Ҳақиқат ва рўё

Ҳақиқат ва рўё
84 views
08 May 2020 - 11:58

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

ҲАҚИҚАТ ВА РЎЁ
(Ўн бешинчи кун)

Ҳақиқатни идрок этиш, гоҳо, уни баён қилишдан қайтаради. Зотан, ҳақиқатнинг баёни рўё ичидагиларга шундай бегонаки, бу бегоналик уларда ҳақиқатга душманликни келтириб чиқаради.

Тушда алаҳлаган инсон қўллари билан қандайдир ҳаракатлар қилади. Кимлар билан гаплашади, кулади, ҳатто, йиғлайди. Ўрнидан туриб юриши ҳам мумкин. Уйқуда юрадиган одамларни ойпараст дейишади. Уларни юраётган пайтида уйғотмаслик тавсия этилади. Чунки бу хавфли экан. Агар уни уйғотсангиз, сизга зиён етказиши эҳтимол. Ойпарастнинг оёқ босадиган жойларини намлантириш буюрилади: ойпараст уйқу ҳолида оёқ босган замон ўзига келаркан.

Беҳуда баҳслар ила вақт совураётганлар, наинки, улар, балки, умри маъносизликда кечаётган ҳамма худди ойпараст кабидир. Уларнинг ҳаракатлари уйғоқ одамга нақадар мазмунсиз кўринса, беҳуда ҳаёт эгаларининг иши ҳам орифларга шундай намоён.

Бирор шаҳарга янги келган одам адашиб қолиши тайин, аммо у бу шаҳар ҳақида гапириш қандай мантиқсиз бўлса, англамаган нарсаси устида баҳслашмоқ ҳам шундай мантиқсиз. Шаҳарни яхши билувчи одам меҳмонга ҳамма ёқни таништирмоғи ҳам етарли эмас, одам бу ерда яшаб, нафас олиши даркор. Бир мунча муддатдан сўнг у шаҳар ҳақида ишонч ила гапириши мумкин. Олам ҳам бир шаҳар, инсонлар меҳмондирлар. Аммо бу олам шу қадар кенг шаҳарки, юз йиллик умр гоҳо уни танишга кифоя эмас.

Шунда шаҳар Эгасининг Сўзига қулоқ тутмоқ мақбул. Унинг Сўзи бу маконда эмин яшамоқ кафолатидир.

Шубҳасиз, мутлақ ҳақиқат оламлар Роббисининг каломидир. Агар у бўлмаса, адашиш, зулматда қолиш даҳшати нақадар оғир бўларди…

Бу Калом қаршисида инсон ўз сўзини айтишдан ҳаё қилади. Инсон фақат Роббисининг Каломига эргашса, шу Каломни гапирса, ҳақдадир.

Нима учун бу ҳақда яна сўз очдик?

Чунки беҳуда баҳслардан қулоқларимиз битди, улардан қочишга бир жой тополмаяпмиз. Эслатишга мажбурмиз: ҳақиқат беҳад содда, унинг ифодаси қисқа, қиёфаси эса сукутдир.

Аллоҳим, бизни сўз водийларида адаштириб қўйма! Нафсимизни Ўз йўлингда таслим эт!

2020 йил, 8 май.