Юрагим йиғлади

Юрагим йиғлади
29 views
10 May 2020 - 21:49

Ҳозиргина таъбни тирриқ қиладиган воқеа гувоҳи ва иштирокчиси бўлдим.

Таровиҳдан қайтаётиб сув олгани ёнимиздаги (Эски Шастридаги) “Грин эпел” дўконига кирдим.

Сотувчилар, ишчилар кўкрагига георгий тасмасини тақиб олибди! Камига бутун зал бўйлаб шипнинг ҳар-ҳар ерига илиб қўйилган улкан телеэкранларда Иккинчи жаҳон уруши маршларини намойиш қилиб ётибди!

Тутаб кетдим. “Еч!” десам, ечмади. Зал бошлиғини чақирдим. Бутун дўконни бошимга кўтариб:
“Сенлар кўчада ўтиб кетаётган одамлар эмас. Улар тақса, ҳа, энди, деб индамаяпмиз. Сенлар ташкилотсан. Ташкилотингда Ўрусиянинг рамзларини тарғиб қиляпсанлар! Сенлар кимсанлар – мустақил Ўзбекистоннинг ватандошимисан ёки Ўрусияга тобемисан?! Кўкрагингда георгий тасмаси, телевизорингда ўрис маршларими, демак, сенлар мустақил Ўзбекистонда атай Ўрусияни тарғиб қиляпсанлар! Нимага Ўзбекистоннинг байроқ-тасмасини қадамадинг?! Ватан хоинимисанлар?! Мен бу мустақиллик учун жонимни тикиб курашган одамман! Бошларимизни кундага қўйиб, майдонларда “Мустақиллик!” деб ҳайқирганимизда сенлар иштонсиз, орқанг шилта юрган эдинг! Шу сенлар учун курашдикми биз?! Ватанни, мустақилликни шу бир энли матога сотяпсанларми?! Ва ҳоказо…” дея беш дақиқача жизғинак бўлдим.

Юрагим йиғлади. Бунчалик эмас-да энди!

Ҳартугул, телевизорни ўчиртирди, тасмаларни ечтирди. Аммо шу билан битдими иш?!

Бу ҳодиса жуда ёмон хатардан дарак! Нималар бўляпти ўзи?! Катта дўкон (атай “супермаркет” демадим!) хусусий бўлган тақдирда ҳам у бир ташкилотдир. Унинг бу иши кўнгилхушликка эмас, сотқинликка киради, фитнага киради!

Менинг бу гапларим кўкракларга георгий тасмани таққан ва тақтирганларнинг барчасигадир!

Мустақиллик халқ қозончи, халқ мулки, халқнинг кўз қорачўғидир! Ҳушёр бўлмасак, бундайлар бизнинг шу бойлигимизни ҳам ёт элларга қўшқўллаб топширади!

Мустақиллигимизни асрайлик, ватандошлар!

Мен Ўрусияга ҳам, ўрис халқига ҳам ғаразим йўқ, мен давлатимиз тўла-тўкис мустақил бўлиши тарафдориман, холос!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон