Муҳаммад Солиҳ президент Шавкат Мирзиёевдан истеъфога чиқишни талаб қилди

Муҳаммад Солиҳ президент Шавкат Мирзиёевдан истеъфога чиқишни талаб қилди
29 views
11 May 2020 - 17:34

МУҲАММАД СОЛИҲ ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВДАН ИСТЕЪФОГА ЧИҚИШНИ ТАЛАБ ҚИЛДИ

1994 йилдан бери сургунда яшаëтган мухолифат лидери Мухаммад Солиҳ 10 май куни ўзининг фейсбук саҳифасида Ўзбекистон президенти истеъфосини талаб қилиб чиқди.

Мухаммад Солиҳ ўз мурожаатини “Хўш, сиз нима бердингиз халққа?” деган риторик савол устига қуради.

70 яшар Солиҳга кўра, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бери ўзбек халқига “ваъда ва баландапарвоз сўзлардан бошқа ҳеч нарса” бергани йўқ.

Шу билан бирга таниқли сиëсатчи Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон президенти сабаб бўлган 12 та салбий ҳолатни бирма бир санаб ўтади:

1. Мирзиëев иқтидорга келиб, ваъда қилгани бутун ислоҳотлардан воз кечди.

2. Очкўз, юҳо ҳокимларни халқ бошига ўтқазди.

3. Одамларнинг уйларини тортиб олиб, уларни капаларга жойлаштирди.

4. Танқид этган журналистларни “авария” туси бериб, ўлдирди.

5.”Сардоба” сув омборини халқнинг бошига ағдарди.

6. Ўзбекистонни четдан олинган қарз ботқоғига ботирди.

7. Ташқи сиёсатда Ўзбекистонни Русиянинг вассал давлатига айлантирди.

8. Ўзбек халқини “эшаксевар” деб ҳақорат қилган Жириновскийни чақириб, оёғи остига қўй сўйди.

9. 1865 йил Тошкент ишғолида ўлган рус босқинчилари хотирасига битилган бутхонани қайта тиклади.

10. Халқнинг аксарияти қарши бўлган Ўзбекистонда атом электростанцияси қуришга бошлади.

11. Энди тинкаси қуриган юртни “Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқи” деган зиндонга ташлаш пайида.

12. И. Каримов пайтида жонсарак бўлган Давлат тили – Ўзбекчани бутунлай ўлдирди.

Матн давомида Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон президенти “Сардоба” фожиасининг “бош сабабчиси” деган айбловни илгари суради:

“Кредитни ўзим топаман” деб Ислом Каримовни ишонтирган ва бу омборни қуришга бошлаган сиз эдингиз,” дея таъкидлайди Муҳаммад Солиҳ.

Шунингдек  у Шавкат Мирзиёевни сув  омбори қурилиш сметасида кўрсатилган 404 (тўрт юз тўрт) миллион долларни Хитойдан олиб, пулни ҳам, омбор қурилишини ҳам яқин кишиларига топширганликда айблайди.

“Ўзбек ва қардош қозоқ халқларининг бошига бало бўлган Сардоба фожеаси омбор қурилишида жуда катта ўғирликлар содир бўлганини фош қилди. Энди халқнинг айбдорларни жазога тортиш талабига жавобан, сиз ўғирликда ҳамтовоғингиз, фожеа сабабчиси Абдуғани Сангиновни Сардобада ҳалокат тафтиш комиссиясига киритдингиз. Яъни бу кимса ўз жиноятини “ўрганиб” сизга рапорт ёзади. Рапорт ўғри тарафидан ёзилиб, ўғрига берилади,шундайми?

Ҳа, порахўрларингиздан воз кечиш қийин бўлаяпти.Чунки улар сизнинг қон томирларингиздир,” дейди Муҳаммад Солиҳ ўз мурожаатида

Мурожаат якунида Муҳаммад Солиҳ мамлакат президентига қарата “Дарҳол президентликдан истеъфо қилинг! Ўзбек давлатчилигини хавф остига қўйманг! Кетинг! дейди.

Муҳаммад Солиҳ 2018 йили Элтуз мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиëевнинг ислоҳотлари самара беришидан умид билдирган эди.

Муҳаммад Солих Ўзбекистонни 1989 йилдан 2015 йилгача яъни ўлгунига қадар бошқарган диктатор Ислом Караимовнинг асосий танқидчиси ва мухолифи бўлган.

Совет Ўзбекистонида шоир сифатида танилган Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат – “Бирлик”нинг асосчиларидан бири эди.

У мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясини 1990 йилда ташкил этди.

Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани расман хабар қилинган.

Ўзбекистонда мухолифатга қарши бошланган тазйиқлар 1993 йилда Муҳаммад Солиҳни ватанни тарк этишга мажбур қилди.

Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Солиҳни 1999 йилги 16 феврал портлашларининг ташкилотчиларидан бири деб айблаган, лекин Ўзбекистон Олий судида кўрсатма берган ва кейин қамоқхонада ҳаётдан кўз юмган Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги кўрсатмаларини қийноқлар натижасида олинганини айтган.

2017 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг номи Интерпол қидирув рўйхатидан олиб ташланган эди.

Манба: Eltuz.com