РАҲБАРЛАР КИТОБ ЎҚИШАДИ…МИ?!

РАҲБАРЛАР КИТОБ ЎҚИШАДИ…МИ?!
109 views
12 June 2020 - 8:33

Бугун “Насафневс” блоггерининг “Муборакликлар китоб ўқишмайдими? Туман ахборот кутубхона марказининг китоблари ерда чанг босиб ётибди” деб номланган кенг сарлавҳали танқидий мақоласи билан танишдим. Ҳақли савол қўйишибди. Ахир 12 000 та китоб бир мактабнинг кичик хонасида чанг босиб тағин ерда ётадию ҳаёлингизга бошқача савол келиши мумкинм?! Ҳа, баракалла!Менинг тилимга-да худди шу – Сиз айтган ёлғиз сўз келди: ЙЎҚ.

Эсингизда бўлса Қашқадарё вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг Деҳқонободлик раҳбарларга ўзи туғилган қишлоқларида кутубхона қуриб беришларини сўраб мурожаат қилганлиги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Очиқ гапираман, кечагина одамларни “сувга сакратган” ҳокимнинг бу ташаббусини омма ижобий қабул қилган эди. Шу жумладан камина Зоир Мирзаевга ижтимоий тармоқда “Очиқ хат” билан мурожаат йўллаган эдим. Мурожаатимни “Насафневс” блоггери Дилшод Набиев эълон қилгач эртаси куниёқ Муборак туманининг собиқ ҳокими Ғайрат Жовлиев, Муборак туманининг собиқ прокурори Рустам Норчаев, Муборак туманининг собиқ ИИБ бошлиғи Тўлқин Ҳайитовлар қишлоқ оқсоқоллари билан уйимга келиб мурожаатимни муҳокама қилишганди. Ўшанда собиқ ҳоким Ғайрат ака “Сени мурожаатинг вилоят ҳокимига етиб борибди. Шунга мени уйингга юборди. Мен сенга кутубхона қуришинг учун моддий ва амалий ёрдам бераман. Ўз ҳисобимдан 5 000 000 (беш миллион) сўмлик китоб сотиб олиб бераман. Хоҳласанг, китобларни бирга танлаймиз. Вилоят ҳокими ҳам кутубхона тайёр бўлса 3000-4000 та китоб юбормоқчи” деган эди. Шундан сўнг камина раҳбарларимиз ваъдасини икки ой кутдим. Икки ойдан сўнг ҳокимга қўнғироқ қилиб ваъдасини эслатдим.

Ҳоким “Сайлов ўтсин. Ҳозир вақтим зиқ. Кейин тадбиркорларга айтаман улар ҳам ихтиёрий ёрдам бериши керак” дегач, ўша тадбиркорларга сайловда овоз бериб юборибман денг. Сайлов ҳам ўтди, кейин янги йил, кейин “Баҳорга чиқиб олишимиз” кераклиги айтилди. Шу орада бир-неча марта ҳокимиятга бориб ҳокимни тополмадим. Қўнғироқ қилиб тушолмадим. Кейин билсам собиқ ҳоким Ғайрат ака пойтахтга даволанишга кетган экан. Ана кейин баҳор билан коронавирус юртимизга ташриф қилди. Карантин вақтида мубораклик икки шифокор тўй қилганлиги муносабати билан (балки бошқа сабабдандир) ҳоким Ғайрат Жовлиев истеъфога чиқарилди. Умидлар интиҳода ўлади… Қайси асардан эди? Ҳа майли, чалғимайлик! Мен ҳам (ишни кўзини билмайманми) “Мана бўлмасам!” дея кутубхона қурамиз деб ажратган еримга картошка экиб юбордим! Мен бу мақолам билан ҳеч кимдан ҳеч нима талаб қилмоқчи эмасман. Аслида, талаб қилишга ҳар биримиз ҳақлимиз. Чунки президент қарори бор. Чунки қишлоқда 8 та катта мактаб ва уларда минглаб ўқувчилар ўқишади. Чунки Қарлуқ туманда ва вилоятда энг аҳолиси кўп бўлган қишлоқлардан бири саналади. Чунки ўзимда ҳам айнан кутубхона очаман деб сотиб олган озроқ бўлса-да янги қурилиш материалларим бор. Чунки мурожаатимдан кейин ижтимоий тармоқда ўнлаб зиёлилар мени қўллаб-қувватлашганди. Улар ҳам кутубхона битгач “моробўлсин”га баҳоли қудрат китоблар совға қилиб кетишмоқчи эди. Чунки мактаб кутубхоналарида каминада бор китоблар ЙЎҚ! Кутубхона қуриладиган бўлса китоблар бепул берилар, хизматим эвазига маош эмас балки, ХАЛҚ ДУОСИни олишни истардим. Аслида кутубхонадан фақат маънавий манфаат олиш мумкин. Ҳартугул умрида “Ўткан кунлар”дан бошқа китобни номини билмаганлар гап-сўз қилишидан истиҳола қилмаймиз. Атторнинг дўконимидики кутубхона очиб бойиб кетсам!? Дарвоқе, ҳовлида бўш ерлар кўп бўлса картошка экишни унутманг!

Раҳмиддин АБРАЕВ, “Дўрмон” республика ёш ижодкорлар сменари қатнашчиси, шоир.