Ҳақ ва халқ орасида

Ҳақ ва халқ орасида
89 views
18 May 2020 - 15:02

ҲАҚ ВА ХАЛҚ ОРАСИДА

Ҳақни сўйладим мен золим юзига,
Аммо халқ деганда тилим тутилди –
Тикка қараб туриб халқнинг кўзига,
Ҳақни сўйламадим, андиша қилдим.

Майдонда жаҳолат жўш урар экан,
“Халқнингмас, бу менинг иллатим”, дедим.
Ўртада топ-тоза Ҳақ турар экан,
Мен Халқни танладим, “миллатим!”, дедим.

Мана, қалам гулдай қурир қўлимда,
Умрим кечди халқ-ла муроса билан:
Мен нима қиламан энди йўлимда
Харсангдек ётган бу хулоса билан?

2020

Муҳаммад Солиҳ