Савол

Савол
58 views
11 May 2020 - 8:47

 

 

САВОЛ

Кимдан тўралган бу халқ?
Қайга етган томири?
Нечун кўзёшлари талх?
Нечун тинмас оғзига
осмон заққум томириб?

Тўнюқуқ, Билга хоқон,
Сўйла, сўйла, Кул тигин!

Ҳар балога мубтало,
Кўниккан зулум чайнаб.
Гарданида умбалоқ
ошар тошбақа – қуллик.
Ори жўшмасми, қайнаб?
Ботирини йўқламас,
Яшар ҳуркиб, ёшиниб.
Ҳаромхўрга дўғламас,
Босқинчини қон тўла
мешга тиқмас бошини.

Тўнюқуқ, Билга хоқон,
Сўйла, сўйла, Кул тигин!

Кимдан юққан ҳалимлик?
Калтакни бунча суяр.
Қахрин қўзғаб Каримнинг,
Тилга олмай бобосин,
Қотилга ҳайкал қўяр.
Ўтмишига кул тортган,
“Талқон ютмоқ авло” дер.
Хуррак отгани отган,
Кимдан тўралган бу эл?
Булар кимнинг авлоди?

Тўнюқуқ, Билга хоқон,
Сўйла, сўйла, Кул тигин!

Бир-бирини суямас,
Хўрлаганга тўлар бож.
Улуғ Тангри, куяман,
Таниб асл зотини
қачон ўкраб, юлар соч?
Қачон ўкраб, юлар соч?

Тўнюқуқ, Билга хоқон,
Сўйла, сўйла, Кул тигин!

Жонтемир