Аллоҳнинг неъматлари ва банданинг шукронаси

Аллоҳнинг неъматлари ва банданинг шукронаси
115 views
09 May 2020 - 13:19

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

АЛЛОҲНИНГ НЕЪМАТЛАРИ ВА БАНДАНИНГ ШУКРОНАСИ
(Ўн олтинчи кун)

Бир одам ўз нафсини таслим этолмади. Нафсининг саркашлигидан кўп азият чекди. Ибодатида ҳаловат, дуосида таважжуҳ, қалбида хотиржамлик йўқ эди.

Бир куни уни ўғирладилар. Дастлаб чуқур зиндонда узоқ вақт сақладилар. Бу ерда нур йўқ эди. Таом – бир бурда қаттиқ нон, сув – балчиқ хидли бўтана.

На кун, на тунда фарқ бор. На ёз, на қиш, на кўклам, на куз!

На суҳбатдош, на бир дардкаш!

Бир куни уни зиндондан чиқардилар. Уни шайтон малайлари қуршаб олди. Шайтонийларнинг турқи совуқ, сўзи сўкиш, кўзи ваҳший, иши манфур. Уларга тоқат қилмоқдан кўра қоронғу зиндонда қолмоқ осон.

Бир қанча вақт шайтонийлар қуршовида кун кечди. Бир куни унинг бир кўзини ўйиб олишди. Оғриқ. Қон. Яна бир кун бурнини кесдилар. Азоб. Яна бир кун бир қулоғини уздилар. Яна бир кун бармоқларини бирма-бир синдирдилар. Ҳар бир жароҳат ораси бир йил ёхуд олти ой. У вақт ўтгани сайин бир даҳшатни кутишга кўникди. Йиллар уни барча аъзоларидан айирди: оёқлари, қўллари чопилди, тишлари қоқиб олинди, қулоқлари итларга ем бўлди, тилини суғуришди. Биргина кўзи қолди.

У ҳар бир аъзосини фарёд ила ёдга олар, ёдга олганда ўша аъзоси мислсиз қийнарди.

Аммо уни шайтонийлар боқарди: чайналган нонни мажбуран ютди, балчиқ ҳидли сувни ҳўплади. Бир куни улар яна кириб келдилар. Унинг ягона кўзини ўйиб олишди. У юзига оқаётган қонни сезди, бақиролмади, ҳирқиради ва зулматга, чексиз тубанликка чўка бошлади. Чўкиш шитобли, аммо поёнсиз.

Шу топда у уйғонди. Фажр. Азон саси. Қора тер бутун вужудини эгаллаган. Тушидаги оғриқлар унинг танини ҳамон омбурдай бурарди.

“Астағфируллоҳ!..”

У не қадар неъматларга кўмилганини умрида илк даъфа идрок этди. Бу неъматлар унга Роббисининг севгисидан бир рамз ўлароқ кўринди. Бу шундай севги, шундай марҳамат эдики, унинг ташаккури учун на ифода, на изҳор, на бир амал топмоқ мумкин эмас!

Қалбида тошаётган шукрона денгизи уни чўктиришга қодир; ҳайрат олови ёқиб кул этишга ҳозир.

Роббимиз! Сен берган неъматларнинг на адоғи, на саноғи бор!

Роббимиз, бизга раво кўрганинг Сенинг севгинг, Сенинг марҳаматингдир фақат.

Роббимиз, биз унга мос ташаккур айтишга асло қодир эмасмиз.

Роббимиз, иймонимизни зиёда эт. Тилимизни шукринг, зикринг ила банд қил. Қалбимизни муҳаббатинг ила тўлдир!..

2020 йил, 9 май.