Ўз билан қолмоқ

Ўз билан қолмоқ
100 views
15 May 2020 - 10:46

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

ЎЗ БИЛАН ҚОЛМОҚ
(Йигирма иккинчи кун)

Жамият қайнаб турган қозонга ўхшайди. Ёхуд тинимсиз оқаётган лойқа сувли бир дарёдир жамият. Инсон бу қозонда, бу дарёда бир он тиним билмайди, хотиржамлик ёки сокинликни топа олмайди. Узлуксиз сўзлашувлар, охири кўринмайдиган ахборотлар, одамларни жунбушга солувчи турфа ҳодисалар, қулоқни батанг қилувчи шовқин, бахтсизларнинг ўзини минг кўйга солиб кўрсатаётган ўйинлари, ташвишларнинг метин занжири кишининг вужудини эмас, руҳини толиқтиради, кирлантиради, оғирлаштиради.

Гиёҳванд қора дорисиз тоқат этолмаганидек, одам ҳам шу шовқинга ўрганади, усиз ўзини ҳимоясиз ҳис этади. Шунинг учун, кўпчилик ўзидаги зерикишни ёхуд бўшлиққа чўкиш даҳшатини йўқотиш учун мусиқани қулоғидан туширмайди, ҳамиша шов-шув гирдобига талпинади, бу гирдоб уни сархуш этиб, руҳидаги бетоқатлик ва изтиробни беркитиб ташлайди. Агар бу тўғри йўл бўлганида эди, одамларнинг аксари ўзини чўкаётган одамдек ҳис этмас эди, жазава намоён этиб, ўзларини тажовузкор тутмасдилар.

Ҳақиқат шуки, ҳаммамизнинг ҳаётимиздан сакинат олиб қўйилган ёхуд бизнинг ҳаловатимиз худди қуш каби қанот қоқиб узоқларга учиб кетган. Зотан, ҳаловат, сакинат инсон ўзи билан ёлғиз қолганида кашф этиладиган нарсадир.

Биз ўзимиз билан қолишни билмаймиз. Ҳеч биримизда бу кўникма шаклланмаган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз Каломида ва набиййимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳаётларида ўз билан қолмоқ сабоғини берганлар. Бу – эътикофдир. Бақара сурасининг 125-оятида Аллоҳ таоло: “Иброҳим билан Исмоилга: “Тавоф, эътикоф ва рукуъ, сажда қилувчилар учун Байтимни поклангиз!” – деб буюрдик”, – деган.

Эътикоф Каъба ёхуд масжидда рўзадор ҳолда дунё ишларидан узилиб, ибодатда, тафаккурда бўлишдир. Бу амал Иброҳим ва Исмоил алайҳумассаломларнинг суннати эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Рамазоннинг сўнгги ўн кунида эътикофда бўлардилар.

Сўфийлар “чилла” деб номлаган амал айнан эътикофнинг негизида пайдо бўлган.

Бу бежиз эмас. Эътикоф инсон руҳининг эҳтиёжи, покланиш, таскин топиш, умидворликка эришиш, ўзни англаш, таслимият келтириш жараёнидир.

Бу нарсани баён этишдан мурод Сизни эътикофга даъват этиш эмас, зотан, у ҳар бир мўминнинг суннати Набавийга муҳаббати ва руҳоний эҳтиёжи ила содир бўлади. Оламнинг маст этувчи шовқини ва кўраётган ҳамма нарсаси туш каби эканлигини туймаганлар ўн йил зиндонда ёлғиз қолсалар, бу ёлғизлик моҳиятидаги сирни, сакинатни кашф этолмайдилар.

Айтмоқчи бўлганимиз шуки, тинглаётганинг оҳанглар, кўраётганингиз сувратлар, ичида яшаётганингиз ҳодисаларнинг катта қисми Сизнинг кучли диққатингизга, баҳслашишингизга, ҳукм беришингизга арзимайди.

Аллоҳим, биз Сени унутдик, дунё шовқини ичида исмингни қичқириб айтсак-да, руҳимиз, қалбимизга бу етиб бормади. Чунки биз ғофил эдик…

Роббим, бизни ғафлатдан уйғот, Ўзингни танит, пешонамизни сажда етказ, саждаларимизни эҳсонга айлантир! Ҳар нафас зикринг ила руҳимизга нур, қалбимизга сакинат тушир!..

Бизни адаштирма, Роббим!.. Ҳидоятингда қил!..

2020 йил, 15 май.