Аҳмад Заки Валидий

Аҳмад Заки Валидий
230 views
30 May 2020 - 12:32

АҲМАД ЗАКИ ВАЛИДИЙ

ВАЛИДИЙ (тахаллуси; асл исми Аҳмат-заки Аҳметшахович Валидов; муҳожирликда — Аҳмад Закий Валидий Тўғон) (1890.10.12, Уфа губерняси, Бошқирдистон — 1970. 26. 7, Истанбул, Туркия) — туркий халқлар миллий озодлик ҳаракатининг етакчиларидан бири, шарқшунос-туркшунос олим, фалсафа доктори (1930).

Қозон шаҳар Қосимия мадрасасида таҳсил кўрган (1908—12), шу ерда туркий халқлар тарихи ва адабиётидан дарс берган (1910—13). «Турк ва татар тарихи» (1912, Қозон ш.) китоби билан машҳур бўлган. Қозон ун-ти тарих, археология ва эти. жамияти йўлланмаси билан Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш учун Фарғона водийсида (1913), Россия ФА Марказий Осиё ва Узоқ Шарқни тадқиқ этиш халқаро жамияти йўлланмаси билан Бухоро амирлигида (1914) яшади.

Туркистон ва Волгабўйи туркий халқлари тарихи, турмуш тарзи ва маданияти устида илмий ишлар олиб борди. Туркистонда Беҳбудий, Мунавварқори, Чўлпон, Мустафо Чўқай, Назир Тўра-қулов ва б. арбоблар билан танишди.

Санкт-Петербургда давлат думаси мусулмон фракцияси аъзоси (1915).

1917 й. апр. да Тошкентга келиб, ўлкадаги сиёсий жараёнларда қатнашди. Бутун Туркистон мусулмонлари 1-қурултойида (1917 й. 16—23 апр.) тузилган Туркистон ўлкаси мусулмон шўроси бош котиби, унинг органи «Кенгаш» газ. му-ҳаррири. Ўлка халқлари мухторият ҳаракатида фаол иштирок этиб, туркий эл-элатларнинг бирлиги ва мустақиллиги ғоясини изчил ҳимоя қилди.

Тошкент ш. думасининг депутати (1917). 1917 йил охиридан Бошқирдистон мухторияти ва миллий ҳаракати раҳбарларидан бири, ҳукумат бошлиғи ва ҳарбий нозири.

Мухторият ҳуқуқи чеклаб қўйилгач, шўролар ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан воз кечди. 1920 й. Бухорога келди ва истиқлолчи гуруҳларга сиёсий раҳбарлик қилувчи марказ тузиш мақсадида Бухоро ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаев ва б. билан музокара юритди.

Миллий бирлик конгрессида (1921 й. авг., Бухоро ш.) Ўрта Осиё миллий мусулмон жамиятлари федерацияси (кейинчалик «Туркистон миллий бирлиги» деб аталган) ташкил этилиб, Валидий унга раис қилиб сайланди, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий жипслашуви учун курашди, қизил аскарларга қарши жангларда қатнашди.

1923 й. фев. дан — хорижда. Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркияда ва Европа мамлакатларида илмий фаолият билан шуғулланди.

Истанбул, Бонн, Гёттинген университетларида туркий халқлар тарихидан дарс берди. Илмий асарлари турк, немис, француз, рус ва бошқа тилларга таржима этилиб, нашр қилинди.

Булардан муҳимлари: «Туркий халқлар тарихига кириш», «Ўрта Осиё тарихининг ислом даври», «Туркистон», «Туркийлар шажараси», «Темурнинг ғарбга юришлари», «Темур авлодлари», «Бугунги турк эли Туркистон ва яқин тарихи», «Шаркда шўролар сиёсати», «Туркистоннинг истиқлол ҳаракатига қарши», «Берунийнинг дунёқараши», «Алишер Навоий», «Шайбонийхон шеърияти», «Тарихда турклар ва форслар», «Хотиралар» ва б.

Қаҳрамон Ражабов, Ренат Шигабиддинов.

facebook.com