ЮРАГИМДА БИР АРМОН БОР ЖУДА ОҒРИҚЛИ…

ЮРАГИМДА БИР АРМОН БОР ЖУДА ОҒРИҚЛИ…
83 views
16 June 2020 - 10:29

(Бугун дунёда “оталар куни” экан)

Диктатор Ислом Каримов ўз сиёсатини олқишламаган инсонларга нисбатан жуда разиллик қилди. Унинг даврида жуда кўп ҳур фикрли инсонлар таъқибга учрадилар.

2005 йилнинг охирида мен ҳам Ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Ортимдан суюкли умр йўлдошим ва кетма кет улғайиб келаётган 5 фарзандим кўзларида ёш билан кузатиб қўйдилар…

Мана орадан 15 йил ўтди, болалар ўсди, улғайди. Ҳаммалари тўйларида отасиз турмуш қуришди. Кейин бобосини кўрмаган неваралар туғила бошлади…

И.Каримов қанча мурожаатларимга қарамай, ўз Ватанимга қайтишимга, оилам билан бирга яшашимга сира йўл бермади.

Шавкат Мирзиёевга ҳам мурожаат қилдим. Ташқи ишлар вазирлигидан: “И.Каримов сизни фуқароликдан чиқарган, Канада фуқаролигини олиб, уйингизга келаверинг”, деган жавоб келди. Ўн уч йилдан бери Канада фуқаролигини олмай юрган эдим, болаларимни жуда соғинганим туфайли энди олдим ва 2019 йилнинг апрелида Тошкентга учдим. Аммо Тошкент аэропортидан орқага қайтаришди, Мирзиёевнинг фармонларини “бир тийинга қиммат” дейишди…

Шу йилнинг февраль ойи охирида болаларим ва бошқа жигарларим билан учрашиш учун Қирғизистонга бордим. Буни қарангки, разилликнинг чагараси йўқ экан. Тошкент Бишкекка мен тўғримда “ориентировка” жўнатибди. Бишкек аэропортида 6 соат “разборка” бўлди. Бу ишга Канаданинг Қирғизистондаги консуллиги, бир қанча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг вакиллари ва дўстларимиз аралашди. Кейин 2 ҳафтага рухсат қилишди…

Хуллас мен 15 йиллик айрилиқдан сўнг қизларим, невараларим ва бир қисм яқин қариндошларим билан Ўш шаҳрида учрашишга мушарраф бўлдим. Бу учрашувга ўз ҳиссасини қўшган Қирғизистонлик барча дўстларимга, халқаро ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Айниқса дўстим, ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилла Раҳматуллаевга алоҳида ташаккурларим бўлсин.

Шу ўринда Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёвга айтадиган бир гапим бор: “Жаноб президент, сиз Адолат тўғрисида жуда кўп гапирасиз. Аммо сиз устозингиз И.Каримов томонидан ноҳақ қувғин қилинганлар, ноҳақ жазоларга тортилганлар ва уларнинг оилаларига нисбатан умуман адолат қилмаяпсиз. Аксинча бу таъқибларни ҳанузгача давом эттиряпсиз. Тўхтатинг бу разолатни…”.

Насрулло Саййид