Сабрларнинг энг гўзали

Сабрларнинг энг гўзали
78 views
06 May 2020 - 14:23

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

САБРЛАРНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛИ
(Ўн учинчи кун)

Аллоҳ таоло сабрлилар ила бирга эканлигини Қуръонда эълон қилган. Сабрнинг нима эканлиги ҳақида ўтмиш машойихлари кўплаб таърифларни тақдим этганлар. Хусусан, сабр – мусибатнинг янгилигидаги сабр дейдилар. Сабр – мен сабр қиляпман деб айтмасликдир, сабр – Аллоҳнинг тақдирини эътирозсиз қабул этишдир деб тушунтирадилар.

Сабрнинг намоён бўлиш ўринлари кўп. Масалан, хасталанганингда хасталикдан шикоят этмаслигинг; яқинлардан айрилганингда дод-фарёд солмаслигинг; бойлигингни йўқотиб, талвасага тушмаслигинг; фақирликда яшаб, ўз ҳолингни ўзгаларга ошкор этмаслигинг – балки, Аллоҳга ҳамд айтишинг – буларнинг ҳаммаси сабрнинг турли кўринишларидир ва ҳаммаси Аллоҳга маҳбубдир, ин шаа Аллоҳ.

Сабр – энг мушкул амаллардан биридир. Сабр ва кўникишнинг орасида бениҳоя яқин.

Қўлингда муздек сув, уни ўн соат ичида ичмасликка қасд қилдинг. Ташна бўлдинг, қийналдинг, буни ҳеч кимга билдирмадинг, аммо сувни лабингга-да, яқинлатмадинг. Белгилаганинг муддатни шундай ўтказишинг сабрнинг бир туридир.

Қудуққа йиқилдинг. Бақирдинг, фарёд урдинг, деворга тирмашдинг, бир неча соатдан сўнг мадоринг қуриди, на ўрнингдан қимирлашга ҳолинг бор, на сўз айтишга – бунинг номи кўникишдир, зотан, сенда жим ётишдан бошқа чора ҳам қолмади.

Бирор мусибатга учрагач, оламга ғавғо соламиз – бирор натижа чиқмагач, энди сабр қиламиз деймиз.

Кошки, бу сабр ҳисобланса эди! Бу иложсизлик, бу кўникиш, холос, асло, сабр эмас.

Сабр – изтиробли амал, лекин гўзал ишдир. Агар гўзал бўлмаса эди, Аллоҳ уни мақтамасди, шубҳасиз.

Зиндон ва қийноқларга сабр қилиш у қадар қийин эмас. Зиндонда ўтириб, зикр қиласан – кунларинг озодлигингдан кўра гўзалроқ ўтади. Зотан, ёруғ дунё сени Аллоҳнинг зикридан тўсади, қалбингни қурум ила тўлдиради. Зиндон эса дунёни қалбингдан ўчририб, уни Аллоҳнинг нури ила ёритади.

Қийноқлар ҳушингдан кетгунингча оғриқли, ҳушдан айрилсанг, ҳаммаси тугайди. Аллоҳ сени эмас, сени қийнаганни сўроқ қилади.

Зиндонни дўзахга айлантирувчи, ёруғ оламни қийноқлар даргоҳига эвирувчи бир синов бор. Унга сабр этолсанг, унинг ажри юксак экани шубҳасиздир.

Бу синовнинг биринчиси – зиндондаги жоҳил ҳамроҳлардир. Уларнинг залолати, суҳбатлари, тарзларидан кўра оғирроқ азоб дунёда йўқдир.

Бу синовнинг иккинчиси – мусулмон биродарнинг нуқсонларидир. Биринчи офатдан омон қолишнинг йўли нисбатан осон: жоҳилнинг сўзларини эшитмасликка уринасан. Ўз нуқсонини тан олмайдиган мусулмон биродарга сабр этмоқ ҳаммасидан изтироблидир. Эҳтимол, унинг қошида қусурларидан кўз юмишни уддаласанг керак, аммо унинг ортидан ғийбат қилмасдан юриш машаққатдир.

“Фалончининг фалон айби бор!”

Шу сўзни айтмаслик энг гўзал Сабрдир.

Ота-она, ака-ука, дўст-биродар, аҳли аёл, фарзандларнинг қусурларига сабр қилиш, улардан шикоят этмаслик, улар ўзларини ислоҳ этгунларича йўл кўрсатиб, кута олиш, наинки, энг гўзал Сабр, сабрнинг энг маҳбуб қиёфасидир ва сабрлилик борасидаги бетакрор намунадир.

Афсус, бизда бу сабр йўқ.

Аллоҳим, бизга гўзал сабр бер! Ўзинг бирга бўлувчи сабрлилар сафида айла!

2020 йил, 6 май.