Орзу ва Комилжон Отаниёз

Орзу ва Комилжон Отаниёз
75 views
09 May 2020 - 6:27

ОРЗУ ВА КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗ

“Кўнгил бир баҳри заххору ондадур покиза гавҳар сўз”, деб ёзади Огаҳий ҳазратлари. Шоир ибораси билан айтганда, “сўз аҳли ҳамиша азиз ва аржуманддурлар”. Сўз юритмоқчи бўлганимиз иккала ижодкор ҳам СЎЗ нинг қадрига етадиган, кўнгилнинг қимматбаҳо гавҳари ўлароқ ардоқлайдиган ШАХС лардир.

Янгибой Қурбонниёз ўғли – Орзу 1890 йилда Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида туғилиб, 1979 йилда Хоразм вилояти, Урганч туманининг Юқори Дўрман қишлоғида вафот этган. Хива мадрасаларида ўқиб таҳсил олган, сўнгра Хоразмда муқим яшаб қолган. 1938 йилда “Сталин қатағони” қурбони бўлиб, тўрт йилга қамалган. Сўнг икки йил Сибирга – фронт орқасига жўнатилган. Вафотидан кейин “Оқсоқоллар каломи”, “Васлинг чамани”, “Ҳикматлар гулистони” номли китоблари нашр қилинган.

Орзунинг қатъияти ва жасорати туфайли Зайниддин Восифийга тегишли ноёб манба – “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарининг Огаҳий таржимаси бизгача етиб келган. У мадрасада ўқиб юрган пайтларида Комилжоннинг отаси Отаниёз Охунд Ниёзийдан (1844 – 1928) мумтоз адабиёт сирларини ўрганган.

Комилжон Отаниёзов ҳақида кўп ва хўб ёзилган. У умрининг охиригача (1975) Орзу билан ижодий ҳамкорлик қилган. Таниқли санъаткор Орзуни ниҳоятда қадрлаган, тез-тез унинг хонадонига совға-саломлар билан ташриф буюриб, дуосини олган. Мен ўрганиб чиққан Орзунинг қўлёзмаларида Комилжон Отаниёзовга бағишланган 4 та ғазал ва 1 та муашшаҳ бор. Санъаткор ҳам Орзунинг ғазалларини юксак пардаларда куйлаган, шоирнинг ғазалларига мухаммас боғлаган. СЎЗ ва СОЗ ни қадрлаган иккала ижодкорнинг ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола қиламан:

ДОНО БИЛАН

Эй кўнгил, ҳамсуҳбат ўлғил мардуми доно билан,
Очилур қалбинг ҳамиша ҳар дили бийно билан.
Ақл аҳлига бўлиб улфат, қочинг нодондин,
Тун қоронғи ўхшамас хуршиди дилоро билан.
Билмак истарсан бировнинг ботинин, кўр улфатин,
Бир эмас гавҳар баҳоси қўҳи санг, хоро билан.
Ҳар кишининг ақли бордир, касб этар илму ҳунар,
Тенгму бирон қатраси ул мавж урган дарё билан.
Қайси қуш сайёднинг домига тушди, ўхшамас,
То наво қилган гул узра булбули шайдо билан.
Хуш эли хуш аҳлини, жоҳил топар нодонни,
Боғи бўстон ичра булбул, ваҳшийлар саҳро билан.
Хуш элидин келса меҳмон, жони дилдан хизмат эт,
Яхши ном оламда қолсин, обрўй аъло билан.
Лутфи эҳсон бирла душман дўст бўлса йўқ ажаб,
Шер ҳам қилгай итоат марҳамат, оро билан.
Маърифатдин бехабар умринг ўтибдир, Орзу,
Бўлса ақлинг улфат ўлма ботини расво билан.

 

МУАШШАҲ
(Комилжон Отаниёзга)

Келса дўстим шод этар элни, тамошо айласа,
Бедуд айлар халқни мажлисда гўё айласа.
Олибон қўлга рубобин айласа созу наво,
Бошда парвона булбул савтини аъло айласа.
Марҳамат бобида элга гўё Хотами той келиб,
Хони эҳсонин халойиқ узра пайдо айласа.
Лоладек доим очилган қалбининг гулхонаси,
Тортар эл кўнглин ўзига, сўзга оро айласа.
Жумла эл созинг била овозинг муштоқидурлар,
Тўйига элтиб тамошосин тамонно айласа.
Олибон баҳра халойиқ шеърининг мазмунидин,
Мавж урар илҳоми гар, қалби ошкоро айласа.
Навбаҳор умрига ағёрдин ёмон кўз тегмасин,
Орзу дер халқини кўп созига шайдо айласа.

 

ОРЗУ ҒАЗАЛИГА КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗ МУХАММАСИ

Умринг ўтар билмассан ҳар дам ғами дунё билан,
Масту мағрур ўлмагин мулку моҳ ашё билан,
Бўлма мунис аҳдида турмас гулираъно билан,
Эй кўнгил ҳамсуҳбат ўлғин мардуми доно билан,
Очилур қалбинг ҳамиша ҳар дили бийно билан.

Уз кўнгил аҳди вафосиз, беоқибат жанондин,
Кимга ул аҳди вафосиз, беоқибат меҳмондин,
Бўлса номард ҳамроҳинг, етгай хатолар андин,
Оқил аҳлига бўлиб улфат, қочинг нодондин,
Тун қоронғу ўхшамас хуршиди дилоро билан.

Кимгаким бўлса муяссар, сурди ишрат навбатин,
Яхшилик қил, истагил яхшиларнинг суҳбатин,
Беақл бўлса агар дўстинг, чекарсан кулфатин,
Билмак истарсан бировнинг ботинин, кўр улфатин,
Бир эмас гавҳар баҳоси кўҳи санг, хоро билан.

Ношукурлик пешаси ким, одамийликдан эмас,
Касби корингда ҳалоллик одат айла ҳар нафас,
Бу балоси нафс учун бўлма гирифтори қафас,
Қайси қуш сайёднинг домига тушди, ўхшамас,
То наво қилган гул узра булбули шайдо билан.

Куч борида хизматинг аяма элдан, хизмат эт,
Оламда не эзгу ишлар келса қўлдан, хизмат эт,
Чиқса ҳамки қанча мушкул, қайтма йўлдан, хизмат эт,
Эл учун, халқинг учун жону дилдан хизмат эт,
Яхши ном оламда қолсин обрўйи аъло билан.

Аввало инсонга лозим маърифат бирла адаб,
Бўлмаса гар дур ичинда, не бўлғай қадри садаф,
Демагил пасту баланд, сен кибр ила кўрма насаб,
Лутфу эҳсон бирла душман дўст бўлса йўқ ажаб,
Шер ҳам қилғай итоат марҳамат, оро билан.

Инсон умри йўлларида турли ҳоллар рўбарў,
Мақсудинг бўлғай раво ҳардамда қилсанг жуфтижў,
Ётма ғафлат ичра Комил, бўлмағил беобрў,
Маърифатдин бехабар умринг ўтибдир, Орзу,
Бўлса ақлинг улфат ўлма ботини расво билан.

Бу ғазаллар бугун ҳам санъаткорларнинг репертуридан мустаҳкам жой олиб келмоқда. Чунки СЎЗ ва СОЗ ни қадрлаган ижодкорлар қуёш янглиғ халққа беминнат хизмат қилиб, ўзидан яхши ном қолдирди обрўйи аъло билан!

Мадраҳим Сафарбой
фалсафа фанлари номзоди, доцент