“У адабиётда яшашга ҳақли”

“У адабиётда яшашга ҳақли”
106 views
08 May 2020 - 11:54

Хотира -азиз

“У АДАБИЁТДА ЯШАШГА ҲАҚЛИ”

2006 йилда Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги олдидан академиянинг илмий ходими Матназар Абдулҳаким билан УрДУ тарих факультети талабаларининг учрашувини ташкил қилдик. Учрашувни камина олиб бордим.

Матназар академия фаолияти, у ерда амалга оширилаётган илмий ишлар, ўзи қилаётган тадқиқотлар ва уларнинг адабиётимиз учун аҳамияти ҳақида мароқ билан сўзлади. Табиийки, у шоир бўлганлиги учун талабалар ундан шеър ўқиб беришини илтимос қилдилар. Шоир ўзининг “Дарсдан сўнг…”, “Хоразмни қазсангиз агар…”, “Отажон оға дийдори” ва яна кўплаб шеърлари, таржималарини ўқиди.

Дафъатан, у: “Биласизларми, кафедра мудирингиз Мадраҳим ҳам шоир киши. Биз бир пайтда адабиётга кириб келганмиз, 1978 йилда “Ёшлик” альманахида Муҳаммад Раҳим тахаллуси билан шеърлари босилган. Домлангиздан ҳам шеър эшитайлик энди!”, – деб қолди. Мен ўнғайсизландим, аммо талабаларнинг қистови остида эсимда қолган 2-3 та шеъримни ўқиб бердим.

Учрашув якунлангач, кафедрада бир пиёла чой устида шоир билан дилдан суҳбатлашдик. Суҳбат чоғида Матназар: “Яхши ёзилган бир шеърнинг ҳам адабиёт бўстонида ўз ўрни бўлиши лозим. Ўша шеърни ёш бола ёзадими ёки кексами, шоирми ёки бошқа касб эгасими, ундан қатъи назар, у адабиётда яшашга ҳақли. Мадраҳим, камтаринлик ўз йўлига, аммо яхши шеърларингизни тўплам қилиб адабиёт мухлисларига тақдим қилиш лозим. Опкелинг, мен танлаб, сўз боши ёзиб берай!”, – деб таклиф қилиб қолди.

Мен истиҳола қилдим. Шоир шоирлигини, олим олимлигини қилгани маъқул эмасми, дедим. Аммо Матназар: “Адабиёт – бу шоирнинг ёки адибнинг шахсий мулки эмаски, бировга бермаса. Адабиёт – гўзалликка ошно бўлган қалбларнинг дахлсиз мулкидир. Унда барчага ўрин етарли. Чунки гўзалликка интилмайдиган одам йўқ!”, – деб туриб олди.

Мен ноилож рози бўлдим. Вақт топиб, шеърларимни шоирга олиб боришга ваъда бердим, аммо олиб боролмадим. Чунки шеърларим ўзимга нуқсонли кўринаверди. Лекин унинг “бир шеър бўлса ҳам, яхши шеър бўлса, у адабиётда яшашга ҳақли” деган фикри асосида ёзганларимнинг ҳеч бўлмаса биттаси кимгадир ёқиб қолса, не ажаб деган хулосага келдим. Натижада “Рангин тафаккур туҳфаси” олам юзини кўрди (Муҳаммад РАҲИМ. Рангин тафаккур туҳфаси./Масъул муҳаррир: Омон Матжон. – Тошкент: “Турон-иқбол” нашриёти, 2015. – 7,5 б.т.).

Ушбу китобнинг вужудга келишида Матназар Абдулҳакимнинг руҳи далда бўлди ва китобни дўстим ҳақидаги хотиралар билан якунладим.

***

ДАСТХАТ

2003 йилнинг баҳор кунлари эди. Мактабдош дўстим Мансурбек Содиқов қўнғироқ қилиб, уйига Матназар Абдулҳаким келганлигини ва мени йўқлаганлигини айтиб қолди. Бизнинг уйимиз Мансурбекнинг уйига яқин бўлганлиги учун дарҳол уникига етиб бордим. Матназар бир пиёла чой устида Мансурбек билан суҳбатлашиб ўтирган экан.

Дарвоқе, Мансурбек Содиқов ҳақида икки оғиз сўз. Мансурбек мутахассислиги иқтисодчи бўлсада, адабиёт ва санъатнинг муҳиби. Мутахассислиги бўйича вилоят ва туман ташкилотларида турли лавозимларда ишлади. Охирги пайтда Янгибозор тумани “Нуроний” жамғармасига раҳбарлик қилиб, эзгу ва хайрли ишларга бош бўлди. Туманда ўтказиладиган адабий учрашувлар ва кечаларда фаол қатнашарди. Туманга марказдан келган шоир ва адибларни ўз машинасида олиб юрар, туманнинг иқтисодий ва маданий тараққиёти, истиқболи ҳақида сўзлаб берар, меҳмонлар билан тез тил топишар, суҳбатларга файз киритар эди. Шунинг учун ҳам вилоятдан келган шоир ва адиблар Мансурбекнинг хонадонида тўпланарди.

Ўшанда ҳам бизнинг ижодий суҳбатларимиз кун бўйи давом этган. Жамиятда маънавий қадриятларнинг ўрни ва уни ривожлантириш учун янги лойиҳалар, режалар тузардик. Бу режаларнинг айримлари рўёбга чиқди, кўпчилиги армон бўлиб имкондан ташқарида турибди. Тузган режаларимизнинг кўпчилигини бажаришда айниқса Матназар Абдулҳакимнинг фаоллиги таҳсинга лойиқдир.

Кечқурин Матназар уйига қайтаётганда Мансурбек унга терак кўчатларини бериб юборди. Матназар боғининг бўш қолган жойларига терак кўчатини экиб, терак улғайганда тагида чойхўрлик қилишга ваъда бериб уйига кетди. Йиллар ўтди, тераклар ҳам бўй чўзиб қолди. Бир куни Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги

олдидан ўтказилган учрашувлардан Матназар билан бирга уйга қайтдик. У мени боғига олиб кирди ва Янгибозордан келтирилган теракларнинг барқ уриб ўсаётганини кўрсатиб, ушбу теракларга бағишлаб ёзган шеърини ўқиб берди, уни Мансурбекка бағишлаб ёздим, деди. Кейин ўша шеърни қоғозга кўчириб, Мансурбекка бериб қўйишимни тайинлаб мендан бериб юборди. Шеърни Мансурбекка олиб келсам, “бу шеър менда бор, унинг ўзи ёзиб берган, паришонхотирлигини биласиз-ку, хотира учун сизда тураверсин”, деб менга бериб юборди. Мана ўша Матназарнинг дастхати:

Мансурбекка

Жазиралар азоб берди еримга,
Ҳовлим пўрсиб кетди, чангиб озордан.
Мазмун насиб бўлган янглиғ шеъримга
Кўчатлар келтирдим Янгибозордан.

Сал ўтмай, муборак томирларидан
Япроқларга қалқди ажиб талқинлар.
Урганч тупроғининг қаъри-қаъридан
Туҳфа этиб тансиқ салқинлар.

Тераклар бўй чўзди – яшил аланга
Шукуҳин кўришга келингиз…
Сал эпкиндан масрур, ўрлаб баландга,
Уйимда шовуллаб турар элингиз.

Шеърнинг тагида Матназарнинг имзоси. Унинг паришонхотирлиги ҳам эзгуликка, дўстликка доимо даъват этиб туради. Матназар Абдулҳаким 2010 йилда, Мансурбек Содиқов 2016 йилда вафот этди. Уларнинг руҳлари шод, охиротлари обод бўлсин! Бу дастхат шеър икки дўстимни эслатиб тургани учун менга азиз ва қадрлидир!

Мадраҳим Сафарбоев,
фалсафа фанлари номзоди, доцент