ОТМга «дилизҳорлар»им ва абитурентларга текин маслаҳат

ОТМга «дилизҳорлар»им ва абитурентларга текин маслаҳат
142 views
17 June 2020 - 19:26

Олийгоҳга киргунимча қатнамаган курсларим, ёдламаган атамалару саналарим қолмади. Дарсликлар деярли шеърдек ҳар саҳифасигача хотирамга муҳрланди. Ўқишга кираман деб қорачиқларим торайиш хусусиятини йўқотди. Қоғозларга кўп тикилавериб, мактаб даврим ҳам, колеж даврим ҳам “ачкарик” лақаби билан ўтди. Биринчи йили арзимаган балл етмай тил-адабиёт унверситетидан йиқлдим. Ҳафсалам пир бўлгач, бошқа тайёргарлик кўрмасдан қўлимдан нима иш келса қилиб юравердим. Иккинчи йили таваккаллига танга ташлаб ҳозир ўқиётган факультетимга топширдим. Имтиҳон кунлари яқин қолгач, ухламасдан драматургия ва театр соҳасига оид дарсликларни топиб ўқиб чиқдим. Грантни мўлжаллагандим. Лекин ўзимга ишончим йўқ эди, билимим етарли эмас ҳисоблардим.

Имтиҳонлар тугади. Афсуски, биздан олғирроқлар бор экан. Қарорга кўра, 12 та талаба қабул қилиниши керак, мен эса жавоблар варақасида 13-ўринда турардим. Яна ҳафсалам пир бўлди, эссиз шунча вақтим! Аллақачон четга суриш керак экан деб, кеч бўлса-да кетишга тадоригимни кўра бошладим. Лекин кафедра мудирининг ахборотига кўра, бизнинг курсга қўшимча квоталар ажратилибди ва мен ҳам ўқийдиган бўлдим. Шукур!

Ўқиш бошланди. Деканатга учрадим, агар суперконтракт бўлсам ўқимайман, дедим. У оддий контрактсан, студент, дея ҳитобланди ва ҳурсанд бўлиб оиламга хабар бердим. Оиламдагилар ўзинг тўлаб ўқийвер, дея қаршилик билдиришди контрактда ўқишимга. Чунки абитурентликда роса қонларини ичганман, ўзлари емай-ичмай бор-будиларни тайёргарлик кўришимга сарфлашганди. Қарорим қатъий, нима қилиб бўлса ҳам шу олийгоҳни тамомлайман, деб аҳд қилдим.

Ноябргача турар жойга ёлчимадим. Институт ётоқхонасига олдиндан тўлов қилиш керакмиш, йўқса кўчада қоп кетсам ҳам уларга фарқи йўқ экан. Тушликкача ўқиб, тушликдан сўнг ўзимга иш топдим. Гоҳ нашрётларда курерлик қилдим, гоҳ мардикор бозорига қатнадим. Бир кун у танишимникида, бир кун бу танишимникида тунайдиган бўлдим. Ишхонамда полда ётган пайтларим ҳам бўлдим. Шу йўсин кўп дарс қолдиришга мажбур бўлдим. Журналда энг кўп “NB”лар менда эди. Маърузаларни-ку айтмай қўя қолай, бир ой суҳандонликни ўрганиб олсам, аниқ ўша профессорлардан минг карра жўялироқ дарс ўтишим мумкин!

Пичоқ бориб суякка етди. Деканга бориб арзиҳол қилдим. Ётоқхонада жой йўқмиш, фақат биттагина “люкс”дан жой ажратишди. Тўлови икки барабар қиммат бўлса ҳам, ойма-ой тўлаб бориш шарти билан, кўчиб ўтдим. Тўртинчи курслар билан бир хонага тушдим ва бундай ҳолатда биринчи курснинг ҳоли нима кечишини ётоқхонада турганлар яхши билишади. Кўчада қолгандан кўра ҳарна, чидадим. Ётоқхона тартиб-қоидалари-ку алоҳида мавзу, уни очиқлайдиган бўлсам, “казёл”га чиқариб юборишади. Ҳай майли, муҳими энди дарс қолдирмайдиган бўлдим.

Токи қўлимга контракт шартномамни олмагунимча ҳаммаси жой-жойида кетаётганди. Қарабсизки, супперконтрактнинг нархи. Жахлим чиқиб, яна деканатга учрадим. Иложи йўқмиш. Қоидаси шунақа экан. Ўқишни ташлаб кетардим-у, аллақачон ярим йил ўқиб қўйганман. Курсдошларимга ҳам анча ўрганиб қолгандим. Яна қўшимча иш топдим. Белгиланган муддатгача улгурсам керак, деб таҳмин қилдим ва тунни кунга улаб газета-журналларда ишлай бошладим. Аммо топганим ижараю еб-ичишдан ортмади. Худо пошшо, жимгина ўқийвердим.

Тўлов муддати тугашига бир неча кун қолганди. Ҳайронман, ҳайдалиб кетсам-а?! Лекин ундай бўлмадим. Омадим келиб саҳий инсонларга йўлиқдим. Кимлигини айтиб ўтирмадим, ижод орқали танишган яқин инсонларимдан бири беминнат ярим йиллик контрактимни тўлашга ёрдам қилди. Шукур, яна ўқишни давом эттирдим!

Оралиқ якунийлар бошланди. Унгача ҳаммаси жойида кетаётганди. Деярли ҳамма ўқитувчилар “NB”ларим кўплиги сабаб фан имтиҳонларига киритмади. Бир дунё конспектлар, мустақил ишлар ёзиб топширсамгина якуний ишларимни қабул қилишармиш. Уларни ҳижжалаб ёзиб ўтиришга ортиқча вақтим йўқ эди, қолган ярим йиллик контрактимни тўлаш учун яна ишлашда давом этаётгандим. Афсуски, қайта топширишга қолдим. Нақд саккизта фандан! Бир аммалларман, дея жиддийроқ киришмадим. Ишдан ортмадим. Огоҳлатириш хати эса қайта топшириш муддати тугагач қўлимга етиб келди. Қонун бўйича учта фандан кўп қайта топширишга қолган талаба ўз-ўзидан курсдан курсга қолдирилар экан. Яна биринчи курсдан ўқишимни айтишди. Ректоргача мурожаат қилдим, бари бефойда кетди. Орага таниш-блишларни солдим, ўхшамади. Ҳал қиладиган даражада каттакон танишим йўқ экан.

Ҳар куни декан хонасида мўлтираб ўтирадиган бўлдим. Ахийри, ҳамма фанлардан баҳо қўйдириб олишим учун бир кунгина мухлат ололдим, холос. Айнан ўша кун 16-мартга тўғри келди ва талабаларга таътил эълон қилинди. Карантин бўлишига қарамай инстиутга қатнайвердим, “хвостларим”ни ёпиш учун. Аммо ҳамма фанларни ёпа олмадим. Ўқтиувчилар ҳам вирусдан қўрқиб, меҳнат таътили олишга улгурган экан. Бу вақт оралиғида вилоятимга кетишнинг имкони бўлмади, йўллар ёпилди. На илож, бир аммаллаб Тошкентда икки ой карантинни ўтказдим.

Онлайн тизим бошланди, бу-ку ишлашга анча қулай бўлди. Лекин дарсларнинг бу тарзда олиб борилиши бачканаликнинг энг юқори чўққисига чиқди. Мени-ку онлайн дарслар рўйхатига киритишмади, орлиқ якунийларимни ёпмаганим учун. Кейинроқ билсам, аллақачон журналдан ҳам чиқариб юборишган экан. Бир неча бор курс рахбаримга, декан ўринбосарига мурожаат қилдим. Лекин аниқ жавоб беришмади. Ўқишдан четлатилдимми, ёки яна биринчи курсдан ўқийманми, дангалини айтишмади. Қолган контарктимни сўрашмадиям, муддати эса тугаб бўлганди.

Кеча хабар топдим. Курсдан қолдирилганим тўғрисида “приказ” чиқиб бўлган экан. Жуда ғалати, ўзи биринчи курс бўлсам, қандай қилиб ундан қуйироқ курсга қолишим мумкин? Тупурдим, ўша қонун-қоидасигаям!

Хуллас, бу ҳақда ҳали оиламдагиларга айтганимча йўқ. Агар айтгудек бўлсам шу заҳоти олий маълумотли бўлишдан умидимни узсам ҳам бўлади. Ё чет элга ишлашга жўнатиб юборишади, ёки уйлантириб қўйишади. Энди батамом ҳафсалам қолмади, ҳужжатларимни институтдан олиб кетмоқчиман. Тағин билмадим, олий таълим тизимининг бўлгани шу бўлса, яна биринчи курсдан ўқишни чуқурроқ ўйлаб кўришим керак.

Агар сиз ҳам абитурент бўлсангиз кенгроқ фикрланг! Ўзбекистондаги ҳеч бир олийгоҳдан билим ололмайсиз, умригиз беҳуда ўтиб кетади. Тизим расво! Чиндан ўқиб-ўрганиб зиёли бўлишни истасангиз, ҳалиям кеч эмас, чет элдаги бирор соҳангизга оид олийгоҳга топширинг. Ёки бирорта сиртқи бўлимга кириб, ҳамма фанни мустақил ўзлаштирганингиз маъқул. Шахсан мен аҳволини кўриб-билган ЎзДСМИни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ҳаётингиз ҳали олдинда, умрингизни чаласаводлар кемириб ташлашига йўл қўйманг! Балки ушбу ёзганларимни ўқиб, қисқа қилиб курсдан қолдиришди, десанг ўлармидинг, дерсиз, лекин ичимдагиларни бўшатиб олишим керак эди-да.

Онлайн дарслар сабаб асаблари тамом бўлган бечора курсдошларимга раҳмим келяпти. Мен эса ўзи оилам бағрида, шоир А.Маҳкамнинг “Ватан – аждоди ҳақ, авлоди хоин, / Ватан – тишланган нон, ташланган увоқ.” каби шеърларини ўқиб, карантинни фойдали машғулотлар билан ўтказяпман.

Менга ишонч билдирган, билим берган абитуренликдаги ўқитувчиларимдан, контрактимни тўлашга ёрдам берган яқин инсонларимдан ва олийгоҳлардаги ҳалол устозлардан узр сўрайман!

Муҳаммадсиддиқ Алижонов