Ўзбекистон қарзга ботмоқда

Ўзбекистон қарзга ботмоқда
144 views
10 June 2020 - 21:12

ББС Ўзбек радиосининг хабар беришича, Америкада жойлашган S&P Global Ratings халқаро рейтинг компанияси Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи қарзлари кутилганидан юқори даражада ортиб бораётганини маълум қилган.

5 июнь куни эълон қилинган ҳисоботда компания Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «BB-» даражада сақлаб қолган, аммо мамлакат кредит рейтинги кутилмасини «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирган.

S&P Global Ratings буни Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус пандемиясига боғлиқ сарф-харажатлар важи асосида ташқи ва фискал қарзларни кўпайтириб юборгани ва қарз олиш суръати, камида, келгуси 12 ой мобайнида ортиб бориши билан изоҳлаган.

Компания ҳисоботини тақриз қилган Telegram’даги MacroBS каналининг ёзишича, жорий йил охирига келиб Ўзбекистоннинг ликвид ташқи активлари (экспорт тушумлари, пул ўтказмалари, Марказий банк ҳисобидаги олтин валюта захиралари ) унинг ялпи ташқи қарзини қоплашга етмай қолиши мумкинлиги туфайли ҳам мамлакатнинг кредит рейтинги кутилмаси «салбий» дея баҳоланган.

Манба: bbc.com/uzbek