МУҲАММАД СОЛИҲ ҚЎШИҚЧИ ШОИРМИ?

МУҲАММАД СОЛИҲ ҚЎШИҚЧИ ШОИРМИ?
78 views
15 May 2020 - 7:19

2001 йил 12 апрел – машҳур қўшиқчи Шерали Жўраев туғилган кунида, одатдагидек, Луначарский марказига яқин маҳалладаги кенг-мўл ҳовлисида меҳмонларга дастурхон ёзади. Шоир дўстим Асқар Маҳкам билан зиёфатга бирга бордик. Асакадан ҳофизнинг мардона укаси Ҳалим ака ҳам ташриф буюрган экан; у дарвозахонада меҳмонлар орасидан Асқарни кўриб қолиб қуюқ сўрашади ва ўнг томондаги столлар атрофидан бўш жой топиб бизни жойлаштиради; ўзи ҳам бирпас гаплашиб ўтириб, узр сўраб дарвозахона томон кетади. Биз ўтирган жойдан тепароқда ишком остига микрофон ўрнатилган бўлиб, афтидан, даврани олиб боришга чоғланиб турган донгдор актёр Эркин Комилов қўлидаги қоғозларни жиддий кўздан кечирар экан, ёнида турган пўрим йигит билан паст товушда нималарнидир маслаҳатлашиб, бошини силкитиб маъқул ишорасини англатар эди.

Асқар Тошкентга келганидан бери Шерали ака билан яқин оға-инидек бўлиб қолган; Душанба яқинидаги Кофарниҳон бўйида жойлашган Жангалобод қишлоғида бўлган ўғилчаларининг суннат тўйида ҳофиз созандалари билан бориб астойдил хизмат қилган.

Ҳовли саҳни гулзор, ишком, мевали дарахтлар билан қопланган; столлар ҳам тўйхоналардаги каби тўртбурчак шаклида эмас, ишком ё дарахт остидаги бўш жой ҳажмига мос равишда, гулзор теварагида табиий ўрнатилган. Меҳмонлар эмин-эркин ўзаро суҳбатлашиб ўтиришарди. Қаердандир майин куй тараляпти.

Ҳарир дока ёпиб қўйилган дастурхон усти очилган; тўгарак стол атрофида ўтирган меҳмонлар ноз-неъматлардан эмин-эркин тановул қилиб, ўзаро гурунглашиб, димоғлари чоғ бўлиб ўтиришарди.

Ниҳоят, бошловчилик мақомида бўлган артист Эркин Комилов тўрга ўрнатилган одам бўйли микрофонга яқин бориб салом-аликни қисқа қилиб, бирдан авжни олади:
-Бугунги кечамиз сабабчиси бўлган дўстимиз Шерали Жўраевни тарифлаб ўтириш шарт эмас, фақат ўзбегимнинг севимли шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Солиҳ шеърларини куйга солиб айтган қўшиқлари аллақачон халқимиз қалбидан жой олганини айтиб ўтсак кифоядир. Тўғри, азиз номлари зикр этилган шоирларимиз халқ орасида гўзал шеърлари билан танилган, давраларда ашъорлари кўтаринки руҳда ифодали ўқилар, баралла декламация қилинар эди. Аммо Шерали Жўраев ижросида айтилган оҳанрабодек қўшиқ сатрлари юрак қўрғонимизни батамом забт этади. Машҳур шоирларимизни том маънода элга танитган ҳофимизнинг санъатига санъат, овозига овоз қўшилаверсин! Ҳозир устоз санъаткоримиз Орифхон Ҳотамовга навбат берамиз, у мумтоз навони ижро этиб берадилар…

Эркин Комилов қўлларини кўксига қўйиб орқага чекинади. Оқшом чўкиб қолган, сутранг чироқ ишком остини ғира-шира ёритиб турарди, холос. Қоронғиликдан қора кўйлак-шим кийган барваста йигит суянчиғи баланд стулни микрофон ёнига келтириб, микрофонни ҳам ижрочи ўтирадиган стулга мослаштириб беради; Орифхон Ҳотамов стулга ўтириб, танбурини созлаган бўлади, нохун билан торларини бир-бир чертиб кўради. Бирдан оғир “Муножот” куйини бошлайди; эзиб чалади, маза қилиб чалади.

Боя Эркин Комилов машҳур шоирлар қаторида Муҳаммад Солиҳ номини тилга олганда ёнимда ўтирган оғайним Асқар Маҳкам бошини сарак-сарак этиб қўяди; ён-веримизда ўтирган меҳмонлар Шерали Жўраев қадимда Муҳаммад Шайбоқхон замонида яшаб ўтган – “Шайбонийнома” достонини яратган шоир Муҳаммад Солиҳнинг бирорта ғазалига ҳам куй басталаб қўшиқ қилган бўлса керак, деб хаёлидан ўтказадими, билмадим, ҳартугул одамларда фавқулодда ўзгариш сезилмайди.

–Солиҳ аканинг қофиясиз шеърларидан бирортасини қўшиқ қилиб бўлар эканми! – деб заҳарханда қилади Асқар мен томон энгашиб.
–Куйканак Хонанда мухолифат лидерининг “Мунчалар қўрқасан ўлимдан” деган оқ шеърини “Андижон полкаси” куйига мослаштириб жанговар шарқия каби гумбурлатиб айтган экан, – дедим жўрттага.
–Ростданми? Эшитмаган эканман, Аллоҳ рози бўлсин.
Ярим ҳазил-ярим чин маъносида лоф аралаш айтган гапимга Асқар сал-пал ишонганидан илҳомланиб давом этаман:
–Никоҳ тўйларида ўша ашуласини Куйканак Ҳофиз такрор-такрор айтиб қолса, ширакайф куёвнавкарлар тўдалашиб ўртага чиқиб, ер тепиниб, чангитиб шунақаям рақсга тушадиларки, асти қўяверасиз!
–Ростданми? – дейди Асқар ишонқирамай. – Лоф қиляпсиз, шекилли.
–Э-э-э…
Бу орадан Орифхон Ҳотамов ўз чиқишини охирига етказади.
Қора кийинган йигит стулни нари суриб, микрофонни ҳам тўғрилаб қўяди.
Эркин Комилов нимқоронғи ишком остидан рўмолчаси билан гоҳ гарданини, гоҳ пешонасидан бодраб чиқаётган шода-шода терини артганча чиқиб келади; сутранг лампочка остига келиб тўхтайди, орқасига тисарилиб қора кийинган йигитни имлаб ёнига чақиради, пичирлашиб бир нималарни гаплашади.
–Қани, нима дер экан? – деб пичирлайди Асқар.
–Яна қовун туширса керак.
–Сценарий бўйича яшайдиган шоирга ҳам, артистга ҳам қийин.
Эркин Комилов рўмолчасини ғижимлаганча микрофонга яқинлашади.
–Боя номини тилга олишга ҳам одам қўрқадиган нобакор исм бехос оғиздан чиқиб кетибди, узр… – деди артист ҳазин оҳангда. – Аслида, тарихий Мингтепа номини тиклайман деб жон куйдириб юрган марҳаматлик шоир укамиз Муҳаммад Юсуф шеърларини ижро этган ўндан ортиқ ёш хонандалар юртбошимиз томонидан юксак унвонлар билан тақдирланди. Насиб этса, Шерали Жўраев ҳам Муҳаммаджоннинг халқона шеърларини албатта ижро этади… Эндиги навбат сўз устаси Тўлқин Тожиевга берилади, марҳамат!
Кўпдан буён кўринмай кетган жиккак сухандон микрофонни пасайтириб, бўйига мослаштириб олади.
Донгдор сухандон нима деганини одамлар ҳам, биз ҳам деярли эшитмадик; ҳамма бир-биридан: “Номини тилга олишга ҳам одам қўрқадиган нобакор ким ўзи?” деб сўрарди.
–Бен Ладен бўлса керак.
–Имомали Раҳмондир балки… Уни ёмонлаб Шерали сиёсий қўшиқ айтиб, Афросиёб студиясида хуфёна ёздириб қўйган экан, битта матчоҳ йигит уни Пешвои Миллат агентига юзминг долларга сотиб юборибди, билат буду!
–Ўзи ёмонланган ашулани қайси аҳмақ Пешвои Миллатга кўтариб борар экан? Боши кетади-ку!
–Туркманбоши ҳақида лутф қилиб қўйдимикан?
–Асқар Акаев демократ президент деб қовун туширган бўлиши ҳам мумкин.
–“Оталар сўзи…”нинг бошловчиси тўғрисида ҳам ошкора гапириб бўлмайди ҳозир.
–Руслан Чагаев Гулнора чангалидан қочиб кетгани ростми?
–Уни ебтўймас Гулнора нокаут қилибди-ку!
–Қиёмат яқин қолдимикан, нима бало…
Ғала-ғовур бошланади.
–Шер ака Муҳаммад Юсуфнинг бирорта шеърини ҳам қўшиқ қилмаган-ку, – деди Асқар ажабланиб. – Ёлғон гапиришни ҳам эплай олмади-я, шўринг қурғур!
–Қўрққанга қўша кўринади: “Номини тилга олишга ҳам одам қўрқади!” деб бекорга оғзидан гулламади! Атеист воизлар беш-олти йил давомида авомни “Шуаро” сурасида таърифланган Олабўжи тимсоли билан қўрқитиб-қўрқитиб, ахийри кўкрагига Горбачёв даврида энди шабада теккан мазлумларни қўрқоқ қавмга айлантирди-қўйди!– деб кулдим. – Академик театрнинг етакчи артисти бекорга довдирамаяпти ахир, акои Асқар!
–Э-э, кетдик! – деб юзига фотиҳа тортади Асқар ва биқинимга туртади. – Зиёфатнинг кулминатсион нуқтасини кўрдик, энди ўтиришнинг қизиғи қолмади.
Мен ҳам қўзғалдим.
Дарвозахонада на мезбон, на Ҳалим ака кўринди.
Катта кўчага чиққунимизча Асқар яқинда ёзиб тугатган шеърини ёдаки ўқиб кетди:

Кўҳна Урганч
аё сўнгаклар юрти
қатим-қатим хокинг бунча қаттиқдир
Бундан валийуллоҳ Нажмиддин ўтди…
Бутун бошли элдан қолди бир қабр…
Мен бу сўнгакларни тумордек тақиб
қўйсам турк боласин бешикларига
бул гўдак бир куни униб улғайиб
келармикан Урганч эшикларига…
Чаноқдек думалар ой кўк гўрида
тўкилар тўпроққа ўхшаш юлдузлар
шамоллар чийлайди бунда чўридай
нақшинкор ғишт гўё туналган қизлар…
кўмардим ит каби дунёда юриб
Урганчдек улуғвор Ватан қабрини
Ҳар сўнгак ҳар чаноқ қошида туриб
истадим Жоруллоҳ Замаҳшарийни…
Нидолар сачради қизиган қумдек
Эй Урганч нечоғли улуғдир қабринг
Қаёққа сингдилар ёмғир сувидек
фалакдан ёғилган авлиёларинг…

Набижон Боқий