ЎХШАШЛИК

ЎХШАШЛИК
67 views
12 May 2020 - 5:44

–Нажот нима, лўлиқиз?
–Ризқ узатган сахий қўл.
–Нафрат нима, лўлиқиз?
–Ковушларим эзган йўл.

–Муҳаббат не, лўлиқиз?
–Сийнамдан ўпган шамол.
–Айрилиқ не, лўлиқиз?
–Этагимдаги ямоқ.

–Ҳаёт нима, лўлиқиз?
–Тинмай айланар урчуқ.
–Ўлим нима, лўлиқиз?
–Елкамдаги оч хуржун.

–Сиёсат не, лўлиқиз?
–Устимдан кулябсанми?
–Ҳақиқат не, лўлиқиз?
–Мозорни кўрябсанми?

–Эрк нимадир, лўлиқиз?
–Зулум тоғин ўпириш.
–Ширк нимадир, лўлиқиз?
–Қиёматга тупуриш.

–Ватан нима, лўлиқиз?
–Ўлай агар билмайман.
–Миллат нима, лўлиқиз?
–Ётга ошкор қилмайман.

–Биз ўхшашмиз, лўлиқиз,
Ягона фарқ (урма дўқ),
Беватансан, миллат бор,
Менда ватан..! Миллат йўқ.

Жонтемир