Халқни чалғитишга уринманг

Халқни чалғитишга уринманг
84 views
03 May 2020 - 13:55

ХАЛҚНИ ЧАЛҒИТИШГА УРИНМАНГ

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Матбуот хизмати “Сардоба” сув омборида рўй берган кўнгилсиз ҳодиса юзасидан муносабат билдирибди.

Тўғриси, мана шундай оғир бир вазиятда шунақа шармандали муносабат билдиргандан кўра жим турган афзал эди.

Асосан қутқарув ишлари амалга оширилгани ҳақидаги ҳисоботни келтириб ўтишибди. Аҳолига кўрсатилаётган ва халқимизнинг бирдамлиги, бундай оғир вазиятда кимдандир айб қидириш яхши эмаслиги ҳақида айтиб ўтишибди.

Ҳа, ҳар қандай кулфат келганда халқимизнинг бирлашиши, бир-бирига ёрдам қўлини чўзиши бу минг йиллик қадрият. Қидирув-қутқарув ишлари ҳам фавқулодда вазиятлар ва бошқа тегишли вазирликлар томонидан амалга ошириляпти, буни узундан-узоқ “отчет” қилиш шарт эмас эди. Жавобгарлик масаласини булар билан хаспўшламанг.

“Мутахассислар томонидан ушбу табиий офатга ёмғир ёғиб, кучли шамол бўлганлиги сабаб қилиб келтирилмоқда…” дейилибди. Хўш, қайси мутахассислар? Ўша тўғон қанча босимдаги сувга бардошли эди-ю, табиий офат туфайли унга қанча босим тушган? Ёки тўғоннинг қанчалик бардошли экани ҳақида ўша “мутахассис”лар нега лом-мим демаган?

Муносабатнинг мана бу жойини ўқиб на кулишни, на йиғлашни биласан киши: “Агарда, сув омборида содир бўлган табиий офатда кимнидир айбламоқчи бўлсак, нега унда ўтган уч йил давомида бирон-бир нохуш ҳодиса рўй бермади? Сув иншооти қурилишида заррача хатоликка йўл қўйилган, деб тахмин қиладиган бўлсак, унда нима сабабдан ушбу фалокат ўша йилнинг ўзида содир бўлмади?! Айтиш жоизки, табиий офат ўз номи билан қурилиш ишларининг сифати ёки муайян бир вақтга қараб содир бўлмайди.”

Аслида халқимиз мана шу саволларга жавобни сизлардан, яъни мутахассислардан кутяпти-ку. Нега шунча вақт туриб, энди содир бўлди? Нима, шу пайтгача қор-ёмғир ёғмаётган эдими? Келиб-келиб, ўша жойдан нега энди сув сизиб чиққан? Сизиб чиққан сув нега катта ўпирилишгача етиб борган? Марҳамат, ўша мутахассислардан шу каби саволларга аниқ ва илмий асосланган жавобларни кўпчилик кутяпти…

Агар сизлар бу фалокат сабабини мамлакат Президентига ҳам мана шу тарзда исботламоқчи бўлсангиз бутунлай янглишасиз. Бу халқни ҳам, Президентни ҳам чалғитишдан бошқа нарса эмас.

Хусниддин Бердиев

facebook.com