йилга хавотир билан қарамоқда…
53 views
04 January 2012 - 6:24

Тахтига махкам ёпишиб олган диктаторлар башарасини кўришдан зериккан халқларнигина эмас, балки, демократик дунё деб аталувчи илғор мамлакатларнинг фуқароларини хам кўчага олиб чиққан 2011 йил нихоясига етди. Бутун бошли тузумларни ўзгартирган, сиёсатшуносларнинг бошини хали анча қотирадиган бу қўзғолонлар, дунёда янги бир давр бошланаётганидан дарак беради. Дунё мамлакатлари ўртасидаги мувозанатини озми кўпми сақлаб турган эски тартиблар ва шартномалар энди йўқ. Қудратдаги элита вакиллари жамият билан мулоқотда фойдаланадиган усуллар хам иш бермаяпти, муносабатларнинг янги формати эса хали ишлаб чиқилмаган.

Маълумки, Time журнали хар йилнинг сўнгида бирон бир сиёсатчи ёки номдор юлдузни йил одами деб эълон қилади. Бу йил журналнинг муковасида Йил одами сифатида, юзининг ярми тўсилган намоишчининг сурати намоён бўлди.  Time нинг бу ишорасида, 2011 йилнинг доирасидан хам ташқарига чиқадиган маъно бор.

 

“Араб бахори” деб ном олган инқилоблар ва Лондонни оловга буркаган намоишлардан тортиб, “Уолл стритни эгалла” харакатидан Жанубий Европа ва Москвадаги оммавий чиқишларгача бўлган воқеаларни сиёсий тарозида тортиб кўриш жуда хам мушкул. Хозирда шуниси аниқки, хар хил жамиятлар интилаётган ва яшаётган нисбий барқарорликнинг хамда шу пайтача амалда бўлган хаётий стандартларнинг емирилмаслиги хақидаги ақидаларнинг вақти битди.

2011 йилни ларзага солган воқеаларни “Твиттер инқилоби” деб хам аташяпти. Бунда хам хақиқат бор, чунки, интернетдаги ижтимоий тармоқлар норозилик акцияларига, ананавий сиёсий механизмларга хос бўлмаган жихат беради. Майдонларга, кўчаларга митинга чиқаётган фуқаролар энг аввало Твиттер ва Фейсбук каби ижтимоий тармоқлар орқали ўз харакатларини мувофиқлаштирдилар.

Бироқ, диктаторлар кетди, лекин майдонлар негадир бўшамади. Халқ хайқириғи ва чақириқлари ўрнига яна сиёсат келди. Мисрдаги инқилобдан сайловда ғалаба қозонган “Мусулмон биродарлар” билан бўлаётган воқеалар бунга яққол мисол…

Нима бўлган тақдирда хам янги коммуникация воситалари, аввалги партиябозлик ва ғояпарастлик асосидаги бирлашувларга ўрин қолдирмади. Энди майдонга чиқиб, “Йўқолсин! Даф бўлсин!” дейиш учун бирон бир партияга ёки харакатга аъзо бўлиш шарт эмас. Твиттер ёки Фейсбукдаги сахифангизни кузатиб борсангиз бўлди. Ижтимоий тармоқлар сиёсий партияларга бўлган эхтиёжни кескин камайтирди. (Қизиқ, бу яхшими ёки ёмонми?)

Бир сўз билан айтганда, ўтган 2011 йилда, дунёвий меъморчилик анъанасига дарз тушди. Бу анъана бутунлай бузиб ташланадими ёки капитал таъмирланадими, хозирча номаълум.

The Financial Times газетасининг захархандалик билан эътироф этишича, янги 2012 йил, “Инқилобчи одам” характерини ўрганувчи  мутахасислар учун янги имкониятлар беради, чунки халқаро молиявий вазият хали бери яхшиланмаслиги ва кўчалардаги “хавфли вазият”нинг сақланиб қолиши хақида башоратлар бор.

Россиянинг Газета.ру сайти хам шу фикрда. “Ташқи вазиятнинг таранглиги ортиб боришини ва Россияда 2011 йил сиёсий кризис билан якунланаётгани хисобга олинса, (бунга тайёр туриш хақида социолог ва иқтисодчилар йил бошида огохлантирган эдилар) 2012 йилда жамиятдаги икки гурухдан – майдонга чиққан митингчилар ва фуқароларнинг ишончини қайта қозонишни ўйлаётган сиёсий элита гурухигача –  жуда эхтиёткор ва хисоб китобли бўлиш талаб этилади” деб ёзади Газета.ру хавотир билан.

Хавотирлар асосли. Чунки, Россияни парчалаб юборишга қодир бу икки гурухнинг харакатлари унчалик умидбахш эмас. Аниқ мақсадга ва кўпчиликнинг ишончига эга эмаслиги кўриниб турган мухолифатнинг норозилик чиқишлари аста секин сиёсийлаштириляпти, Россия хукумати эса ўзининг барча куч қудратини 4 мартдаги сайловдан кейинги сиёсий хукмронлигини сақлаб қолишга йўналтирган. Агар воқеалар шу йўсинда ривожланса, Россиядаги бўлажак президентлик сайлови танклар ва аскарлар ёдамида ўтказилиши хам эхтимолдан холи эмас.

yangifikr.com