Сукут хазинаси

Сукут хазинаси
37 views
13 May 2020 - 6:49

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

СУКУТ ХАЗИНАСИ
(Йигирманчи кун)

Сўз, шубҳасиз, Аллоҳнинг қудратига бир далил, инсониятга ато этилган бемисл неъматдир. Аллоҳнинг тавҳиди ҳам сўз ила ифода этилади, етказилади ва иқрор қилинадики, бу сўзнинг моҳиятидаги мўъжизага ишора.

Сўз – асл хазина. Аммо шундай ўринлар ҳам борки, сукут инсон учун чинакам хазинага, манфаат манбаига аланади. Ўз ўрнида айтилган сўз нақадар аҳамиятли бўлса, ўз ўрнида сақланган сукут ҳам шу қадар муҳимдир.

Ўз ўрнида гапира олмаган инсон кейинчалик жабр тортгани каби ўз ўрнида сукут этмаган киши, албатта, жазоланади.

Ҳақ гапни айтиш одам боласи учун ҳамиша катта машаққат бўлганидек, ботил ва сафсатадан тийилмоқ ҳам шундай мушкул иш эканлиги аниқ. Жонига, молига хатар етишидан қўрқиб, рост сўзни ошкор эта олмаган кишилар кўпинча ғийбат, мишмиш, бефойда мижғовликдан халос бўла олмайдилар. Ҳолбуки, ҳақ сўзни айтиш, ҳақ тарафда собит туриш қанчалар шарафли; ёлғон, туҳмат, таги йўқ бўҳтон ва ифтиролар эса айни хорлик ва залолатнинг ўзидир.

Мутафаккир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олдига қўйганни емак – ҳайвоннинг иши, Оғзига келганни демак – нодоннинг иши” деганида ҳаром-ҳаришни фарқламай ҳалқумини тўлдирган ҳайвон табиатли инсон оғзига келганни валақлайдиган нодон билан теппа-тенг эканлигини таъкидлаган эдилар.

Сўз билан куфрини фош этган киши сўз билан иймонга киради. Сўзнинг булоғи – қалбдаги иймондир. Шу сингари, сукут ҳам кўп ҳолларда мусулмоннинг иймонини юзага чиқарувчи гўзал амаллардан биридир.

Мусулмоннинг айбини фош этиб, шарманда қилишдан сақланган одам айни шу сукути ила шарафланмоғи аниқ.

Бугун биз сўзларимиздан кўра сукутимиз офият келтирувчи замонда яшаяпмиз. Чунки жаҳолатимиздан янграган каломларимиз баъзи ҳолларда орифлар кўксига ханжардек санчилмоқда, фитна оташини алангалатиб, оёқларимизни ғафлат занжири ила боғламоқда. Гоҳида сукутни одат тутиш ила олам ишларининг сирларини кашф этиш мумкин.

Аллоҳим, бизни афв эт! Сўзларимиз сукутимиздан ўтиб кетди, биродарларимиз нуқсонларини, мусулмонларнинг айбларини дунёга достон этишда фаол бўлдик, бизни афв эт, Роббим!

Ҳиммат юзидан бир инсонни кечириб кета олмай шовқин солганимиздек бир ботил қошида ҳақни айтолмай соқов бўлдик, кечир бизни, Аллоҳим!

Сенга қуллик даъвосини қилиб, Сенга муносиб банда бўлмадик, айбимиздан ўт, Аллоҳим!

Бизга ҳидоят бер, хатолар, гуноҳлар чангалида қолдирма, хорлик ботқоғидан чиқар, Аллоҳим!

Бизга ҳақ сўз ва ҳикматли сукут ўринларини Ўзинг англат, Роббим!..

2020 йил, 13 май.