Дахлсиз чегаралар

Дахлсиз чегаралар
90 views
11 May 2020 - 4:53

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

ДАХЛСИЗ ЧЕГАРАЛАР
(Ўн саккизинчи кун)

Аллоҳ бандаларга: “Аллоҳнинг чегараларига яқинлашманг!” – деган. Одамзод ўз чегарасини, ҳаддини билиши лозим. Таассуфки, нафс чегарасизликни истайди; чексиз эркни хоҳлайди; Аллоҳ Ўз ҳикмати ила одам болалари учун эрк ва ҳурриятнинг чегарасини белгилаб берган. Аллоҳнинг амрлари ичида инсон учун буюк ҳуррият бор. Аллоҳнинг амрларидан бош тортиш, Аллоҳнинг чегараларини бузиш билан даҳшатли қуллик бошланади.

Ҳаёт оқил инсон учун ўзни таниш имкондир. Одамда бойлик кўпайса, ҳукмронликка эга бўлса, унда чегараларни бузишга мойиллик уйғонади.

Биз чегара, ҳад деганда маънавий чегара ва ҳадни назарда тутмоқдамиз. Биз бу чегарани қандай қилиб аниқлаймиз?

Бир сўз айтишга ёхуд кимгадир баҳо беришга чоғланар эканмиз, бу сўзни айтишга ҳаққим борми, деб ўзимизга савол беришимиз керак.

Бир ишга киришиш асносида бу ишни қилишга ҳуқуқим борми, деб мулоҳаза этмоғимиз лозим.

Агар бу икки саволга тўғри жавоб бера олсайдик, асло ҳаддимиздан ошмасдик, чегараларни бузмасдик.

Гўдаклигимда ота-онамнинг ўзимни назоратидан холи сезсам ёхуд ўзимда катта хурсандлик туйсам, нималардир қилгим келарди, масалан, кўзимга кўринган нарсани тепиб, синдирардим; хоҳлаган сўзимни айтиб чинқирардим; негадир зувиллаб югурардим.

Отам шу ишларим устида мени тутиб олсалар, ўз шеваларида: “Болам, чўлжанглама!” – деб қўярдилар.

Тақдир шуни англатдики, хорлик ана шу “чўлжанглаш”дан келиб чиқади. Ўзини ҳар қандай сўз айтишга ҳақли билиш, ҳар қандай ишга ҳуқуқли деб ҳисоблаш инсонни катта шармандагарчиликларга судрайди.

Айтиши мумкин бўлган сўз ва қилиши мумкин бўлган ишларни мўмин инсонлар фарқлай оладилар.

Аниқроқ тушунтирсак, айтиши керак бўлган сўзни, бажариши шарт бўлган ишни мўмин одам жуда яхши идрок қилади.

Жамият ичида бебурдлик ила ном чиқарганлар, на сўзи, на юзи бўлмаганлар, шубҳасиз, шу чегарани, ўз ҳадларини билмайдиган хамда хаёлотларидаги ёлғон оламда банди бўлган инсонлардир. Зотан, ҳаддидан ошувчиларнинг ҳаммаси ҳали дунёни танимаган гўдак ёхуд уйқуда алаҳлаётган кишидан фарқсиздирлар.

Аллоҳим, бизни ҳушимиздан айирма! Бизни ўз ҳаддимизда ушла, шайтон етовида юриб, шарманда бўлишдан асра!

2020 йил, 11 май.