Етишдим

Етишдим
33 views
12 May 2020 - 12:13

 

 

ЕТИШДИМ

Саҳар чоғи сайрон этиб кезардим,
Ажаб манзил, ажаб жойга етишдим.
Ҳолим билмай, йўлдан-йўлга озардим,
Хўп макона, хўп сароя етишдим.

Устозсиз йўл олган, кирмай қотилган,
Ҳайф этиб сотилган, элсиз тутилган,
Қўл тегмай тортилган, ўқсиз отилган,
Чилласиз қурилган ёя етишдим.

Неча дўстлар билан сайронда, сайр,
Хатардан беписанд карвонда, хайр,
Жондан умид уздим, ҳайронда, дайр,
Юлдуздан йўл ясаб, оя етишдим.

Кўнглим кетди дўстлар ичган шарбатда,
Улар юз сафода, мен минг ҳайратда,
Айрилиб, нолада, қолдим ғурбатда,
Чашмадан сув истаб, чоя етишдим.

На танда қувват бор, на ичда жон бор,
Бу ишда на суд бор, билмам зиён бор,
На ҳисоб, на ҳосил, наинки сон бор,
Киши билмас, не савдога етишдим.

Бошга боғлаб девоналик камандим,
Сакратиб етишдим ишққа самандим,
Ол шаробга қўл узатдим, иймандим,
Дурустин ичмишлар, лоя етишдим.

Махдумқули дерлар менинг отимни,
Дунё қўлин тортар, кўрса ўтимни,
Эй, ёронлар, кимга айтай, додимни,
Бошим чиқмас, не ғавғога етишдим.

Чой – лойқаланиб оққан ариқ.

МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди

facebook.com