Қайғунинг овози

Қайғунинг овози
29 views
07 May 2020 - 13:05

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

ҚАЙҒУНИНГ ОВОЗИ
(Ўн тўртинчи кун)

Қалбнинг чексиз қайғу билан ўраб олинишини аниқроқ тасвирлаш учун изладиму, аммо бирор тамсил тополмадим. Фақат Қуръонда кўп бора келган “қичқириқ” калимаси хаёлимда айланаверди. Аллоҳ таоло қичқириқ ортидан даҳшатли азоб келиши, инсонни ҳалок этувчи воқеа содир бўлишини айтган. Шу ҳақиқатнинг илоҳий хабари қалбимдан эшитилган чинқириқ сабабли онгимни эгаллади. Кўп ўйлаб, шуни ёзишга қарор қилдим. Насиҳат услубидаги битикларим унинг моҳиятидаги дарддан бехабарларга ёқимли бўлмаса, бу каминанинг айби эмас.

Чунки бир мазлум ўзи кечираётган, аммо ал-Басир бўлган Зотдан бошқаси била олмайдиган изтиробни музюраклиларга изоҳлаш мажбуриятидан холи, Алҳамдулиллаҳ. Ҳар бир насиҳат замирида кўзлар илғамас оловда тириклай пишаётган одамнинг жуда содда нидоси бор. У, шунчаки, ҳаётнинг тугаш чизиғидан туриб гапиряпти. Бу чизиқда санъат яратишга вақт йўқ. Сўнгги нафасини олаётган инсон васиятини шеърга сололмагани каби.

Дарвоқе, қалбдаги чинқириқ ҳақида сўз бораётган эди. Бу пайт кўздаги ёшни жиловлаш имконсиз эди, албатта. Абадул абад айбдорлик ҳиссига ҳукм этилган, кечирилмаслик хатарининг нафасидан нафаси қайтган бир қул қандай ингранса, худди шу инграниш эди бу.

Бу айбдорлик Ўз Соҳиби амридан чиқиш ва уни ўзидаги саркашлик боис адо этолмаслик натижасидир.

Бунда ўлим ҳам, ҳаёт ҳам йўқ эди. Битмас бир мавжудлик, унинг ичида сассиз қичқиришга тўлган қалб бор.

Бу қанча давом этди, билмайман. Лекин қайғунинг бу овози тарқаб, дунёнинг алдамчи рангларини кўзларим кўрганида туйганим лаззатни унутиш қийин. Бу лаззат адоқсиз қўрқув қаршисида илоҳий неъмат ўлароқ юборилган умидворликдан сўнг туғилди.

Унинг қошида турарканман, чинқириқ қолдирган титроқдан ҳилвираган қалбга боқаман: у ўз Роббисига шу қадар ташна эдики, берилган қайғу бир марҳамат эканлиги равшан бўлди.

У қайғу улкан бутуннинг бир қисми ёхуд қайноқ уммонга бир шўнғиб чиқиш эдими? Билмайман.

Билганим шуки, Роббим, бизни кечир!..

Берганинг қайғулар, ҳасратлар, аламлар учун Сенга муносиб ҳамд айта олмасман…

Заиф бир жисм ичида ёнаётган бир парча қалб қачон мақсудига мушарраф бўлур? Унинг бундай инкишофлари халойиқ нигоҳдан қачон пинҳон бўлур?..

Роббим, бизни адаштирма. Бизни ёлғиз қолдирма. Асли, у қайғу Сендан ажралиш, Сенинг тарк этганинг даҳшатидан келган нарса эди. Сен бизни тарк этма!..

2020 йил, 7 май