Субут ва сабот

Субут ва сабот
71 views
16 May 2020 - 10:17

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ


СУБУТ ВА САБОТ
(Йигирма учинчи кун)


Дорбознинг белидан боғлаб қўйишади. У дорга чиқишдан олдин обдон машқ қилади. Унинг арқон устида шахдам қадам ташлаши ҳам жасорат, ҳам машаққатли тайёргарлик мевасидир. Умрида дорга чиқмаган инсон илк марта арқон устида юриши нақадар мушкул ва қўрқинчли бўлса, ҳаётда бир субут эгаси бўлиб яшамоқ шу қадар қийиндир. Зотан, субут инсондан катта жасорат, ёниқ қалб, Ҳаққа муҳаббат ва, тақозо қилинганда, ўлимга тик боришни талаб этадиган хислатлардан биридир. Дорбознинг дорда юриши арқоннинг охиригача бўлса, субутли яшашнинг шарти то умрнинг сўнгигача ҳақ устида собит туришдан иборатдир.
Дордан ерга бир йиқилганнинг соғ қолиши гумон ва унинг қайта бу жойга кўтарилмоғи шубҳали, ҳақ йўлда субутли бўлмаганнинг ҳам бу йўлга қайтиб кириши, шарафланиши ундан ҳам шубҳалироқдир.
Айтган сўзини адо этмаслик, айтганининг терсини гапирмоқ, сўзи ва ишини бир жойга жамламаслик субутсизликдир.
Ҳар сўзни сўз деб айтмаслик, сўзи учун жони билан собит турмоқ ва ўтмишидаги хатони англаб, солим йўлга дадил юзланмоқ субутнинг намойиш бўлишидир.
Субут бир хислат, гўзал фазилатдир. У мўминнинг иймонини зийнатлайди, мақомини оширади, ҳаётини нурлантиради.
Сабот – субутнинг юзага чиқмоғидир. Сабот инсондан матонатни, сабрни сўрайди. Сабот оғриқлар ва изтироблар, йиғи ва фарёдлар қўлида туғилади. Ҳар ким субутли бўлмоғи мумкиндир, саботли бўлмоғи маҳол. Синовлар субутни синдириши, саботни ҳалок этмоғи мумкин.
Сабот эгаси собит кишидир. Аммо ҳамиша ҳам субут ва сабот яхшилик устуни бўлиши мумкин эмас. Собитлик доимо юксак мақомдан дарак бермаслиги мумкин. Гоҳо шайтон йўлида ҳам “собит”лар учрайди. Гоҳида ёмонлик қилишда “субутли”ларга юзлашамиз. Баъзан гуноҳдан қайтмай, “сабот” кўрсатаётганларга шоҳидмиз.
Улар ҳеч қандай мақтовга, ҳеч қандай олқиш ва ҳайратга лойиқ эмаслар.
Узлуксиз адоват, муттасил нафрат, давомли маккорлик, ўлмайдиган ҳасад, исёнкор кибр, ҳақнинг инкори ила умр кечирмоқ зинҳор “сабот”, “субут” ёхуд “собитлик” деб аталмагай, у офат келтирувчи кайсарлик, шайтоний бир ўжарлик, холос.
Бу иккининг орасидаги фарқни иймон ила ҳосил бўлган ҳикмат, тоза фитрат ва холис дуоларнинг ижобати кўрсатиб бериши мумкин.
Аллоҳим, бизга ҳақни кўрсат ва ҳаққа эргаштир!
Аллоҳим, бизга ботилни кўрсат ва ботилдан четлаштир!
Роббимиз, бизни ҳақ йўлингда собит қил ва субутсизликда шарманда этма! Саботимизни синдирувчи синовлар ила бизни синама!.. Биз ожизмиз…
Бизга раҳм қил, Аллоҳим!..

2020 йил, 16 май.